04.05.2020. Корхоналарда, раҳбарнинг буйруғи билан турли комиссиялар, масалан аттестация ўтказувчи, инвентаризиция қилиш, моддий бойликларни ҳисобдан чиқариш каби комиссиялар тузилади ва одатда унинг таркибига бўлим бошлиқлари киритилади. Шундай комиссия аъзоси бўлган бўлим бошлиғи вақтинча ишда бўлмаганда масалан, меҳнат таътили, касаллик даври ва бошқа холларда, унинг ўринбосари ёки буйруқ билан уни лавозим вазифасини бажараётган бошқа ходим шу комиссия ишида қатнашишга ва бундан келиб чикадиган ҳужжатларни, масалан далолатнома, баённомалар кабиларни, имзолашга мажбурми?
Иш берувчининг асосий хуқуқларидан бири (МКнинг 17 моддаси) бу – корхонани бошқариш ва ўз ваколатларида доирасида мустақил қарорлар қабул қилишдир. Унинг асосий ваколатлари одатда корхонанинг Уставида белгилаб қўйилади. Булар жумласига, хусусан, буруқлар чиқариш, топшириқлар бериш, ходимларга нисбатан рағбатлантириш, интизомий жазо қўллаш ва бошқалар киради. Иш берувчининг қонунчилик ва ўз ваколати доирасида чиқарган буйруқлар, топшириқлар, шу жумладан оғзакилари ҳам, ходимлар учун бажарилиши мажбурийдир.
Корхона ёки меҳнат жамоаси (баъзида айрим ходим) манфаатида турли комиссияларни тузиш қонуний ҳисобланади.
Комиссия тузиш тўғрисидаги кўпгина буйруқларда “ходимлар таркиби ўзгарган холда ёки комиссия аъзоси вақтинча бўлмаганда, комиссия ишида унинг лавозим вазифасини бажарувчи шахс қатнашади” деган бандни учратиш мумкин.
Агар буйруқда шундай шарт белгилаб қўйилган бўлса, вақтинча йўқ ходимни вазифасини бажариш юклатилган шахс, шу жумладан штатдаги ўринбосари ҳам, комиссия аъзоси бўлиб ҳисобланади ва ўз навбатида тегишли бурч ва ваколатларга эга бўлади. Бунда, иш берувчи асосий ходимни ўрнига бошқа ходимни вақтинча тайинлаётганда, шунингдек бошқа ходимга вақтинча шу вазифани бажаришни юклаётганда, унга лавозим вазифаларидан ташқари яна қайд этилган комиссия ишларидаги вазифаларни ҳам бажариш ҳақида маълум қилиши лозим бўлади.
У ёки бу ходимни комиссия аъзолигига киритишда иш берувчи шу ходимнинг мутахассислигини, лавозимини, малакасини, профессионаллик даражасини ва саломатлигини хисобга олиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Комиссия аъзолигига, у ёки бу вазифани мутахассислиги, малакаси ёки саломатлиги туфайли бажараолмайдиган ёки бажариши мумкин бўлмаган ходимни киритиш мумкин эмас.
Масалан, товар моддий бойликларни хисобдан чиқариш бўйича комиссия аъзолигига иш юритувчини, хат ташувчини ва шу кабиларни, ёҳуд у ёки бу вазиятни жойига бориб (хизмат сафарига) ўрганиш вазифаси юклатилган комиссияга, хизмат сафарига юборилиши мумкин бўлмаган ходимларни (ногиронларни, хомиладор ёки ёш боласи бор аёлларни) шундай комиссия таркибига киритиш.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди