03.06.2020. Баҳорнинг бир куни йилга татийди. Осуда опа буни яхши билади. Шу сабаб қаттиқ ташвишга тушди. Озуқа эса кечикиб бораётганди. Шундай кунларнинг бирида танишлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида хотин-қизларнинг мурожаатларини ўрганиш бўйича узлуксиз ишлайдиган 1211 рақамли «Ишонч телефони» – «Call-center» хизмати фаолият кўрсатаётганини айтиб қолишди.
Осуда опа «Ишонч телефони»га мурожаат қилди. Ушбу мурожаат Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакиллари, маҳаллий ҳокимлик ва бошқа тегишли мутасаддилар ҳамкорлигида ўрганилди.
– Тез фурсатда «Агрокимё» жамиятидан имтиёзли равишда минерал ўғитларни олдим, – дейди «Исомиддин Илҳомжон» фермер хўжалиги раҳбари Осуда Исломова. – Бундан ташқари, ОВХ дори пуркагич техникалари билан ҳам таъминлади. Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганаётган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига бунинг учун ўз миннатдорлигимни билдираман.
Пахтакор туманидаги «Чаманзор» қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган Моҳира Раҳматуллаеванинг ҳозирги синовли кунларда уйини таъмирлашга имкон тополмаётгани ҳақидаги мурожаати ҳам жойида ўрганиб чиқилди. Мазкур оилага саховатпеша тадбиркор томонидан 10 миллион сўмлик қурилиш материаллари берилди.
Мирзачўл тумани «Дўстлик» маҳалласида яшовчи Барно Умарова ҳам бугунги карантин даврида рўзғорида озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигини сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал этилди.
Ҳозирда вилоятда хотин-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш, даромад топиши учун шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда 16 мингдан зиёд хотин-қиз оғир турмуш шароитида яшамоқда. Улар кам таъминланган, ишсиз, уй-жойга муҳтож ва ногиронлиги бор аёллар бўлиб, ҳар бирининг муаммосига индивидуал ёндашув талаб этилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сон қарорига биноан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ажратилаётган арзон уй-жойларга эҳтиёж юқори. Вилоят бўйича 2850 нафар аёл уй-жойга муҳтож. Жорий йилнинг ўтган даврида 730 нафар хотин-қиз ана шундай уй-жойлар билан таъминланди.
Уй билан таъминланганлар орасида иш ҳақи етарли эмаслиги сабабли кредит тўловини ўз вақтида тўлолмаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Жумладан, Пахтакор тумани «Олмазор» қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Феруза Хожарова уй-жой олиш учун кредит расмийлаштиришда муаммоси борлигини айтиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида хотин-қизларнинг мурожаатларини ўрганиш бўйича узлуксиз ишлайдиган «Call-center» хизматига мурожаат қилган. Ушбу мурожаат ҳам ўз ечимини топди. Тумандаги «Пахтакор барака чеварлари» тикув цехи раҳбари О.Урдушев кафил бўлиб, фуқарога 5 миллион сўмлик кафиллик сертификати топширилди.
Бугун ҳар бир оила фаровонлиги ва оилавий қадриятларимизга, хотин-қизлар муаммоларига бефарқ бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Бу жараёнда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, юзага келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ўз вақтида ҳал этиш орқалигина ишонч ҳиссини янада мустаҳкамлашимиз мумкин.
Муқимбой Исмоилов