[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

06.03.2020. Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда ҳар бир соҳада инсон манфаатларига йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда Айниқса, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш масалалари давлатимиз сиёсатининг  устувор йўналишларидан бирига айланди. Натижада бугун хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Худди шу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан тузилган Республика Ишчи гуруҳи айнан ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан кўмакка муҳтож хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш йўналишида фаолият олиб бормоқда.

Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилигидаги мазкур Республика Ишчи гуруҳи айни пайтда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитлари ҳамда мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиб, уларни бартараф этиш борасида амалий кўмак кўрсатмоқда. Бугунгача Ишчи гуруҳ Навбаҳор туманидаги 41 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирида уйма-уй юриб, 414 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояталаб ва нотинч оилалардаги хотин-қизлар шароитларини ўрганди. Улар билан очиқ ва самимий руҳда ўтказилган суҳбат ва мулоқотлар давомида 700 га яқин муаммо аниқланди. Муаммоларнинг аксарияти уй-жой билан таъминлаш, хонадонларни таъмирлаш, моддий қўллаб-қувватлашга муҳтожлик, иш билан таъминлаш, ўзлари ва оила аъзоларининг саломатлигини тиклаш масалаларини ташкил этмоқда.

Аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан манзилли ва муддатли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Шунингдек, 8 март байрами арафасида хотин-қизларнинг бир қатор муаммолари жойида ҳал этилди. Хусусан, 24 нафар аёлни саломатлигини мустаҳкамлаш, уй-жойларини таъмирлаш ҳамда турмуш тарзини яхшилаш мақсадида моддий ёрдамлар кўрсатилди. 50 нафар кам таъминланган, боқувчиси йўқ аёлларнинг фарзандлари учун ҳар хил турдаги кийим-бошлар жамланмаси олиб берилди. 10 нафар хотин-қизни соғломлаштириш учун санаторийларга бепул йўлланмалар топширилди.

Шунингдек, оилавий шароитини яхшилаш мақсадида 40 нафар хотин-қиз тикув машинаси, газ плитаси, музлатгич, кир ювиш машинаси каби маиший техника жиҳозлари, гиламлар билан таъминланди. Ногиронлиги бўлган 10 нафар аёлга эса ногиронлик аравачалари олиб берилди.

Тумандаги оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни иш билан таъминлаш орқали иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида 400 та янги иш ўрни яратиш учун Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2 млрд сўм маблағ ажратилди.

Ишчи гуруҳининг Навоий вилоятидаги фаолияти давом этмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерецияси Матбуот хизмати