21.05.2020. Коронавирус пандемияси даврида меҳнат қилишда шарт-шароитлар ўзгариб боряпти. Масалан, мослашувчан иш вақти ҳақида ҳам эшитяпмиз. Мослашувчан иш вақти режими қандай бўлади, унда аниқ иш вақти белгиланадими?
Мослашувчан иш вақтидан фойдаланишда, ташкилотнинг айрим ходимлари учун иш вақти муддатини муайян доирада уларнинг ўзи томонидан бошқариб боришга йўл қўйилади. Аниқроқ қилиб айтсак, ходим ўзи учун белгиланган мослашувчан иш вақти режимининг шаклига қараб муайян календарь даврда кундалик иш вақтининг бошланиш ва тугалланиш пайтини ёки иш кунлари сони ва муддатин ўзи белгилайди. Фақат битта шарти жорий этилган иш вақти нормасини албатта ишлаб бериши керак. Шунинг учун ҳам мослашувчан иш вақтини амалиётда кўришмизча, кўпроқ меҳнати натижасига қараб ҳақ тўланадиган ҳамда иши бошқа ходимларнинг меҳнатига бевосита боғлиқ бўлмаган ходимларга белгиланади.
Мослашувчан иш вақти режимини жорий этиш учун, биринчидан, ходим ўз иш вақтини ўзи мустақил равишда бошқариб боришга хақли доиранинг аниқ кўрсаткичларини, иккинчидан, ходим ўзи учун белгиланган иш вақти нормасини (иш куни, хафтаси, ойи ва х.к.) қанча муддатга ишлаб бериши лозим эканлигини аниқлаб олиши муҳим бўлади.
Мослашувчан иш вақти режимининг муайян шакли иш вақтининг бошқа режимлари каби, Меҳнат кодексининг 120-моддасига биноан, ички меҳнат тартиби қоидалари, бошқа локал норматив ҳужжатлар билан ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси билан жорий этилади.
Ходимни мослашувчан иш вақти режимига ўтиши қандай расмийлаштирилади?
Мослашувчан иш вақти режимини талаб даражасида расмийлаштириш муҳим ҳисобланади. Чунки, уни нотўғри расмийлаштириш ходимнинг меҳнат хуқуқлари бузилишига ёки ходимлар томонидан ички меҳнат тартиби қоидалари бузилишига, бу эса низоли муаммони келиб чиқишига сабаб бўлади.
Ходимнинг бир иш вақти режимидан бошқасига ўтказилиши меҳнат шартларининг ўзгариши ҳисобланади. Меҳнат кодексининг 88-моддасига кўра, меҳнат шартларини ўзгартириш, улар қайси тартибда белгиланган бўлса, шундай тартибда амалга оширилади.
Иш вақти режими ички меҳнат тартиби қоидалари ёки бевосита меҳнат шартномаси билан белгиланиши мумкин.
Демак, иш вақти режимини ўзгартириш зарурати туғилса, биринчи ҳолат ички меҳнат тартиби қоидаларига дахлдор бўлганлиги учун белгиланган тартибда шу қоидаларга, иккинчи ҳолатда эса меҳнат шартномасига тегишли ўзартиришлар киритилиши лозим. Меҳнат шартномасига, маълумки, ўзгартиришлар фақат ходимнинг розилиги билан киритилиши мумкин.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам иш вақти режимининг ўзгариши, яъни айрим ходимларни ёки бўлинмаларнинг ходимларини мослашувчан иш вақти режимига ўтказиш Меҳнат кодекси 96-моддасининг еттинчи қисмига биноан иш берувчининг буйруғи билан расмийлаширилади, буйруқда режимнинг аниқ параметрлари ҳамда амал қилиш муддати кўрсатилган бўлади. Бундай буйруқни чиқаришга биринчи ҳолатда ички меҳнат тартиби қоидаларига киритилган ўзгартиришлар, иккинчи ҳолатда эса меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар асос бўлади.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди