20.05.2020. Биз медицина ходимлари 14 кун карантинда ўтирдик бизга ойлик қай тарзда тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 март кунидаги ПФ-5969-сонли Фармойишининг 16-бандида коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши белгилаб қўйилган. Демак сизга карантида бўлган даврингиз учун ўртача ойилик иш ҳақингизни 100 фоиз миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши керак.
Мен уй бекасиман, вояга етмаган фарзандимиз бор. Мени турмуш ўртоғим ишхонасида вафот этди, текширишлардан сўнг далолатнома расмийлаштириб, менга ҳам бир нусха беришди. Менга тушунтиришларича иш берувчи томонидан нафақа олиш хуқуқига эга эканман. Шу ҳақида тушунча берсангиз.
Ходим меҳнат жароҳатига боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган шахсларга ёки марҳум вафот этган кунгача ундан нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан сўнг туғилган фарзандига, шунингдек ота-оналаридан бирига, умр йўлдошига ёки оиласининг ишламайдиган ва вафот этганнинг 3 ёшга тўлмаган болалари, укалари, сингиллари ёки набиралари парвариши билан банд бўлган бошқа аъзосига зарарни тўлаши шарт.
Болаларнинг боқимандалиги назарда тутилади ва бунинг учун далиллар талаб қилинмайди.
Сизни ҳеч қаерда ишламаслигингизни инобатга олиб айтамиз, Сиз боқувчингиз вафот этганлиги муносабати билан зарарни ундириш ҳуқуқига эгасиз. Зарар тўловини сизларга иш берувчи вафот этган турмуш ўртоғингизнинг камида олтита ўртача йиллик иш ҳақини бир йўла бериладиган нафақа сифатида тўлайди.
Шунингдек, иш берувчи қўшимча равишда дафн этиш учун зарур харажатларни ушбу харажатларни сарфлаган шахсга тўлаши шарт. Дафн этиш учун зарур харажатлар зарарни тўлаш ҳисобига киритилмайди.
Сизларга боқувчисини йўқотганлик туфайли зарар тўловидан ташқари, боқувчи вафоти туфайли пенсия тайинланади.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди