2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Миллий мониторинг ўтказилади
22.09.2020. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторингни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида” мавзуидаги Брифинг ўтказилди.
Брифингда таъкидланганидек, Ўзбекистон Републикаси Президенти бошчилигида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида муҳим қарорлар қабул қилинди, уларнинг ижроси юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мана бир неча йилдирки, фуқаролик жамияти инстутлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.
Брифингда жорий йилда ҳам мазкур мониторингни ўтказиш режалаштирилгани, у 23 сентябрдан 31 октябргача давом этиши ҳамда бу йилги Миллий мониторинг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ва Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган чора-тадбирларга асосан ўтказилиши тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Ташкилотчилар томонидан қайд этилганидек, Миллий мониторинг пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтган йилларга нисбатан янада такомиллаштирилган ҳолда ташкил этилмоқда. Бу йилги мониторинг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА)га аъзо бўлган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ўтказилади. Шунингдек Миллий мониторингда иштирок этиш учун халқаро касаба уюшмалари марказлари вакиллари ҳам таклиф этилган.
Мониторингни ўтказишдан асосий мақсад – пахта йиғим-терими ишларида 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг, бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, пандемия шароитидаги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун етарли шарт-шароит яратилганини баҳолаш, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун тегишли миқдорда меҳнат ҳақи тўланишини назорат қилиш, фермер хўжаликлари ходимлари билан меҳнат шартномаси, фуқаролар билан мустақил равишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар тузилганлигини назорат қилишдир.
Миллий мониторинг давомида аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилади ҳамда мониторинг юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясига мунтазам ахборот бериб борилади.
Миллий мониторингни сифатли ўтказиш мақсадида “2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторингни ўтказиш услубиёти”, “Мониторинг гуруҳларининг жойларда ҳаракатланиш кетма-кетлиги”, “Мониторингда интервью олиш саволномаси”, “Пахта йиғим терими иштирокчилари учун яратилган шарт-шароитларни баҳолаш бўйича саволнома” ишлаб чиқилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳудудий мониторинг гуруҳлари тузилиб, улар таркибига касаба уюшмалари ташкилотлари ҳудудий Бирлашмалари ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг раҳбар ва масъул ходимлари, шунингдек, келишилган ҳолда, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг жойлардаги аъзо ташкилотлари вакиллари киритилди. Шунингдек, жорий йилда Касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат-ҳуқуқ Инспекцияси инспекторлари мониторинг жараёнига жалб қилинади ва мурожаатлар бўлганда жойига чиқиб ўрганади. Мониторинг гуруҳлари раҳбарлари касаба уюшмалари Федерацияси томонидан интернет тармоғига уланган планшетлар билан таъминланади ҳамда зарурий ташкилий-техник кўмак кўрсатиб борилади.
Ўрганиш жараёнида пахта тераётган вояга етмаган шахслар аниқланса, уларни зудлик билан даладан олиб чиқиш ва ўқув даргоҳига ёки уйига қайтариш чоралари кўрилади. Бу ҳақда Акт (Далолатнома) тузилади ва айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш учун меҳнат инспекциясига юборилади.
Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш холатлари аниқланган ҳолда зудлик билан Акт (Далолатнома) тузилади ҳамда вазиятни ўрганиш учун касаба уюшмаларининг инспектори чақирилиб, уларни иш жойларига қайтариш чоралари кўрилади. Шу билан бирга ҳудудий “Қайта алоқа механизми” (ҚАМ) вакилларига ҳам хабар берилади.
Эслатиб ўтиш жоизки, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишини олдини олишга қаратилган Қайта алоқа механизми Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ташкил этилган бўлиб, мавсум давомида узлуксиз равишда кечаю кундуз ишлайди, бунда 10-92 қисқа рақамли “Ишонч телефони”, интернет сайтлар, телеграмм ижтимоий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланилади. Бу ҳақда касаба уюшмалари томонидан республиканинг барча ҳудудларидаги туман, шаҳар марказларига 400 та баннер, корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда одам гавжум бўладиган жойларга 10 000 та плакатлар жойлаштирилди, 200 000 та флаерлар тайёрланиб, меҳнаткашлар ҳамда аҳоли вакилларига тарқатилди.
Миллий мониторинг даврида ўрганиш натижаларини ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади (Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги ва “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти билан келишилган “Мониторинг услубиёти” талабларига мувофиқ ошкор этмаслик тамойилига амал илинади) ва мониторинг якунлари тўғрисида декабрь ойида Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда ўтказиладиган Давра суҳбатида батафсил эълон қилинади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати