13.04.2020. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятида бўлиб, улар томонидан чекка қишлоқларда яшовчи аёлларнинг турмуш тарзи ва ижтимоий аҳволи ҳар бир ҳудуд бўйича ўрганилмоқда. Натижасида турмуш шароити оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга Федерация томонидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Олтинсой туманининг Тоғай Мурод номли маҳалласида Термиз шаҳрида фаолият олиб бораётган “ZIF Textile” масъулияти чекланган жамияти филиалининг иш бошлаши билан ҳудудда яшовчи хотин-қизлар бандлигини таъминланадиган бўлди.
Бунинг учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2,5 млрд. сўм маблағ ажратилиб, 150 та тикув машинкаси ва зарурий жиҳозлар келтирилди. Бу ерда икки сменада иш ташкил этилиб, ҳудуддаги 300 нафар хотин-қизлар доимий иш ўрни эга бўлишди.
Мазкур корхона филиали қошида гилам тўқишга мўлжалланган кичик фабрика фаолияти йўлга қўйилди. Унга тумандаги 5 нафар тажрибали гиламдўз усталар жалб этилди. Устоз-шогирд анъанаси асосида шу соҳага қизиқувчилар дастлаб ўқитилиб, сўнг ишга қабул қилинади.
Аҳамиятлиси, Федерация ҳисобидан бу корхонага 500 млн. сўм маблағ ажратилиб, гилам тўқишга ихтисослашган дастгоҳлар келтириладиган бўлди. Шунинг пировардида яна 500 нафар маҳаллий хотин-қизлар касаначилик асосида иш билан таъминланади.
Олтинсой тумани ҳокимлигида Республика ишчи гуруҳи томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағал оилалар вакилларига маиший техника, пул маблағлари ҳамда иш билан таъминлаш бўйича йўлланмалар берилди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан амалга оширилаётган ушбу хайрли саъй-ҳаракатлар чекка ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг реал даромадини ошириш, ижтимоий қўллаб қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тақдимот маросимларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.
Илҳом Раҳматов
“Халқ сўзи” мухбири.