[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

15.04.2020. Коронавирус пандемияси дунёга таҳдид солаётган бир пайтда уйда ўтирган ёшларимиз учун давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ижобий ташаббус вақтни чоғ ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Умумтаълим мактабларида, маҳаллаларда ташкил қилинган санъат, расм чизиш, адабиёт, спорт ва бошқа тўгаракларга қатнаб, ўз иқтидорларини шакллантиришга улгурган ёшларимиз эндиликда ўз уйларида ижод билан шуғулланишмоқда.
Дарҳақиқат, ижодкорлик кишининг вақтини унумли ўтказишига замин яратади. Ўзимнинг фарзандларим ҳам расм чизиш, пластилиндан турли шакллар ясаш, мультфильм кўриш, бобоси ўқиб берган эртакларни саҳналаштириш билан вақтларини чоғ ўтказаётганидан мамнунман.
Донишманларнинг ҳар бир болада бир иқтидор бор, фақат уни кашф қилиш керак деган сўзларининг мағзини энди чақаётгандекмиз. Карантин бизга кўп иқтидорларни кашф қилишга ёрдам бермоқда.
Барча уйда ўтириши талаб қилинаётган бир пайтда кўчага бесабаб чиқиб, карантин қоидаларини бузаётганларнинг аксарияти 20-30 ёшдагилар эканлиги кишини ўйлантиради. Демак, улар ҳали Ватан олдида масъулият ҳис қилишмаяпти, вақтнинг қадрига етишмаяпти. Улар ҳам карантин даврида уйда ўтирган ҳолда бирон ҳунар ўрганишлари, аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатаётган волонтерлар сафига қўшилишлари мумкин-ку.
Кеча Амир Темур ҳақидаги китобни ўқиш жараёнида ўзим учун кўплаб ҳикматларни кашф этдим. Соҳибқироннинг “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан афзалдир” деган сўзлари диққатимни тортди. Карантин қоидаларини бузаётганларни тадбирсиз, лоқайд кишилар деб ўйладим.
Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари томонидан тасарруфдаги корхона ва ташкилот, муассасаларда фаолият кўрсатаётган ёшларга карантин шароитида яратиб берилаётган шароитлар, уйда ўтирган ёшлар вақтни қандай ўтказаётганликлари мониторинг қилиб борилмоқда. Бўш вақтини илм ўрганиш, спорт, ижод ва ихтирога бағишлаган ёшлар кашф қилиниб, ижтимоий тармоқлар орқали уларнинг ижод намуналари тарғиб қилинмоқда.
Ҳар бир жамоада “Беш ижобий ташаббусни уйимизда қўллаймиз” акцияси ташкил қилиб, “устоз-шогирд” анъаналари асосида онлайн машғулотлар ўтказиш тавсия этилмоқда. Бу тадбирларимиз ёшларнинг карантиндаги вақтларини мазмунли ўтказишларига хизмат қилмоқда.

Бахтиёр Исмоилов
Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси