01.02.2020. Президентимиз Олий Мажлис Сенатининг биринчи йиғилишида Сирдарёда уйма-уй юрилганда ейишга нони йўқ, уйида тўшашга шолчаси йўқ, дори олишга пули йўқ, йиғлашга кўзида ёши йўқ аёллар борлиги аниқлангани ҳақида тўхталиб ўтган эди…
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков раҳбарлигида тузилган Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳи зудлик билан Сирдарёлик хотин қизлар муаммоларини ўрганиб, мушкул аҳволда қолган оилалар ҳамда хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш ишларини олиб бормоқда.
Таркибига Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар кенгаши, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Маънавият ва маърифат ва маркази вакилларини қамраб олган мазкур Республика Ишчи гуруҳи ўз ишини Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитларини ўрганишдан бошлаган эди. Хусусан, Сирдарё туманидаги 38 маҳаллада уйма-уй юрилиб, аҳоли муаммолари ўрганилди. Хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ва суҳбатлар жараёнида мингдан зиёд ўткир муаммолар борлиги аниқланиб, ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, саломатлигини тиклашга муҳтож хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш мақсадида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди.
Куни кеча Сирдарё туман ҳокимлигида Республика Ишчи гуруҳининг навбатдаги амалий йиғилиши ташкил этилди. Олиб борилаётган ишлар таҳлили ва улар кўламини янада кенгайтириш масаласига қаратилган мазкур йиғилиш одатдагидек масъул шахслар йиғилиши эмас, балки турмушда қийналаётган, эҳтиёжманд оилалар вакилалари ҳам таклиф этилган амалий тадбир бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва сўзга чиқди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг сектор мудири Амиртемурхон Мусаев, Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова, бир қатор вазирликлар ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва мутасаддилари иштирок этдилар.
Амалий тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Республика Ишчи гуруҳи раҳбари Қудратилла Рафиков нафақат ўрганиш натижалари, балки фуқароларнинг ёрдам сўраб қилаётган мурожаатлари бўйича ҳам алоҳида тўхталди. Хусусан, мушкул аҳволга тушиб қолган одамлар маҳаллий раҳбарлардан кўмак ололмай, Президентимизга мурожаат қилишга мажбур бўлаётганларини таъкидлаб ўтди. Мурожаатлар маҳаллий мутасаддиларга ҳал қилиш учун юборилганда, уларга юзаки ёндошмаслик, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганинини унутмаслик зарурлиги, муаммоси ҳал бўлган инсоннинг эртанги кунга ишончи ўн чандон ортиши, бу эса унинг ҳаётдан розилигини таъминлашга хизмат қилиши доим ёдда тутилиши зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбир давомида эҳтиёжманд оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалардан бўлган хотин-қизларга зарурий ёрдамлар кўрсатилди, уй-жойга муҳтож хотин-қизларга дастлабки тўлов учун банклар орқали кредит олишлари бўйича дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, хонадонларидаги шароит ёмон аҳволга келиб қолган уч оилага уй-жойини таъмирлаш ишлари учун 5 миллион сўмдан жами 15 миллион сўм маблағ берилган бўлса, коммунал хизматлардан қарзи кўпайган яна уч оилага 2,5 миллион сўмдан жами 7,5 миллион сўм маблағ ажратилди. 13 нафар хотин-қизнинг ҳар бирига соғлигини тиклаши ва дори-дармон олиши учун 2,5 миллион сўмдан жами 32,5 миллион сўмлик моддий ёрдамлар берилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Сирдарё туманидаги ижтимоий соҳа объектларига 50 тонна кўмир тарқатилди. 20 нафар аёлга санаторийда дам олиши ва саломатлигини мустаҳкамлаши учун Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бепул йўлланмалар тақдим этилди.
Сирдарё туманидаги Қуёш, Ёшлик ва Ширин маҳаллаларида истиқомат қилувчи 3 нафар хотин-қиз тикув машиналари билан таъминланди. Хусусан, Сирдарё туманидаги Қуёш маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шаҳло Тўймуродова кўпдан бери ўз оиласининг иқтисодий аҳволини яхшилаш учун тикув машинаси ҳарид қилиб, тикувчилик ҳунари орқали оиласига даромад келтиришни режалаб юрарди. Аммо, эҳтиёжмандлик сабаб қўли калталик қилиб, орзуси ушалмаётган эди. Президентимизнинг сирдарёлик хотин-қизларга юқори минбардан туриб қаратган юксак эътиборлари натижасида кўплаб хотин-қизлар қатори Шаҳлонинг ҳам орзуси ушалди. Тадбир давомида Шаҳло Тўймуродовага замонавий тикув машинаси туҳфа этилди. Бундан жуда миннатдор бўлган Шаҳло Давлатимиз раҳбарининг топшириғи туфайли бугунги кунда бундай хайрли ишлар бўлаётгани кўплаб оилалар ҳаётига ёруғлик олиб кираётганидан миннатдор эканини билдирди.
– Бугунги кунгача тикув машинасини олиш учун кўплаб ташкилотлардан ёрдам сўраган эдим. Аммо натижа бўлмаганди. Республика ишчи гуруҳи оиламизга келиб, шароитларимизни ўрганишди. Қўлимда ҳунарим борлигини эътиборга олиб, мени замонавий тикув машинаси билан таъминладилар. Энди мана шу тикув машинасида бежирим либосларни тикиб, оиламнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш имконига эга бўлдим. Мен бир нарсани айтмоқчиман: бугунгача кўп сансалорликларни кўрдим, лекин муҳтарам Президентимиз сирдарёлик хотин-қизларга юқори минбардан туриб эътибор қаратганлари натижасида кўплаб менга ўхшаган хотин-қизларнинг мушкуллари осон бўлиб, муаммолари ҳал этилмоқда. Бундан жуда бахтиёрмиз ва Давлатимиз раҳбарига мингдан минг раҳматлар айтамиз.
Бундан ташқари Республика Ишчи гуруҳининг амалий тадбири давомида кам таъминланган оилалардан бўлган 50 нафар ўғил-қизга иссиқ кийим-бошлар, қишги куртка ва пальтолар, костюм-шим ва мавсумий пойабзаллар туҳфа этилди. Шунингдек, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари томонидан ўқувчиларга аталган 12 минг дона китоблар ҳадя этилди.
– Ўғлим Руслан янги куртка кийиб жуда суюнди, ҳатто кўзлари ёшланди, — дейди Жанна Қосимжонова. – Қишга куртка олиб бера олмагандик. Юпун юриб, совуққотаётганини айтиб юрганди. Фақат куртка эмас, кастюм-шим, туфли ҳам беришди. Буларни бизга Президентимиз бериб юборибди. Жуда миннатдор бўлдик. Халқнинг аҳволидан хабар олиш учун шунча одамни юборибдилар. Минг раҳмат. Юртимизда эзгуликлар бардавом бўлсин.
Тадбир доирасида Ишчи гуруҳи аъзолари эҳтиёжманд хотин-қизларнинг оилаларига ташриф буюриб, улар мушкулини осон этиш мақсадида гиламлар, кўрпа-тўшак ва ёстиқлар ҳадя этилди. 15 та оилага газ баллонлари етказиб берилди. Бундай хайрли ишлардан кўнгли ярим инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилди, кимнингдир нигоҳида қувонч, кимдадир бахтиёрлик кўз ёшлари пайдо бўлди.
Амалий тадбир давомида тадбиркорликни йўлга қўйиб, иш ўринлари очиш истагида юрган хотин-қизларга ҳам самарали ёрдамлар кўрсатилди. Туманниг Наврўз маҳалласида яшовчи тадбиркор аёл Наргиза Мирсоатова ана шундай аёллардан бири бўлди.
– Тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиб, уйда кичик цех очганман. Шу цехда кийим-кечаклар тикиб, аҳолига етказиб берамиз. Мазкур цехда 4 киши меҳнат қилади. Эндиликда кредит олиб, цехимизни кенгайтирмоқчи эдим. Аммо, бу борада бир қанча тўсиқларга дуч келмоқдаман. Президентимизнинг Сирдарё вилояти хотин-қизлари турмуш даражасини ошириш бўйича кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрликлари натижасида фаолият кўрсатаётган республика Ишчи гуруҳининг йиғилишида ушбу муаммоларимни ҳал этиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мутасадди ташкилот ва муассасаларга менинг муаммоимни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. Агар режаларим амалга ошса, тадбиркорлигимни кенгайтириш орқали маҳалламиздаги 4-6 нафар аёлни иш билан таъминлайман.
Сирасини айтганда Президентимиз ташаббуслари билан халқ билан яқин мулоқот қилган ҳолда оддий одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида олиб борилаётган бу каби хайрли ишлар инсонларнинг эртанги кунга ишончини оширишга, ҳаётдан эртага эмас, бугун рози бўлиб яшашларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Худди шу мақсадларда иш олиб бораётган Республика ишчи гуруҳининг фаолияти кенг кўламда давом этмоқда.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари