19.02.2020. Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида жамоат ташкилоти ва иш берувчилар вакиллари иштирок этишди.
Давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро яқин ҳамкорликнинг янги босқичида – жамоат ташкилотлари ваколатлари кенгайишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса халқимиз ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олиш, оддий одамлар турмуш даражаси сифатини яхшилаш, орзу – ўйларини рўёбга чиқариш имкониятларини кенгайтиради. Меҳнаткаш ва улар оила аъзолари манфаатлари устуворлигига масъул бўлган касаба уюшмалари ҳам ўз фаолиятини давр талаблари даражасида ташкил этиш йўлида тинмай изланиб келмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунинг қабул қилиниши эса жамоатчилик назорати йўналишдаги фаолиятни янада қаътийлаштиришга асос бўлади. Янги қонун, меҳнат соҳасида ижтимоий шерклик жиҳатлари, қонунийлик, ихтиёрийлик, камситилишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқлик принципларига асосланганлиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда иштирок этган, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг меҳнаткашларни ижтимоий – иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Махмуд Исаев, Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқовлар қонунга киритилган янги модда, ўзгариш ва қўшимчалар, янгитдан ташкил этилаётган меҳнат инспекцияларининг ваколатлари хусусидаги мулоҳазаларини баён этишди.
Иштирокчилар қонун билан мустаҳкамланган афзаллик ва кафолатлар хусусида ўз мулоҳазаларини билдиришди.
Райхон Абдуллаева
Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ташкилий ишлар бўлими мудири.