Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторингни ўтказишга оид услубиёт, қайта алоқа механизми, касаба уюшмалари инспекцияларининг вазифалари ва ташкилий-техник масалалар” мавзуидаги онлайн семинар-тренинг бўлиб ўтди

16.09.2020. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “2020 йил пахта-йиғим терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторингни ўтказишга оид услубиёт, қайта алоқа механизми, касаба уюшмалари инспекцияларининг вазифалари ва ташкилий-техник масалалар” мавзуидаги халқаро онлайн семинар-тренинг ўтказилди. Унда ҳар бир ҳудуддаги мониторинг гуруҳлари раҳбарлари ва аъзолари, ҳудудий касаба уюшмалари вакиллари, Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертлари иштирок этдилар.

Халқаро семинар-тренингда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда пахта-йиғим теримида болалар меҳнатидан умуман фойдаланилмаяпти. Президентимиз ташаббуслари билан мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мана бир неча йилдирки, фуқаролик жамияти инстутлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароитлар яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилда ўтказиладиган Миллий мониторинг пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтган йилларга нисбатан янада такомиллаштирилган ҳолда ташкил этилмоқда. Мазкур семинар-тренингнинг ҳам айнан Миллий мониторинг олдидан ташкил этилганлиги бежиз эмас. Чунки, унда 2020 йил пахта-йиғим терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторингни ўтказишга оид услубиёт, қайта алоқа механизми ва касаба уюшмалари инспекцияларининг вазифалари батафсил тушунтирилиб, ташкилий-техник масалалар хусусида келишиб олинди.

Тадбирда таъкидланганидек, бу йил ҳам касаба уюшмалари томонидан  пахта йиғим-терими мавсумида жамоатчилик назорати ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари ташкилотлари ҳудудий бирлашмалари томонидан пахта йиғим-терими мавсуми олдидан жойлардаги масъулларнинг салоҳиятини ошириш мақсадида ҳудудларда Халқаро меҳнат ташкилотининг махсус сертификатига эга бўлган касаба уюшмаси ўқитувчи-тренерлари иштирокида маҳаллий ҳокимликлар, фермерлар, маҳалла, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва иш берувчилар вакиллари учун “Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик” мавзуида онлайн семинарлар ўтказилди.

Аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида мажбурий меҳнатнинг ноқонунийлиги, бунинг учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганлиги, касаба уюшмаларининг ишонч телефони, миллий ва халқаро меҳнат стандартлари ҳақида ахборот тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш билан бирга Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан баннер, плакат ва флаерлар тайёрланиб, барча ҳудудлардаги туман марказларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда одамларга кўринадиган жойларга жойлаштирилди.

Халқаро онлайн семинар иштирокчилари 2020 йил пахта-йиғим терими мавсумини ташкил қилиш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиясининг йиғилиш баёнлари билан тасдиқланган Пахта йиғим-теримини ташкил қилиш бўйича Вақтинчалик тартиб ва Тавсиялар билан батафсил таништирилди. Жумладан, пахта йиғим-теримини тўғри ташкил этиш тартиби, пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш мақсадида кўнгилли теримчилар томонидан ташкил этилган бирлашган жамоа ҳисобланган терим отрядларини тузиш ва теримчилар жамоасини шакллантириш, терим отрядлари фаолиятини ташкил этиш, терим отряди раҳбарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди. Ушбу тавсияларнинг пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида муҳим қўлланма вазифасини ўташи алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида асосий мақсад – пандемия шароитида санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда теримчиларга муносиб яшаш ва меҳнат шароитлари яратиб берилишига ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигига эришиш эканлиги қайд этиб ўтилди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда Миллий мониторинг ўтказилиб, теримчиларнинг меҳнат шароитлари, уларга меҳнат ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши, санитария, маиший шароитлар яратилиши ҳамда меҳнат ҳуқуқи ва муҳофазасининг таъминланиши устидан касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини амалга оширадилар. Терим мавсумида теримчилар хавфсизлиги, транспорт ҳаракати, ёнғин хавфсизлиги, теримда иштирок этувчиларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, дори-дармон билан таъминлаш, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши масалалари ҳам эътибордан четда қолмайди. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси қошида ташкил этилган аҳоли билан Қайта алоқа механизми ҳам туну-кун узлуксиз фаолият олиб боради. Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу йил янги ташкил этилган Касаба уюшмалари Инспекцияси ҳам мазкур йўналишларда тизимли ишларни олиб боради.

Онлайн семинар-тренингда Касаба уюшмаларининг халқаро ҳамкорлари – Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертлари Йонас Аструп ҳамда Анастасия Дубова иштирок этиб, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик бўйича тизимли тадбирлар олиб борилаётганини, айниқса, охирги йиллар давомида пахта йиғим-терими мавсуми даврида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, хусусан, ижтимоий соҳа ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинишининг олдини олиш чоралари кучайтирилганини эътироф этдилар. Мазкур жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг фаол иштирок этаётгани ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш билан бир қаторда теримчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилишига катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидладилар.

Онлайн семинар якунида барча иштирокчиларга теримчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилиши бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш борасида тегишли тавсиялар берилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

Click to listen highlighted text!