[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.02.2020. Президентимиз топшириғига кўра мушкул аҳволда қолган аёлларга ёрдам бериш мақсадида Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган Республика ишчи гуруҳи тузилган.

Мазкур ишчи гуруҳ дастлаб Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида аҳоли, айниқса хотин-қизларнинг турмуш шароитини ўрганди.

Ўрганиш жараёнида Ишчи гуруҳ раҳбари, Ўзбекистон Касаба уюшмаси федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Сирдарё туманидан Президентга йўлланилаётган мурожаатларни ҳам таҳлил қилган. У бу ҳақда Сирдарё тумани ҳокимлигида аёлларга амалий ёрдам беришга қаратилган тадбир давомида айтиб ўтди.

Қайд этилганидек, ўтган йилда ушбу тумандан Президент номига беш мингга яқин мурожаат тушган. Уларнинг ярмини эса хотин-қизлар йўллаган.

– Аксарият ҳолда мутасаддилар мурожаатни шунчаки ёпиш билан шуғуллангани таҳлил жараёнида аён бўлди, — деди Қ. Рафиқов. — Айрим мурожаатчилар арзи ҳал бўлмай вафот этган. Масалан, Любовь Петровна қизи ногирон эканлиги, ўзи ҳам ёрдамга муҳтожлигини, лекин маҳаллий раҳбарлар ёрдам беришни рад этаётганини Президентга ёзган. Шикоят эса “ҳуқуқий тушунтириш“, берилди, деб ёпилган. Ушбу шикоят қайта кўтарилиб, аёлга қандай ёрдам кераклигини аниқламоқчи бўлганимизда, унинг қизи ҳам, ўзи ҳам вафот этган экан… Мана сизга айримларнинг инсон тақдирига бўлган муносабати.

Назокат исмли аёл ҳам бошқа илинжи қолмаганидан Президентдан ёрдам сўраган. Икки фарзанди билан кўчада қолган аёл болалар боғчасида яшаб келган. Маҳаллий мутасаддилар эса бундан бехабар. Мажлисда ушбу аёлга амалий ёрдам кўрсатиш топширилди.

Тадбир давомида эҳтиёжманд оилалар, хотин-қизларга зарурий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, хонадонларидаги шароит ёмон аҳволга келиб қолган уч оилага таъмирлаш ишлари учун 5 миллион сўмдан пул берилган бўлса, коммунал хизматлардан қарзи кўпайган яна уч оилага 2,5 миллион сўм ажратилди. 21 оилага гилам, кўрпа, ёстиқлар тарқатилди.

Кам таъминланган оилалардан бўлган 50 нафар ўғил-қизга кийим-бош туҳфа этилди. 13 нафар хотин-қизга соғлигини тиклаш учун 2,5 миллион сўм тақдим этилди. 2 нафар аёлга санаторийда дам олиш учун бепул йўлланма берилди. Ижтимоий соҳа объектларига 50 тонна кўмир тарқатилди. Айрим оилаларга газ баллонлари етказиб берилди. Бундан ташқари, ўқувчиларга аталган 12 минг дона китоб тарқатилди.

Бундай хайрли ишдан кўнгиллар кўтарилди, кимнингдир нигоҳида қувонч, кимнингдир кўзида қувонч ёшлари томди.

– Ўғлим Руслан янги куртка кийиб жуда суюнди, ҳатто кўзлари ёшланди, — дейди Жанна Қосимжонова. – Қишга куртка олиб бера олмагандик. Юпун юриб, совуққотаётганини айтиб юрганди. Фақат куртка эмас, кастюм-шим, туфли ҳам беришди. Буларни бизга Президентимиз бериб юборибди. Жуда миннатдор бўлдик. Халқнинг аҳволидан хабар олиш учун шунча одамни юборибдилар. Минг раҳмат. Юртимизда эзгуликлар бардавом бўлсин.

Барно Номозова ҳам чала қурилган уйини битириш учун маблағ ажратилганидан жуда миннатдор бўлди. Тўрт фарзанднинг онаси бўлган бу ёлғиз она анчадан бери аҳолидан уйма-уй юриб ҳеч ким хабар олмай қўйганини, Давлатимиз раҳбарининг топшириғи туфайли бугунги кунда бундай хайрли ишлар бўлаётгани кўплаб оилаларга ёруғлик олиб кираётганидан миннатдор эканини билдирди.

Сирдарё сафаридан олган таассуротларимиз яна давом этади.

Бизни кузатиб боринг!