[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

28.04.2020. 2020 йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишлаб онлайн видеоконференция ўтказилди.

Мазкур онлайн-мулоқот Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси, Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари иштирокида ташкил этилди.

Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан 2003 йилдан буён “28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана арафасида дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида, шу жумладан юртимизда ҳам иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилади.

Дунёда коронавирус пандемияси юзага келгани эълон қилингандан буён карантин тадбирлари меҳнат соҳасига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Кўплаб корхоналар тўлиқ қувват билан ишламаяпти, бу эса иқтисодиётга ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Аксарият ходимлар меҳнат таътилида ёки масофавий ишга ўтказилган.

Онлайн мулоқотда Қонунчилик палатаси Қўмита раиси М.Ходжаева дунёда содир бўлаётган бахтсиз ходисалар ва уларнинг оқибатлари, юртимизда Қонунчиликда нима ўзгаришлар рўй бераётгани ҳақида батафсил маълумот берди. Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қабул қилиниш арафасидаги қонун лойиҳаси бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.
Халқаро меҳнат ташкилоти эксперти Гоча Александриа суҳбатни давом эттириб, ХМТ томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ва тақдимот материаллари билан ўртоқлашиб, пандемия даврида меҳнат соҳасига оид тавсияларни айтиб ўтди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бош давлат меҳнат техник инспектори А.Шрапов ижтимоий шерикликдаги меҳнат муҳофазасига оид мавзуни ёритиб берди. Инқирозга қарши курашиш Республика комиссиясининг йиғилишида Давлат меҳнат инспекцияси, Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги, касаба уюшмаларидан иборат махсус гуруҳга коронавирус пандемияси даврида карантин чора-тадбирлари давомида саноат корхоналари, ижтимоий соҳа ташкилотлари, уй-жойлар, мухандислик-коммуникация инфратузилмаси ва бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларини жадаллаштириш мақсадида қурилиш жараёнларига жалб этилган мутахассисларни объектларнинг ўзида меҳнат қилиш ва вақтинчалик яшаб туриши учун (вахта усулида) яратилган шароитларни ўрнатилган талабларга тўлиқ жавоб бериши устидан назорат қилишни таъминлаш вазифаси юклатилганлигини гапириб, қабул қилинган ҳужжатлар, келгусидаги вазифалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппарати Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Н.Каримова онлайн мулоқотга модераторлик қилиш билан бирга тегишли саволларга жавоблар берди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг коронавирус пандемияси даврида меҳнат масалалари бўйича тавсиялари билан таништирди. Тавсиялар ўзбек ва рус тилларида тайёрлангани ва иш берувчиларга меҳнат хавфсизлигига оид касаба уюшмалари тавсиялари касаллик бошланганида иш берувчилар нима қилиши кераклиги ва хавфсизлик қодаларидан 10 та тавсияни ўқиб эшиттирилди.

Пандемия даврида мамлакатимизнинг соҳа мутахассислари ва турли касб эгаларининг муносиб меҳнат принциплари асосида меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат хуқуқлари ҳимоясини таъминлашда, касаба уюшмалари томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков бошчилигида қилинаётган ишлар талайгина.
Бугунги кунда касаба уюшмаси хизматига олинган корхона, ташкилот муассасаларнинг деярли барчасида жамоа шартномалари қабул қилинган бўлиб, улар орқали жами 4,5 млн.га яқин ишловчиларнинг манфаатлари қамраб олинган.

Жамоа шартномаларига қонунчиликда белгилангандан ташқари ходимларни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ҳимояси ва меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича бир қатор имтиёз ва кафолатлар киритилган.

Бугун давлатлар қанчалик қудратли, аҳолиси қанчалик кўп бўлмасин, пандемия олдида шошиб қолди. Ана шундай оғир ва якуни ҳали кўринмаётган кунларда касаба уюшмалари ҳам юрт тараққиёти йўлида, ижтимоий шериклик асосида муҳим ишларни амалга оширишда иштирок этмоқдалар.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни кучайтирмоқда.
Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳам амалга оширмоқда.

Ҳар бир худудда ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг бозорлардаги нархлари устидан кунлик жамтчилик назоратини амалга оширмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси пандемия даврида “Қудратимиз – бирликда, биз ғалаба қозонамиз!” шиори остида барча ватандошлар, ишчи-хизматчилар, фахрийлар, аёллар ва ёшларга ўз мурожаатини йўллади. Унинг якунида янги Ўзбекистон ҳаётининг бош тамойилини ҳеч қачон унутманг: «…Ҳеч бир одам, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигисиз қолмайди!» сатрлари билан якунланган.

Ўтказилган онлайн видеоконференция Давлат, иш берувчилар ва ходимларга бирдек фойдали бўлиши учун, кенг қамровни таъминлаш мақсадида интернет орқали, ижимоий ва https://t.me/kasaba_mehnat_muhofazasi телеграмм канали орқали ҳам эфирга узатилди.

Шу билан бирга касаба уюшмалари аъзолари орасида меҳнат муҳофазасига бағишланган онлайн флешмоб ташкил этилиб, глобал тармоқ орқали кенг оммани ўзига жалб этди.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими