[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.12.2019. 2019 йилнинг 25 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Малака ошириш институтининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Маълумки, ҳар бир ташкилотнинг самарали фаолият юритиши, кўп жиҳатдан у ерда меҳнат қилаётган кадрлар малакаси ва салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Шу маънода Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар томонлама замонавий янги муассаса барпо этилиб, тизимда фаолият кўрсатаётган Ўқув маркази ўрнида Малака ошириш институтининг ташкил этилгани соҳадаги муҳим ўзгариш ва янгиланишлардан бири бўлди. Чунки, касаба уюшмалари тизимида ишлаётган кадрлар ва фаолларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш бугунги кун долзарб талабларидан бири бўлиб, бугунгача касаба уюшма кадрларини тайёрловчи олий таълим муассасаси мавжуд эмасди. Касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам мамлакатимизда ижтимоий меҳнат муносабатлари соҳасида фаолият кўрсатаётган кадрларнинг билим ва кўникмаларини, малака ва салоҳиятларини тизимли равишда ошириб бориш, бу орқали миллий ва халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишдир.

Таъкидлаш ўринлики, касаба уюшмалари тизимида тизимда фаолият кўрсатаётган ходимлар, айниқса, ёшлар ва фаолларнинг малака ва салоҳиятларини ошириб бориш бугунгача ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг  диққат марказида бўлиб келган. Шу кунгача ушбу вазифани Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўқув маркази бажариб келаётган эди.

Давр талабидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшма фаолларини ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, бу орқали кадрлар салоҳиятини ошириш, айниқса, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчиларининг соҳага оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида собиқ Ўқув маркази биносида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан катта кўламдаги қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада 100 кишига мўлжалланган ва техник жиҳатдан жаҳон стандартларига мос равишда жиҳозланган конференц зал, дизайн жиҳатидан бир-бирини такрорламайдиган 9 та замонавий ўқув аудиторияси, ҳар томонлама қулай шароитлар яратилган ахборот ресурс маркази, интернет тармоғига уланган компьютер зали, ахборот коммуникация технологиялари тармоғининг сифатли хизмат кўрсатишини таъминлаб берувчи сервер блоки, шунингдек, 100 кишига мўлжалланган ошхонага эга бўлган 3 қаватли янги замонавий Малака ошириш институти барпо этилди.

Бунинг натижасида Касаба уюшмалари Федерациясининг янги барпо этилган Малака ошириш институтида ҳар йили минглаб касаба уюшмалари кадрлари ва фаолларининг малакасини ошириш имконияти яратилди. Шунингдек,  масофавий таълим портали орқали бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари ўқувини амалга ошириш, ўқув жараёнлари узлуксизлигини таъминлаш учун барча шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, Ахборот-ресурс, ўқув-услубий базалари ташкил этилиб, ўқув жараёнини компьютерлаштириш ва ахборотлаштириш ишлари амалга оширилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган янги замонавий Малака ошириш институтининг тантанали очилиш маросимида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари алоҳида таъкидлаб ўтилди. Айниқса, охирги 3 йил давомида Давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракатлари билан мамлакат миқёсида миллий ва халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш, бу орқали турли соҳа ходимларининг муносиб меҳнат шароитларида ишлашини таъминлаш, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасининг тубдан такомиллашувига эришиш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада Республикамизда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик ривожланиши баробарида давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги самарали ижтимоий мулоқот ва учтомонлама ҳамкорлик алоқаларининг такомиллашувига эришилди. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши эса жуда катта тарихий воқелик бўлди.

Касаба уюшмалари Федерацияси Малака ошириш институтининг тантанали очилиш маросимида мазкур муассаса олдида турган долзарб вазифаларга ҳам алоҳида тўхталинди. Хусусан, бугунги кунда малака ошириш ва кадрларни қайта тайёрлаш, касаба уюшма ходимлари касбий билим ва малакаларини янада оширишга қаратилган тизимли тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилган бўлиб, Малака ошириш институтида юқори малакали кадрлар, ўқитувчи-тренерлар ва мутахассислар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек,  ўқитувчилар банки янада бойитилади, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун минтақавий Бюроси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Касаба уюшмалари ўқитувчи-тренерларини тайёрлаш” ўқув лойиҳаси доирасида ушбу масканда касаба уюшмалари кадрлари малакасини ошириш ишлари амалга оширилади.

***

Шу куни Касаба уюшмалари Федерациясининг янги очилган Малака ошириш институтида Федерация Кенгаши ва Кенгаш раёсатининг мажлислари ўтказилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг VI мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонуни ва уни амалга оширишдаги вазифалар ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2019 йилдаги фаолияти якунлари ва 2020 йилдаги фаолиятининг устувор йўналишлари тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонунни амалга ошириш борасида барча даражадаги касаба уюшмалари ташкилотлари олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 2019 йил
давомида амалга оширилган ишларга тўхталинар экан, жумладан, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий масалаларда Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталари, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Хусусан, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий  манфаатлари билан боғлиқ бўлган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталари йиғилишларида кўриб чиқиш жараёнида касаба уюшмалари Федерациясининг вакиллари мустақил экспертлар сифатида фаол иштирок этдилар.

Ҳисобот даврида касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 288 та норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли таклифлар берилди. «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди.

Ўтиб бораётган 2019 йил давомида Касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга эътибор кучайтирилди. Барча даражадаги касаба уюшмалари ташкилотларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан иш берувчиларга 190 та тақдимнома киритилиб, уларнинг 120 таси қаноатлантирилди, судларга киритилган 53 та даъво аризасининг 42 таси ходимлар фойдасига ҳал қилинди.

Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ўтказилган мониторинг натижалари бўйича 2019 йил 9 ойи давомида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни ундириш мақсадида иш берувчиларга, маҳаллий ижро ҳокимияти органларига, банкларга, ҳуқуқий инспекцияларга, прокуратура ва суд органларига 159 марта мурожаат қилинди ва 5 млрд. 578 млн. сўмга яқин ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундириб берилишига эришилди.

Жорий йилда илк бора меҳнатга ҳақ тўлашнинг туман коэффициентлари, шунингдек, Меҳнат кодекси билан 1996 йилда кўзда тутилган оғир ва ноқулай табиий-иқлим ва маиший шароитли жойлардаги ишларда банд бўлган ходимларга йиллик қўшимча таътилларнинг минимал давомийлиги тасдиқланишига эришилди. Шунингдек, ходимларга зарарли ишлаб чиқариш омилларидан холи бўлган, бехатар меҳнат шароитлари яратиб берилиши устидан касаба уюшмаларининг доимий жамоатчилик назоратини ташкил қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.

Жамоа келишувлари ва шартномалари воситасида ходимларнинг даромадлари оширилишига, улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилишига кўмаклашиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилди. «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» давлат дастурида белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш доирасида жамоа шартномалари орқали кам таъминланган оилалар вакиллари, пенсия ёшига етган ходимлар, ишламайдиган пенсионерларга моддий ёрдам кўрсатиш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, 2019 йилнинг февраль-ноябрь ойлари давомида жамоа шартномалари орқали 187 минг 763 нафар фуқаро ва 73 минг 720 та оилага 125 млрд. 194 млн. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Жумладан, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида 16 минг 393 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш учун 14 млрд. 53 млн. сўм сарфланди. 18 минг 143 нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан 8 млрд. 205 млн. сўмлик қимматбаҳо совғалар топширилди. 63 минг 508 нафар ишламайдиган пенсионерлар (корхоналарнинг собиқ ходимлари)га 27 млрд. 116 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 10 минг 737 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишилар (корхоналарнинг собиқ ходимлари)га байрамлар арафасида 2 млрд. 449 млн. сўмлик моддий ёрдам берилди. Икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 9 минг 810 нафар ёш оналарга 3 млрд. 914 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 56 минг 953 нафар фарзандлари учун 8 млрд. 738 млн. сўмлик ўқув қуроллари харид қилиш харажатлари қисман қопланди. 3 минг 202 та нодавлат мулки шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 4 минг 546 нафар болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтаси 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди. 70 минг 475 нафар кам таъминланган ёш оилалар вакилларига 17 млрд. 469 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2 минг 593 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга 7 млрд. 893 млн. сўмлик ўқув шартнома пуллари қисман тўлаб берилди. Бундан ташқари жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 3 минг 245 та ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 23 млрд. 585 млн. сўмлик фоизсиз cсудалар ажратилди. 3 минг 244 нафар ёш ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 9 млрд. 323 млн. сўмлик фоизсиз cсудалар берилди. Ногирон фарзандини парвариш қилаётган 1 минг 836 нафар оналар ёки оталарга 740 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, аҳолининг турли тоифаларини  моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб- қувватлаш касаба уюшмалари ташкилотларининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Жумладан, ҳисобот даврида турли соҳаларда фаолият юритаётган 9 минг 310 нафар илғор хотин-қизлар рағбатлантирилди, 1 минг 420 нафар меҳнат фахрийлари бўлган аёллар ҳолидан хабар олинди, 1 минг нафардан ортиқ эҳтиёжманд аёллар қўллаб-қувватланди. 4 минг 562 нафар уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, 315 нафар жангчи-фахрийлар (байналмилалчилар) моддий ва маънавий рағбатлантирилди, 266 нафар ёлғиз кекса ва ногиронларга 33 млн. сўмлик коммунал хизматлар учун тўловлари қисман қоплаб берилди. Ҳудудлардаги “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олиниб, уларга жами қарийб 83 млн. сўмлик маиший жиҳозлар, кийим-кечаклар, гигиеник воситалар топширилди.

Мажлис давомида шунингдек, ҳисобот даврида касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг бошқа устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар ҳам муҳокама этилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мажлис якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда сўзлаган нутқларида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2020 йилдаги устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати