27.05.2020. Ҳозирги вазиятда COVID-19 ни бартараф қилиш учун сафарбарлик тиббиёт ходимларига эьлон қилинганлиги муносабати билан ходим хохламаса ходимни мажбурий сафарбарликга юбориш мумкинми?
Ҳа мумкин.
Меҳнат кодексининг 176-моддасида ходимнинг бурчлари белгиланган бўлиб, унга кўра ходим ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизомига, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши, иш берувчининг мол-мулкини авайлаб асраши шарт.
Ходимнинг меҳнат вазифалари ички тартиб қоидаларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда, корхонада қабул қилинадиган локал ҳужжатларда (жамоа шартномаларида, йўриқномалар ва ҳоказоларда), меҳнат шартномасида аниқ белгилаб қўйилади.
Бундан Меҳнат кодексининг 228-моддаси белгиланган тартиб мустасно, яъни, ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.
Биз Фермер хўжаликларига бухгалтерия ва бухгалтерия ҳисоботларини юритиш марказида ишлаймиз бизни ойлик маошимиз кескин туширилди, бу ойлик иш хаққи ишга бориб қайтишимиз ва тушликда овқатланишимизга ҳам етмайди, биз кимга мурожаат қилайлик. Бизга 2020 йил январь-февраль ойларида доимгидек ойлик берилган, лекин март ойига келиб январь-февраль ойларида кўп ойлик олгансизлар деб бизга апрелдан бошлаб ойлик бермаяпти бу ҳол август ойигача давом этаркан биз оиламизни қандай боқамиз?
Меҳнат кодексининг 89-моддасига кўра, иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир.
Иш берувчи меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Сизларни меҳнат ҳақингиздан ушлаб қолиш Меҳнат кодексининг 164-моддасига зид бўлиб, умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, – суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.
Ходим иш берувчи томонидан меҳнат шартлари ўзгартирилганлиги устидан судга шикоят қилишга ҳақли. Шунингдек, “биз кимга мурожаат қилайлик?” деб берган саволингизга, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига, маҳаллий меҳнат органига, касаба уюшмаси ташкилотига, прокуратура ҳамда судга мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди