31.01.2020. Жамоа шартномаларига, аёллар меҳнатини тартибга солиш, зиммасига оилавий вазифаларни бажаришдек масъулият юклатилган шахсларга қўшимча имтиёз ва кафолатлар яратиш бўлимининг киритилганлиги ишловчи аёлларга қўл келмоқда. Айни чоғда аёлларнинг хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиши, қўшимча дам ва ҳақ олиши, маданий-маърифий, спорт тадбирларидаги иштироки тўла таъминланмоқда. Ушбу соҳадаги вазифалар ижросида жамоатчилик назоратининг таъсирчан кучи ҳам яққол сезилмоқда.
Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси хотин – қизлар билан ишлаш комиссиясининг ўтган бир йиллик фаолияти якунларига бағишланган йиғилишида ушбу йўналишдаги ишлар таҳлил қилинди. Бирлашма кенгаши раиси С.Рафиқов, хотин – қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Ш.Бакаевалар тизим хотин- қизлари, ишловчи аёлларнинг ижтимоий фаоллиги хусусида сўз юритишди.
Бугунги аёл зиммасида катта масъулият бор. Иш, турмуш, рўзғор ташвишларига ўралашиб қолмасдан, жамиятдаги воқеликлар марказида, ташаббускорлар сафида бўлмоғи кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
-Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида хотин-қизлар мавзуси алоҳида аҳамият касб этганлигига барчамиз гувоҳ бўлдик, – дейди касаба уюшмалари хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Шарқия Бакаева. –Ватанимиз равнақи, келажагига ҳисса қўшиш, давлатимиз томонидан аёлларга яратилаётган имтиёз ва кафолатларни амалиётга жорий этиш даркор. Сир эмас, ҳали бу борада муаммолар бир талай. Хусусан, олис қишлоқларда яшовчи, айни кучга тўлган, жамият, оила учун кўплаб фойда келтириши мумкин бўлган аёлларимизнинг аксарияти ишсиз. Уларни фойдали юмуш билан банд этишнинг ҳали-ҳануз эвини қилолганимизча йўқ. Улар орасида алоҳида истеъдод соҳиблари қанча. Уларнинг бу қобилиятларини ким юзага чиқариши керак, бу кимнинг вазифаси. Бизнинг асосий бурчимиз, мутасаддилар эътиборини ана шундай муаммоли масалаларга қаратишдан иборат бўлмоғи зарур.
Тўғри, ижтимоий шерикчилик асосида аёлларнинг шарт-шароитлари яхшиланмоқда. Уларни турли тадбирларга тортишда озгина бўлсада силжишлар бор. Ўтган йилда 4 минг нафардан ортиқ аёллар иш берувчи ва касаба уюшмалари томонидан рағбатлантирилди. 3480 нафар хотин-қизларга ижтимоий кўмак кўрсатилди. 138 нафар ёш болали аёлларимиз қисқартирилган иш соатларидан фойдаланиб келишаётир. Чекка ҳудуларда яшовчи, кам таъминланган, серфарзанд 25 нафар аёллар бепул соғломлаштирилди. Фарзанд кўриш илинжида бўлган 14 нафар ёш оила бекалари “Умид гулшани” сиҳатгоҳи йўлланмаси билан таъминланди. Бундай хайрли ишлар саломғи анчагина. Бу рақамлар барча аёллар эътиборда дегани эмас.
Ўзаро мулоқот асносида ўтган йиғилишда, бир қатор назардан четда қолаётган масалалар, кўрсатилиши лозим бўлган ташаббуслар белгилаб олинди.
Ш.Бакаева
Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси