29.05.2020. Ассалому алайкум, мен 32 йил лаборант лавозимида ишлаб келяпман 17 апрелдан олий тоифам муддати тугаяпти. Энди менга 2 разряддан иш хақи тўлайман деб айтишди. Мен шу йилнинг февраль ойида ҳужжатларимни аттестация комиссиясига Фарғона бўлимига топширган эдим, лекин пандемия сабабли қолдирилди. Яқинда “Соғлом Фарғона”да гнеколог врач савол берганида тоифа давом этади деб жавоб беришган, бу ўрта тиббиёт ходимларига тааллуқли эмасми. Олдиндан рахмат, саволимга жавоб кутаман.
Тиббиёт ходимларига малака тоифалари учун тўланадиган устама, фақат шу тегишли тоифага эга бўлган ходимларга ва тоифани тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан кейин тўланади.
Ҳозирги кундаги коронавирус билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика Марказининг 2020 йил 24 мартдаги 01/33-сонли хатида, жорий йилнинг февраль ва март ойларида аттестациядан ўтган врач ва фармацевтларга малака тоифаси берилганлигини тасдиқловчи сертификатларни жойларга юбориш ва олиб кетиш, ўз вақтида бухгалтерияга топшира олмаслик ҳолати мавжудлиги сабабли вазирликнинг расмий сайтида эълон қилинган буйруғига асосан, сертификатларни тақдим этишни кутмасдан, устама ҳақ тўлаш кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Сиз аттестациядан ўтишга ҳужжат топширган бўлсангизда, аммо ҳақиқатда аттестациядан ўтмагансиз. Шунинг учун устама ҳақ тўланмаслиги асосли ҳисобланади.
Саволингизда зикр этилган “Фарғонада генеколог врач” саволига ёки нотўғри жавоб берилган, ёки жавоб нотўри тушунилган. Яъни, тоифани автоматик равишда давом эттирилиши тўғрисида бирон бир ҳужжат мавжуд эмас.
Қўшимча маълумот: Тиббий-санитария ходимларини касбий ривожлантириш тизимини яхшилаш, соҳада етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт ташкилотлари, айниқса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш, тиббиёт таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг мавқеини ошириш, шунингдек, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Унда белгиланишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
шифокорлар учун ҳар 5 йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтиш тартиби киритилади ҳамда уларга қулайлик яратиш ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун аттестацияни онлайн тартибда аудио ва видеокузатув остида ташкил этиш тизими жорий этилади;
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш учун тўлов бекор қилинади.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди