[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.12.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусидаги Республика Давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, Марказий банк, Бош прокуратура, Савдо-саноат палатаси, Иш берувчилар Конфедерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар ҳамда касаба уюшмалари Федерациясининг аъзо ташкилотлари ва ҳудудий бирлашмалари мутасаддилари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда барча соҳаларда бирдек инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган тизимли ислоҳотлар олиб борилаётгани, бунинг натижасида  ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳам кўплаб муҳим ўзгаришлар рўй бераётгани алоҳида таъкидланди. Айниқса, аҳолининг реал пул даромадларини ва харид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сонини ва аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш, бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар ҳажмини инфляция суръатларидан юқори миқдорда изчил ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун шароитлар яратиш, ишга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур жараёнларда Ўзбекистон касаба уюшмалари давлат ва иш берувчилар билан ижтимоий шериклик асосида турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда.Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда Жамоа шартномалари ва келишувларнинг ижтимоий таркиби кучайтирилмоқда. Хусусан,  бугунги кунда жамоа шартномалари ва  келишувларига давр талабидан келиб чиққан ҳолда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, устамалар, қўшимча тўловлар ва компенсация тарзидаги тўловларни ўрнатиш тартибини белгилаш, ходимлар учун ҳар йилги узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар беришга оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритилган. Бундан ташқари, мазкур локал ҳужжатлар орқали ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан болаларни соғломлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу меъёр ва имтиёзлар ўз навбатида ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.

Бугун Жамоа-шартномавий ҳужжатлар воситасида ижтимоий меҳнат муносабатлари соҳасидаги энг долзарб масалалар ҳал этилмоқда. Жумладан, ходимларнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига биноан тўла бандлигини таъминлаш, аёллар ва ёшлар учун имтиёзлар тизимини жорий этиш, янги иш ўринларини барпо этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш чоғида қонун меъёрларига риоя қилиниши масалалари ҳал этилмоқда. Шунингдек, меҳнат ҳавфсизлиги даражасини юксалтириш, иш жойларининг санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш, маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, зарарли меҳнат шароитлари учун имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада, бугунги кунда амал қилаётган 14 та ҳудудий келишувлар, 107 та тармоқ келишувлари, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда амал қилаётган 158  мингдан ортиқ жамоа шартномалари меҳнат муносабатларини самарали тартибга солишга, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, ходимлар учун кўплаб имтиёз ва кафолатлар яратиб беришга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Давра суҳбатига тайёргарлик кўриш жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳарида ҳам ушбу мавзуга бағишланган ҳудудий давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда кўтарилган муаммо ва масалаларнинг катта қисмига жойларнинг ўзида ечим топилди ва ижобий ҳал этилишига эришилди. Республика миқёсидаги ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар эса касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мазкур Республика миқёсидаги Давра суҳбати муҳокамасига олиб чиқилди.

Республика Давра суҳбатида мамлакатимизда  қонунчиликни либераллаштириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида охирги йилларда иқтисодиётнинг бир қатор тармоқларидаги иш ҳақи тўловларидан сурункали қарздорликни бартараф этиш, ишчи кучи ҳаракатчанлигини ошириш, фуқароларни ҳорижда ишга жойлаштириш жараёнини соддалаштириш, педагоглар, тиббиёт ва маданият ходимлари, шунингдек, давлат бюджетидан молиялаштирилувчи бошқа тармоқлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш каби масалаларнинг самарали ҳал этилишига эришилгани алоҳида қайд этилди.

Жорий йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат меъёрларини қўллашга кўмаклашиш учун учтомонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-Конвенцияси, саноат ва  савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-Конвенцияси, қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-Конвенцияси, мажбурий меҳнат   тўғрисидаги 29-Конвенцияга Протокол ратификация қилингани ҳам катта воқеа бўлди. Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тўлиқ бартараф этиш борасида муҳим қадамлар қўйилгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди.

Жорий йилда меҳнат бозорини тартибга солиш соҳасида амалга оширилган муҳим аҳамиятга молик ўзгаришлардан яна бири – янги иш ўринларини ташкил этишга давлат буюртмасининг жорий этилгани, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламидан бўлган шахслар учун субсидияланган бандликнинг амалга киритилгани, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ишсиз фуқароларга грантлар тақдим этилиши бўлди. Пенсия таъминоти ва солиқ сиёсатида янгича ёндошувларни жорий этиш ҳисобига фуқаролар ва хўжалик субъектларининг даромадлари ошди. Чунончи, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланмоқда, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори оширилди. Барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилди. Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинди. Меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткасининг қуйи разрядлари тариф коэффициентлари ўртача 10 фоизга оширилди. Шунингдек, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари учун ягона ижтимоий тўлов миқдори 25 фоиз этиб, қолган юридик шахслар учун 15 фоиздан 12  фоизгача пасайтирилган ставкада белгиланди. Иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига: меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, базавий ҳисоблаш миқдори ва пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори жорий этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида меҳнаткашларнинг кенг қатламлари томонидан анча йиллардан бери кўтариб келинаётган қатор муаммолар жорий йилда ўз ечимини топгани иштирокчилар томонидан алоҳида таъкидланди. Хусусан, жорий йилда илк бора меҳнатга ҳақ тўлашнинг туман коэффициентлари, шунингдек, Меҳнат кодекси билан 1996  йилда кўзда тутилган оғир ва  ноқулай табиий-иқлим ва маиший шароитли жойлардаги ишларда банд бўлган ходимларга йиллик қўшимча таътилларнинг минимал давомийлиги тасдиқланди. Бундан ташқари алоҳида технологик турдаги ишлар, ишлаб чиқариш ва  иқтисодий фаолият турлари бўйича ишчилар тариф ставкаларининг янгиланган оширувчи тармоқ коэффициентлари амалга киритилди. Кўчма характерга эга ишлар билан боғлиқ қўшимча тўловларнинг янги миқдорлари тасдиқланди, хизмат сафарларига юборилувчи ходимлар учун кафолотлар кучайтирилди, автотранспорт ҳайдовчилари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари яхшиланди.

Давра суҳбатида мамлакатимизда Миллий учтомонлама ижтимоий мулоқотни рағбатлантириш мақсадида ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика ва ҳудудий учтомонлама  комиссиялар ташкил этилгани қайд этилди. Касаба уюшмалари ҳаракатини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Қайд этилганидек, мазкур Қонун меъёрлари касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, уларни рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш, касаба уюшмасига аъзо  бўлиш ҳуқуқи бериладиган ходимлар тоифалари сонини кўпайтириш учун ҳуқуқий асосни яратиб берди. Қонун билан меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати, касаба уюшма инспекцияларининг фаолият юритиши механизмлари мустаҳкамлаб қўйилди. Қонун ходимлар ҳуқуқлари ва  манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда касаба уюшмалари учун қулай шарт-шароит ва  кафолатлар яратишга, касаба уюшмаларининг иш берувчилар ва  давлат органлари билан ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Тадбир давомида аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш масалалари, бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш масалалари, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида касаба уюшмалари томонидан олиб борилган ишлар бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашилди. Иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг таркибида хусусий мулк улушини кўпайтириш, ҳорижий инвестицияларни ўзлаштириш жараёнида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини изчил ҳимоя қилиш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.

Касаба уюшмалари фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ходимларига бериладиган кафолатлар ва бошқа масалаларга оид кўтарилган саволларга мутахассислар батафсил жавоб бердилар.

Тадбир якунида ушбу йўналишлардаги масалаларни давлат органлари ва  касаба уюшмаларининг ҳаморлигида ҳал этиш борасида келишиб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати