[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

13.12.2019. Дониёр Ҳамидов 2016 йилда Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги мелиоратив экспедиция­­си «СБК-Аччиқкўл» зовур мелиоратив тизими Бувайда бўлимига бош муҳандис лавозимига ишга қабул қилинганда, очиғи, воқеалар бунчалик тезкор тус олади, деб сира ўйламаган эди. У учун жорий йил «лавозимлар йили»га айланди. Дастлаб апрель ­ойида бўлим бошлиғи, май ойи­­да етакчи муҳандис мелиоратор, икки ойдан сўнг вақтинчалик техник оператор лавозимига ўтказилди.

Бироқ… Иш берувчининг шу йил 6 авгус­тдаги буйруғига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддасининг 2-қисми 2- ва 4-бандига асосан бекор қилинди. Бундан норози бўлган Дониёр Ҳамидов Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилди.
Ўрганишлар давомида иш берувчининг шу йил 6 август­даги Дониёр Ҳамидов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи амалдаги меҳнат қонунчилигига зид экани аниқланди.
Хусусан, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда қайси асосга кўра ишдан бўшатилгани кўрсатилмаган. Ваҳоланки, 15 май куни ўтказилган аттестация натижаларига кўра, Дониёр Ҳамидов эгаллаб турган Бувайда тумани бўлими бошлиғи лавозимига лойиқ деб топилган-ку!
Бундан ташқари, бош­қарма ҳузуридаги мелиоратив экспедиция­сининг 2017-2019 йилларга мўлжалланган амалдаги жамоа шартномасининг 3-4-банди меҳнат шартномаси иш берувчи ташаббуси билан бекор қилинганда, олдиндан касаба уюшма қўмитаси розилигини олиш назарда тутилгани ҳам инобатга олинмаган.
Энди буёғини эшитинг: Иш берувчи 2 август куни Дониёр Ҳамидов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик сўраб, касаба уюшма қўмитасига тақдимнома киритган. Ушбу тақдимнома 6 август куни касаба уюшма қўмитасининг йиғилишида кўриб чиқилган. Лекин Дониёр Ҳамидов ушбу йиғилишга таклиф этилмаган. Ваҳоланки, қонунчиликка мувофиқ ходим йиғилиш ўтказиладиган сана ва жой ҳақида олдиндан ёзма ­шаклда (тилхат билан топшириш ёки ­почта орқали юбориш йўли билан) хабардор қилиниши шарт эди.
Қолаверса, Дониёр Ҳамидовнинг меҳнат дафтарчасига киритилиши лозим бўлган Бувайда туман бўлими бош­лиғи лавозимида ишлаган даври тўғрисида ёзув киритилмаган. Аксинча, меҳнат дафтарчасига вақтинчалик техник мелиоратор лавозимига ўтказилгани қайд этилган холос. Бу эса Адлия вазирлигидан 1998 йил 29 январь 402-сон билан рўйхатга олинган «Меҳнат дафтарчалари юритиш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома талабларига зиддир.
Шу боис, Дониёр Ҳамидовни ишга тиклаш ҳамда мажбуран бекор юрган даври учун иш ҳақини ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритилди.
Суд қарорига асосан Дониёр Ҳамидов ўз иш жойига тикланди. Иш ҳақи ва мажбурий бекор юрган даври учун 2 млн. 278 минг 789 сўм ундириб берилди.

Авазхон Тўрахўжаев
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими
юристконсульти