21.12.2019. Маълумки, 2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида бахтсиз ҳодиса юз берди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан авария оқибатларини бартараф этиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси содир бўлган ҳодисанинг сабаб ва оқибатларини ўрганиш, уларни зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби бир қатор вазифаларни амалга оширди.
Комиссия маълумотларига кўра, ушбу кўчкига давомий ёмғир сабаб бўлган, ёмғир сувлари котлован олдида сув ҳайдаш учун қурилган лоток ва бетон тўсиқ орасидаги тупроқни юмшатиб юборгани натижасида ер ўпирилиб, 250 метр куб тупроқ кўчиб, қурилиш объектининг бир қисмини босиб қолган. Оқибатда 6 нафар ишчи ҳалок бўлди. Уларнинг тўрт нафари (Ойбек Абдуллаев (1989 й.да туғилган), Давронбек Абдуллаев (1999 й.да туғилган), Жонибек Равшанов (1989 й.да туғилган), Анвар Диёров (1986 й.да туғилган) Қашқадарё вилоятидан, икки нафари эса (Зариф Каримов (1981 й.да туғилган), Ихтиёр Раҳматов (1996 й.да туғилган) Самарқанд вилоятидан келиб ишлаётган бўлган.
Маълумот учун: Зариф Каримов «Бухоро минтақавий темир йўл узели» УК қарашли «Зиадин» темир йўл масофаси йўл созловчиси бўлиб ишлаган, у янги метро қурилишига хизмат сафарига юборилган эди. Ойбек Абдуллаев, Давронбек Абдуллаев, Жонибек Равшанов, Анвар Диёров ва Ихтиёр Раҳматовлар «Қурилиш универсал компакт» пудратчи-қурувчи ташкилот ходимлари саналар эди.
Ҳукумат комиссияси тайинлаган гуруҳ («Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси вакиллари ҳамда пудратчи-қурувчи ташкилот раҳбарлари) томонидан ҳалок бўлганлар доимий яшаган манзилларига етказилди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига 100 миллион сўмдан моддий ёрдам берилди. Вилоятлар ҳокимликлари ва жамоатчилик вакиллари марҳумларнинг оиласидан хабар олиб, зарур ёрдам кўрсатишди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка асосан қўшимча компенсация пуллари тўлаб берилиши тушунтирилди. Яъни, махсус комиссия 15 кун мобайнида бахтсиз ҳодисани ўрганиб чиқади, марҳумларнинг ўлими меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда юз бергани боис, қонунларда белгиланган тартибда ва миқдорда бошқа тўловлар ҳам амалга оширилиши белгиланади.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши бахтсиз ҳодиса бўлгунига қадар ҳам ўзининг зиммасидаги вазифаларни бажариб келган. Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарувининг 2019 йил 1 июль, 26 июль, 23 август ва 3 октябрдаги буйруқлари билан Тошкент метрополитенининг янги линияларида қурилиш ишларини жадаллаштиришга республикамизнинг турли ҳудудларидан ишчи-ходимлар жалб қилинган. Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгашининг 04.11.2019 йилдаги 29-14 «с» сонли Раёсат қарорига асосан ушбу йўналишдаги ишларнинг боришини доимий кузатиб бориш мақсадида жамоатчилик назорати гуруҳлари тузилган.
Назорат гуруҳи аъзоларига Тошкент метрополитени янги линияларида олиб борилаётган қурилиш ишларига ҳудудлардан жалб қилинган ходимларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш ҳамда муносиб меҳнат шароити яратиш, ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, қурилиш ишларида фаол қатнашган ишчи-ходимларни рағбатлантириш борасида иш берувчи ва касаба уюшмаларига тавсияномалар киритиш, мавжуд камчиликларни жойида бартараф этилишининг имкони бўлмаганда тегишли корхоналар ва иш берувчиларга белгиланган тартибда тақдимномалар киритиб бориш каби вазифалар топширилган.
Бугунги кунда ҳам янги метрополитен қурилиши объектларида 6 та ҳудудий касаба уюшма қўмита раиси ва 53 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси ўз хизмат вазифаларини бажармоқда. Доимий фаолият юритувчи назорат комиссияси томонидан қурилиш объектларида меҳнат муҳофазаси таъминланиши ва меҳнат шароитлари яратилиши юзасидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлган юртдошларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.