19.06.2020. Фарзандим коллеж ўқувчиси, ўзим оилавий поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайман. Фарзандимнинг соғлиғи сабаб бюллетенга (вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси) чиққандим. Ишхонам бюллетен учун 100 фоиз ҳақ тўлашмаяпти, 80 фоиз тўлаб берамиз дейишяпти. Шу тўғрими?
Тўғри, Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган)нинг 26-бандига кўра Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъий назар иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қуйидагиларга тўланади:
ишлаётган 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига;
байналминал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга;
қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;
Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;
Чернобил АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;
меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга.
27-бандида белгиланганидек, Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, СПИД, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга улар томонидан давлат ижтимоий суғурта бадали тўлаган даврининг (умумий иш стажининг) давомийлигига боғлиқ равишда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:
а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида;
б) умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
в) умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.
Мазкур Низомнинг 26 ва 27-бандларида назарда тутилган ходимлардан ташқари қолган ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа қуйидаги миқдорларда тўланади:
а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
б) умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида тўланади.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди