05.06.2020. Бизда айрим ходимлар сменали режимда ишлайди. Шу туфайли уларнинг умумий иш вақтининг давомийлиги белгиланган нормадан ошиб кетмоқда. Бу мумкинми? Ёки уларнинг ортиқча ишлаган вақтини Меҳнат кодексида айтилганидек “иш вақтидан ташқари иш” деб баҳолаб, икки ҳисса ҳақ тўлаб қўйиш кифоями?
Аввало “иш вақтининг нормал муддати”, “сменали иш” ва “иш вақтидан ташқари иш” деган тушунчаларни бир-бирларидан фарқлаб олишимиз лозим.
Иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 саотдан ошмаслиги кераклиги Меҳнат кодексининг (кейинги ўринларда МК деб юритилади) 114-моддасида белгилаб қўйилган. Демак, ҳафтасига 5 иш куни режимида ишлайдиганлар учун кундалик иш вақти 8 соатдан, 6 иш куни режимида ишлайдиганлар учун, ҳафтанинг 1 кунида иш вақти камида 2 соатга қисқартирилган ҳолда, кунига 7 соатдан ошмаслиги керак.
Аммо ҳар доим ҳам бунга қатъий амал қилишни имкони бўлмаслиги мумкин. Баъзи ҳолларда ишлаб чиқариш зарурияти сабабли айрим ходимларни, балки барча ходимларни, бундан кўпроқ вақт ишга жалб қилиш тақазо этилиши мумкин.
Бундай вазият учун МКнинг 123-моддаси иш берувчига кўмакдошдир. Яъни, бу моддага биноан иш берувчи ишни иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш услубида жорий қилиши мумкин.
Бунинг учун иш берувчи қуйидаги шартларга риоя қилиши талаб этилади.
а) ҳисобга олинадиган давр бир йилдан, кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати эса ўн икки соатдан ортиб кетмаслиги лозим;
б) жамлаб ҳисобга олинганда юзага келган нормал иш вақтидан ортиқча вақтларни ва вақтлар учун тўланган иш ҳақини “жамлаб ҳисобга олиш даври (муддати)” тугагандан кейин иш вақтини ҳам, тўланган иш ҳақини ҳам умумий нормаларга тенглаштириш лозим. Яъни, мисол учун жамлаб ҳисобга олиш 6 ой давом этган бўлса, кейинги олти ойда иш вақтларини қисқартириш ҳисобига белгиланган умумий давомийликка тенглаштириш керак бўлади.
Жамлаб ҳисобга олинадиган вақтда ишлаганлик учун иш ҳақи умумий тартибда тўланади.
Баъзида эса, бундай тартибга хожат бўлмасдан, ҳақиқатдан ҳам иш вақтидан кейин яна ишга жалб қилиш зарурияти туғилиши мумкин, ўша 8 ёки 7 соатдан кейин қолиб ишлаш керак бўлади. Мана бу “иш вақтининг нормал давомийлиги”дан фарқ қилган ҳолда “иш вақтидан ташқари иш” бўлади.
Иш вақтидан кейинги иш учун камида 2 ҳисса ҳақ тўланиши керак.
“Сменали иш” юқорида қайд этилган ҳар иккала тушунчадан ҳам фарқ қилади. Сменали ишда ишловчиларнинг иш вақти ҳам 12 соатдан кўп бўлиши мумкин эмас.
Аммо 12 соатлик режим ҳисоблаб борилса бир ҳафтада ҳафталик иш вақти белгиланган 40 соатдан кўп, баъзи ҳафтада кам бўлиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам иш берувчи бундай режимда ишловчи ходимларнинг иш вақтини умумий ойлик ёки йиллик нормадан ошиб кетишига йўл қўймаслиги керак. Бу балки қўшимча ходимларни ишга жалб қилишни тақазо этиши ҳам мумкин.
Белгиланган нормадан ортиқча ишлаган вақтга маълум бир давр якуни бўйича, саволда сўралгандек – оширилган миқдорда ҳақ тўлаб қўйиш кифоя эмас. Чунки саволда назарда тутилган қўшимча ҳақ иш вақтидан ташқари вақтда ишлаганлик учун тўланиши мумкин. Иш вақтидан ташқари вақтда ишга жалб қилиш учун ходимнинг розилиги керак бўлади ва бу ҳақда иш берувчининг алоҳида буйруғи чиқарилиши лозим. Қолаверса иш вақтидан кейинги вақтда ишга жалб қилиш йил давомида 120 соатдан ошмаслиги керак.
Биз туман тиббиёт бирлашмасида 13 йилдан бери кир ювишда ишлаб келяпмиз, кунига 120 килограммдан ҳамда қонли операцион кирлар ювиш учун хлор билан ишлаймиз. Бир ставка ойлик 650 минг сўм, стажимизга ҳам қўшилмас экан. Бундан ташқари, карантиндагилар кирини ҳам ювяпмиз. Экономистдан ойлик оз, зарарли хлор билан ишлаймиз десак, қанча йил ишласангиз ҳам сизларни ойлик маошингиз ошмайди, хўжалик бўлимига кирасизлар дейди. Тиббиётни одами эмассизлар деяпти. Биз ахир тиббиётни кирини ювамизку. 3-разрядда ишлайсизлар дейди. Шунга маслаҳат беринг, олдиндан рахмат. Ойлик тирикчилигимизни қопламаяпти, бир хонада қабул қилиш, саралаш, тахлаш, ювиш, тушлигимиз ҳам ичида.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 795-сон қарори билан тасдиқланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификаторида (тартиб рақами 3119) – Кир ювиш машинаси оператори учун 4 разряд белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 743-сонли қарорининг 4-иловасида “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда банд бўлган хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимлари ходимлари айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар” тасдиқланган бўлиб, унинг 8-бандида барча номлардаги механик, техниклар, операторлар ва лаборантларга ягона тариф сеткаси бўйича 6 разряд белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, штатлар жадвалига “кир ювиш машинаси оператори” деб киритилган бўлса, Сизга 6 разряд белгиланиши лозим.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди