17.03.2020. Кўпчилик юртдошларимизнинг нафақат ўзи ишлаётган жойда касаба уюшмаси, балки ҳуқуқларини ҳимоялайдиган шундай ташкилот борлигиниям билишмайди. Билганлари эса телефон орқали, оғзаки ва ёзма қатор мурожаатлар келиб тушади.
Мурожаатларнинг асосида ўтган давр мобайнида 20 дан ортиқ кишининг манфаатлари тикланди.
Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 129-автокорхона масъулияти чекланган жамияти тугатилгандан сўнг 40 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақлари тўлаб берилмаган. Вилоят касаба уюшмалари бирлашмасига келиб тушган бу мурожаат ўрганилиб, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво ариза киритилди. Натижада суд қарори билан фуқароларнинг манфаатлари тикланди.
М.Аметова Самарқанд шаҳридаги “Пардозлаш ишлари бошқармаси” масъулияти чекланган жамиятида касб касаллигига чалиниб, 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолган. У корхона томонидан кечикиб тўланаётган компенсация тўловларини ундириб, бериш, даволаниб соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам ва санаторий йўлланмаси ажратишни сўраб мурожаат қилган. Ўрганиш давомида ортиқ компенсация ва моддий ёрдам пуллари ундириб берилди ва корхона ҳисобидан санаторий йўлланмаси ажратилди.
Челак транспорт касб-ҳунар коллежида ишлаган Т.Сатторов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг фойдаланилмаган меҳнат таътили ва компенсация тўловлари тўлаб берилмаган. Унинг бу ҳақда қилган мурожаати ўрганилиб, Меҳнат кодекси талаблари бузилганлиги аниқланди ва бу ҳақда коллеж директори номига тақдимнома киритилди. Натижада Т.Сатторовнинг манфаатлари тикланди.
Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти ўқитувчиси, 2-гуруҳ ногирони, ёлғиз она Р.Болиева дарс соатлари 0,25 ставкага тушиб қолганлигини билдирган. Кафедра ва институт маъмурияти кўмагида унинг дарс соатлари 0,75 ставкага ошириб берилди.
Сирожиддин Иззатуллаев
Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоти ташкилотлари бирлашган қўмитаси раиси.