[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.06.2020. Ходим сиртдан Россия давлатидаги олий ўқув юртида ўқийди. Ҳозир имтиҳон сессияси бошланиши сабабли ўқиш билан боғлиқ таътил беришни сўрамоқда. Аммо у имтиҳон топшириш учун Россияга бормайди, чунки карантин. Бу ходимга ўқиш билан боғлиқ таътил бериладими ёки бермаса ҳам бўладими? Чунки у масофада туриб имтиҳон топширади.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини (кейинги ўринларда МК деб юритилади) 256-моддасида олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олиш муносабати билан бериладиган таътиллар назарда тутилган.

Унга биноан олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессиясида қатнашиш даврида қуйидаги тартибда:

– биринчи ва иккинчи курсда таълимнинг кечки шаклида олий ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида йигирма календарь кун;

– ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида ўн календарь кун;

-олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганларга ҳар йили камида ўттиз календарь кун;

– учинчи ва ундан кейинги курсда таълимнинг кечки шаклида олий ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида ўттиз календарь кун;

– ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида йигирма календарь кун;

– олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганларга ҳар йили камида қирқ календарь кун;

– олий ва ўрта махсус ўқув юртларида битирув имтиҳонларини топшириш даврида камида ўттиз календарь кун;

– диплом лойиҳасини (ишини) тайёрлаш ва ёқлаш даврида олий ўқув юрти талабаларига тўрт ой;

– ўрта махсус ўқув юрти талабаларига эса икки ой муддат билан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар берилиши белгилаб қўйилган.

Ундан ташқари, олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг охирги курсларида ўқиётган ходимларга диплом лойиҳасига материаллар тўплаш учун ўттиз календарь кун муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, МКнинг 257-моддасида сиртдан таълим олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессиясида қатнашиш мақсадида ўқув юрти жойлашган ерга бориши ва у ердан қайтиб келиши учун йилига бир марта йўл киранинг эллик фоиздан кам бўлмаган қийматини иш берувчи тўлаши ҳам белгилаб қўйилган.

Демак, саволга жавоб шуки, ходимга ўқиётган ўқув юртидан (оллий ёки ўрта махсус), нечанчи курсда ўқиётганлигидан ва ўқишнинг шаклидан (кечки ёки сиртдан) келиб чиққан ҳолда юқорида келтирилган давомийликда таътил берилиши шарт. Аммо, ходим имтиҳонларни ўқув юртига бормай масофавий тарзда топшириши сабабли унга йўл қира ҳақи тўланмайди.

Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди