[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.03.2020. Бугунги кунда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар энг аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган бўлиб, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш масаласи алоҳида ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида барпо этилаётган “Оқ кема” болалар соғломлаштириш оромгоҳи фикримизнинг ёрқин далилидир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Мўйноқ туманининг Бозатау овул фуқаролар йиғини ҳудудида қурилиши жадъал олиб борилаётган мазкур оромгоҳ қарийб 250 ўринга мўлжалланган бўлиб, фойдаланишга топширилгач, ёз мавсумида турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган қорақалпоғистонлик меҳнаткашлар фарзандларининг мириқиб ҳордиқ чиқариши ва соғломлаштирилишига хизмат қилади.

Энг сўнгги русумдаги технологиялар асосида жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган услубда қурилаётган ушбу масканнинг барпо этилишига қарийб 32,5 миллиард сўм йўналтирилганлигининг ўзиёқ мамлакатимизда ёш авлод вакилларини маънан ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганлигини кўрсатиб турибти.

12,7 гектардан зиёд майдонда барпо этилаётган “Оқ кема” болалар соғломлаштириш оромгоҳига юқоридан туриб назар солинса улкан кемани акс эттираётганини кўрасиз. Жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилаётган ушбу соғломлаштириш мажмуи том маънода ўғил-қизларни нафақат мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятларини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ бўлади десак, муболаға бўлмайди. Чунки, бунинг учун ушбу масканда барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, ушбу оромгоҳда барча қулайликларга эга Маданият ва маърифат маркази, ўзбек мутафаккирлари ва адабиёт намоёндалари билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига кирувчи бой китоблар оламига болажонларни ошно этувчи замонавий Ахборот-ресурс маркази, энг сўнгги русумдаги кўргазмали воситалар ва жиҳозлар билан таъминланганиши кўзда тутилган тўгарак хоналари, шинам ёзги амфитеатр, маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган салобатли тантаналар майдони, тиббиёт мажмуи, барча стандартларга жавоб берувчи сузиш ҳавзаси, футбол, волейбол, баскетбол майдончалари, замонавий лойиҳалар асосидаги ётоқ бинолари, барча шарт-шароитлар ва қулайликларга эга бўлган ошхона, ювиниш хоналари барпо этилмоқда. Оромгоҳга олиб борувчи йўллар ва ҳудуд ободонлаштирилиб, ота-оналар учун шинам суҳбат биноси қурилмоқда. Ўзига хос замонавий дизайнга эга лойиҳа асосида олиб борилаётган қурилиш ишлари жараёнида болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришларини таъминловчи барча жиаҳтлар эътибордан четда қолмаган. Ҳудуд бўйлаб йўл ва йўлакчалар барпо этилиб, табиий газ қувурлари тортилди

Оромгоҳ фойдаланишга топширилгач, барча бино ва хоналарни алоҳида дид асосида энг замонавий мебель ҳамда маиший техника жиҳозлари, ошхона анжомлари билан жиҳозлаш режалаштирилган. Айни кунларда қурилиш ишлари билан бирга кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, болалар соғломлаштириш маскани ҳудудига 2700 туп мевали, 1500 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтказилиб, уларни ташқи суғориш тармоқлари тизими ишга туширилди.   Айни кунда оромгоҳда барпо этилган бино ва хоналарни парзозлаш ишлари бормоқда. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати