10.02.2020. Жорий йилнинг 10 февраль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиковнинг Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сатыбалды Даулеталин, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, “Ынтымак” кичик ва ўрта бизнес тармоғи касаба уюшмаси раиси Кайрат Жанабеков, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва ижтимоий шериклик қўмитаси раиси Гулнара Жумагелдиева, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерациясининг Активларни бошқариш дирекцияси бош директори Бауыржан Ахметулин, Чимкент шаҳар ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Берик Бекжанов, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси аппарати бош маслаҳатчиси – халқаро сектор раҳбари Шерзод Пулатов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари, хусусан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар, уларнинг аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётгани тўғрисида батафсил маълумот берди. Айниқса, Марказий Осиё минтақасида янги тамойилларнинг кучга киргани, кўп йиллардан бери мавжуд бўлган қатор муаммолар ҳал этилиб, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар ривожлангани ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш имкониятлари яратилгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг тобора ривож топиб бораётгани, шунингдек, икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасидаги алоқалар ҳам мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди.
Шундан сўнг Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишлари, мазкур йўналишларда олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 14 та тармоқ касаба уюшмаси, 14 та ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва 5 миллион 200 мингдан ортиқ касаба уюшма аъзосини бирлаштирмоқда. 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонунининг қабул қилингани жуда катта воқелик бўлди. Мазкур қонун билан касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги ваколатлари кенгайгани, хусусан, касаба уюшмаларининг меҳнат инспекцияларини тузиш имконияти яратилгани, тадбиркорлик, хусусий мулк устуворлиги шароитида меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини самарали муҳофазалаш имконияти кенгайгани қайд этилди.
Республикамизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги конструктив ҳамкорлик натижасида Бош келишув, тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда эса – жамоа шартномаларини тузиш амалиёти йўлга қўйилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Қайд этилганидек, Бош келишув меҳнат соҳасидаги уч томонлама ижтимоий шерикликнинг энг муҳим ҳужжати ҳисобланади ва республикамизда ижтимоий-иқтисодий масалалар хусусида келишиб сиёсат олиб боришнинг умумий принципларини белгилаб беради. Бундан келиб чиққан ҳолда, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йиллар учун ишлаб чиқилган Бош келишув имзоланди.
Бош келишув асосида бугунги кунда мамлакатимизда тармоқ ва ҳудудий келишувлар, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари амал қилаётгани қайд этилди. Мазкур локал ҳужжатларнинг барчаси ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс тадбирларни ўз ичига олган. Ўзбекистон касаба уюшмалари мазкур локал ҳужжатларга мувофиқ ходимларнинг реал даромадларини босқичма босқич ошириш, меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш, иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларини касбга ўқитиш ва қайта ўқитиш ишларида ҳамкорлик кўрсатмоқда. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерациясининг дастурий ҳужжатларига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашга кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, жисмоний имконияти чекланган болалар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари, иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Меҳмонларга шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 17 санаторий, 2 та дам олиш маскани, 21 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи мавжудлиги, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида эканлиги тўғрисида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институти, ўз нашри бўлмиш “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари, Спорт-соғломлаштириш бошқармаси, “Касаба сайр” шўъба корхонаси, қурилиш ва лойиҳалаш йўналишларидаги корхоналари ҳамда меҳмонхоналари фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашув давомида Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси билан 2018 йил апрелда имзоланган Меморандумга асосан икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Хусусан, учтомонлама миллий ижтимоий мулоқотни амалга ошириш, жамоатчилик назоратининг шакл ва услубларини ривожлантириш масалаларида икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш, тажриба алмашиш ва самарали ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида тўхталинди. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоя, бандлик, меҳнат миграцияси масалалари ҳам муҳокама этилди. Икки мамлакат касаба уюшмаларининг ҳудудий бирлашмалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўналишидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатда олиб борилаётган бугунги ўзгаришлар мамлакатимизнинг янги тарихини бошлаб бергани, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда юз бераётган улкан янгиланишлар Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти билан том маънода интеграциялашувини таъминлаётганини эътироф этдилар.
Шунингдек, Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва бу борада эришилган натижаларнинг таҳсинга сазовор эканлиги меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Делегация аъзолари Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятидаги илғор тажрибалардан ўрганилиши лозим бўлган жиҳатларнинг ҳам кўп эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, санатор-курорт муассасалари тизимини такомиллаштириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, туризм соҳасини ривожлантириш, халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда касаба уюшмалари ўқитувчи-тренерларини тайёрлаш, касаба уюшма газеталари фаолиятини ривожлантириш соҳаларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тажрибасини ўрганиш истагида эканликларини билдирдилар.
Шу мақсадларда Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакилларини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институти, Юридик клиникаси, тизимдаги санаторийлар ҳамда Даволаш профилиактика маркази фаолияти билан таништириш ҳам кўзда тутилган.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари