11.06.2020. Ходим меҳнат таътили ва ўз ҳисобидан олиши мумкин бўлган барча таътиллардан фойдаланиб бўлди. Ходимнинг асосий иш жойи Тошкент шаҳрида бўлганлиги ва Тошкент вилоятидан ишга қатнаб ишлашини, ҳозирда вилоятдан шаҳарга қатнаб ишлашда жамоат транспортининг вақтинча тўхтатилгани, чегара постидан ўтишда қийналаётгани, шунингдек, уни машинаси йўқлиги сабабли ишга келолмаяпти. Уни ишини қандай ташкил қилишим керак?
Биринчи усул, сиз унга ишга келиб-кетиши учун автотранспорт воситаси билан таъминлашингиз ва чегара постидан ўтишида иш жойидан бериладиган рухсатнома расмийлаштириб беришингиз керак.
Иккинчи усул, ходимни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишингиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2020 йил 28 мартда 3228-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 мартдаги 9-2020/Б-сон буйруғига иловада тасдиқланган “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом” талаблари асосида ишни ташкил этилади.
Учинчи усул, ходим билан келишувга асосан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 374-моддасига кўра, асосий иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш орқали унга таътил бериш. Бу ҳолда ходимнинг ёзма розилиги бўлиши шарт.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди