[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

13.03.2020. Навбаҳор тумани, «Ялтиробод» МФЙда истиқомат қилувчи Каромат Наврўзова туғма ногирон бўлса-да, шу давргача ногиронлик нафақаси олмаган. Ҳозир у пенсия ёшида. Лекин ёшга доир нафақадан ҳам дарак йўқ. Тегишли мутасаддиларга бир неча маротаба мурожаат қилган. Аммо… шу пайт­гача унинг дардига қулоқ соладиган одам топилмаган…

Яқинда Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳининг амалий ёрдами билан Каромат ­Наврўзованинг муаммоси ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Ишчи гуруҳ аъзолари шу маҳаллада яшовчи Ҳафиза Ўрозова хонадонига ҳам ташриф буюрди. Аёлнинг 2003 йилда туғилган қизи Иқболой Ёрқулова 2-гуруҳ ногирони. Юришга қийналади. Шу боис, айни пайтда ўқишга бормаяпти. Фарзандини даволатишга эса ота-онанинг имкони йўқ…
Мазкур оиланинг муаммосига ҳам ечим топилди.
Нилуфар Зиёдова 38 ёшга кирибди ҳамки, ҳалигача фуқаролик паспортини олмаган. Сабаби оддий – туғилганлик гувоҳномаси йўқ. Беш ойлик қизчасининг ҳам ҳеч қандай ҳужжати йўқ. Турмуш ўртоғи ишсиз. Оиланинг асосий даромади ёлланма ишчиликдан. Ишчи гуруҳ аралашуви билан уларнинг нияти амалга ошадиган бўлди.
«Совунгар» МФЙда яшовчи Шаҳло Муҳиддинова ҳам ёрдамга муҳтож. Вояга етмаган беш нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғининг ногиронлиги етмагандек, икки нафар фарзанди ҳам шундай дардга мубтало.
Бир қарашда тақдирлар ўхшаш, бири-бириникидан деярли фарқ қилмайди. Лекин шу кичик муаммолар шу жойнинг ўзида ҳал этилмаяпти ёки бу ҳолдан ­масъуллар, «катталар» бехабарми? Муаммоларни «ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш» қачонгача аччиқ ичакдек чўзилади?
Ахир, бу масалаларни ижобий ҳал этиш учун кўп вақт ва катта маблағ шарт эмас-ку! Озгина қунт қилинса ва масъулият билан ёндашилса кифоя…
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда 1 минг 205 нафар хотин-қиз оғир турмуш шароитида яшамоқда. Оилавий ажримлар сони 942 тани ташкил этади.
Таҳлиллар ажримларга оилавий келишмовчиликлар, фарзандсизлик, хиёнат, узоқ муддат бир оила бўлиб яшамаслик ва иқтисодий муаммолар, ишсизлик сабаб бўлганини кўрсатмоқда.
Ўтказилган назорат тадбирларида ажрим ёқасига келиб қолган 1 минг 109 та оиладан 960 таси яраштирилган.
Охирги пайтларда мамлакатимизда аёллар ўртасида жиноятчиликнинг ортиб бораётгани, айниқса, ачинарлидир. Кунда-кунора ижтимоий тармоқларда қайнонасини, турмуш ўртоғини, фарзандини қотилига айланаётган «аёллар» ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Афсуски, Навоий вилоятида ўтган бир йил давомида аёллар томонидан 239 та жиноят содир этилган бўлиб, шундан 57 таси ёшлар (18-30 ёш) ҳисобига тўғри келади.
2018 йилда аёллар ўртасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари 83 та, 2019 йилда бу кўрсаткич 73 тани ташкил қилган (10 тага камайган).
«Ҳаловат тепа» МФЙда рўйхатда турувчи Наргиза Шодиева ҳам жиноятга қўл урган. Гап шундаки, у бундан бир неча йил илгари тўрт ёшли фарзандини 15 миллион сўмга сотаётган вақт қўлга тушган.
Айтишига қараганда, муҳтожлигидан шу ишга қўл урган ва бундан қаттиқ пушаймон. Айни пайтда унинг фарзанди болалар уйида тарбияланмоқда. Ўзи эса бир нафар қизи билан на деразаси, на эшиги ва на иситиш печкаси бор бир хонали уйда яшамоқда.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, тумандаги хотин-қизларнинг муаммолари билан анча йиллар ҳеч кимнинг иши бўлмаган. Мана, ниҳоят, аниқланган масалаларни бартараф этиш юзасидан манзилли ва муддатли «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, Республика ишчи гуруҳи туфайли кўплаб ёрдамга муҳтож аёлларнинг муаммолари ҳал бўлмоқда.

Ғуломжон Мираҳмедов