[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.01.2020. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси жуда катта тарихий воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Унда  турли йўналишларда кўтарилган масалалар, белгилаб берилган устувор вазифаларнинг барчаси халқимиз турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ватанимизнинг келажагига дахлдор бўлган ушбу Мурожаатномада жамиятимиз ҳаётининг ҳеч бир жабҳаси эътибордан четда қолмади. Мамлакатимизда барча соҳаларда мавжуд вазият, қисқа вақт ичида мамлакатимиз нуфузи ва салоҳиятини янги бочқичга кўтариш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишлар, кўзланаётган марралар ва уларга эришиш борасидаги вазифаларга бағишланган, чуқур  таҳлилларга таянган ҳолда, аниқ рақамлар ҳамда таклифлар асосида сўзланган нутқ халқчиллиги ва оддий одамларнинг дилидаги орзуларини акс эттирганлиги билан юртимизнинг ҳар бир фуқароси юрагидан жой олди, десам сира янглишмайман.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиши зарурлиги, ўзларининг асосланган таклифларини бериб бориши кўплаб масалаларга ечим топишга кўмаклашиши тўғрисидаги фикрлари мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланмиш касаба уюшмаларини ҳам бу борада янада ташаббускор, қатъиятли бўлишга ундайди ва катта масъулият юклайди.

Шу ўринда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифни нафақат касаба уюшмалари, ўйлайманки, юртимизда фаолият юритаётган барча жамоат ташкилотлари якдиллик билан қўллаб-қувватлайди.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман. Ўзбекистон тарихида илк маротаба камбағаллик олий даражадаги раҳбарият томонидан тан олинди. Яъни, Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида мамлакатдаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилди. Бугунгача бу ҳолатдан хабардор бўлса ҳам, биронта раҳбар бу хусусда сўз очолмаган. Бу таъбир жоиз бўлса, жуда катта жасорат ва мардликдир, чунки, ўз халқининг, энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг ҳақиқий турмуш шароитларини билган, Ватанни севган, халқига содиқ бўлган ва оддий одамлар учун жонкуяр бўлган инсонгина бу ишга қодирдир.

Президентимиз ушбу долзарб масалага эътибор қаратар экан, кам таъминланган аҳоли вакилларини доимий даромад манбаи билан таъминлаш, бу орқали жамиятда камбағалликни камайтиришни энг устувор вазифа сифатида белгилаб берди. Хусусан, ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш орқали камбағаллик муаммосини ҳал қилиб бўлмаслиги, бу муаммони тўла ечиш учун аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсонларнинг ички салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Худди шу мақсадларда Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ривожланиш дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни камайтириш дастурини биринчи марта ишлаб чиқиш таклифи киритилгани халқимизнинг дилидаги таклиф бўлди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳолининг етарли даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш  борасидаги ишларни янги поғонага кўтариш йўналишидаги фикрлари ҳамда белгилаб берган вазифалари ҳам айни муддао бўлди. Чунки, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Сирдарё вилоятидаги хотин-қизлар турмуш шароитини ўрганиши жараёнида уларни қийнаётган муаммоларнинг гувоҳи бўлдик. Сирдарёда бошланган мазкур хайрли ишлар давомида оғир турмуш шароитида яшаётган кўплаб хотин-қизларимизга амалий ёрдам кўрсатиб, муаммоларини жойида ҳал этиш чорасини кўрмоқдамиз. Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда мазкур йўналишдаги ишларни республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттириб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитларини яхшилаш йўналишидаги ишларни кучайтирамиз.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги барча ходимлар муҳтарам Президентимиз Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида ҳис этишига муносиб ҳисса қўшиш йўлида барча имкониятларни ишга солади. Зеро, Мурожаатномада таъкидланганидек, пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта, ижобат бўлади.

Қудратилла Рафиқов

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси.