12.06.2020. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улугбек Лапасов иштирокида видеоконференция шаклидаги учрашув бўлиб ўтди
Бутун дунёни ларзага солган пандемия шароитида ХМТ ва унинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан бўлиб ўтган мазкур очиқ мулоқотда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиков иштирокчиларни 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни билан самимий табриклаб, пандемия шароитида ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш масалаларига тўхталиб ўтди.
– Мазкур масалалар шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат эътиборида эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман, – деди жумладан Қ.Рафиков ўз сўзида. – Шахсан Президентимиз ташаббуси билан пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган қатор Фармон ва Қарорлар қабул қилиниб, уларга асосан Ўзбекистондаги 540 минг оилага 307 миллиард сўмлик кўмак берилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига тўхталар экан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ХМТнинг 100 йиллик Меҳнат соҳаси истиқболлари тўғрисидаги Декларациясида халқаро меҳнат нормаларини ратификация қилиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш белгилаб қўйилгани, худди шунга ҳамоҳанг тарзда ўтган 2019 йилда Ўзбекистон томонидан ХМТнинг 3 та Конвенцияси ратификация қилинганини алоҳида қайд этди. Бундан ташқари, 2020 йилнинг март ойидан кучга кирган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги Қонуни ХМТ стандартлари, жумладан, ХМТнинг 87-Конвенцияси талабларига уйғунлаштирилгани, 2019 йилда республика ва минтақалар миқёсида тузилган Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар ҳам ўз ишини бошлагани таъкидлаб ўтилди.
– Глобал пандемия шароитида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда меҳнаткашларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида тизимли ишларни олиб бормоқда, – деди Қ.Рафиков ўз сўзини давом эттирар экан. – Аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш Республика комиссияси таркибига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакилининг киритилиши натижасида ушбу жараёнда меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўла инобатга олинмоқда.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, пандемия даврида Федерациянинг “Қудратимиз – бирликда, биз ғалаба қозонамиз!” шиори остидаги Мурожаати барча ватандошлар, меҳнаткашлар, фахрийлар, аёллар ва ёшларга йўлланди.
Коронавирус пандемияси даврида меҳнат муносабатлари бўйича касаба уюшмаларининг тавсиялари ишлаб чиқилди, ходимларни масофавий иш усулида, мосланувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби жорий қилинди. Карантин чекловлари юмшатилаётгани муносабати билан корхоналарда хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратига олинди.
Жамоатчилик назорати тартибида, 2 минг 527 та объектда ишловчи қарийб 182 минг нафар ходимнинг меҳнат шароитлари ўрганилди. Натижада меҳнат ва дам олиш шароитлари етарли бўлмаган, махсус кийим билан таъминланмаган, ҳимоя ниқоби ва антисептик воситалар мавжуд бўлмаган ҳолатлар аниқланган ҳолларда, камчиликларнинг жойида бартараф этилиши таъминланди.
Пандемия шароитида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Ўз навбатида Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер ҳам Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунида мазкур видеоконференция шаклида онлайн мулоқот ташкил этилганидан мамнун эканлигини билдириб, болалар меҳнатига йўл қўймаслик бўйича Ўзбекистондаги уч томонлама ҳамкорлар билан биргаликда диққатга сазовор ютуқларга эришилганлигини алоҳида таъкидлади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг улкан аҳамиятга эга эканлиги, бунинг натижасида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилганини эътироф этди.
Шунингдек, пандемиянинг жаҳон миқёсида иқтисодиётга ўз салбий таъсирини ўтказганини, Ўзбекистон раҳбарияти пандемия шароитида ҳам аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётиб, тизимли ишлар олиб бораётганини алоҳида қайд этди. Айни кунда Ўзбекистон билан биргаликда олиб борилаётган ҳамкорлик йўналишлари, муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини давом эттириш, шу мақсадда янги дастур ишлаб чиқиш устида иш олиб борилаётгани, ХМТ Конвенцияларини ратификация қилиш йўналишидаги ишларни давом эттириш борасидаги фикрларини билдирди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиков томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда меҳнат соҳасидаги уч томонлама шерикликнинг жуда ҳам долзарб аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати