20.08.2020. Хабарингиз бор, бундан бир неча кун илгари ижтимоий тармоқларда касаба уюшмалари фаолияти билан боғлиқ баҳслар авж олди. Виртуал мулоқотларда турли фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Ҳатто айримлар касаба уюшмаларини «ўлик ташкилот»га ҳам чиқариб қўйди…
Шундан сўнг ҳар бир мурожаат ва саволга юзма-юз жавоб бериш, тизимда амалга оширилаётган ишлар билан кенг оммани хабардор этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси барча журналист ва блогерларни очиқ мулоқотга чорлади.
Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтида ана шу тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари мутасаддилари, масъул ходимлари, шунингдек, видеоконференцалоқа шаклида вилоятлар касаба уюшма ташкилотлари раислари иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар билан кечган жонли мулоқотда тизим фаолиятига дахлдор саволларга батафсил ва аниқ жавоблар берилди.
Меҳнат муҳофазасига дахлдор ҳар бир ҳолат – эътиборда
Касаба уюшмалари фаолияти бўйича ўтказилган очиқ мулоқот давомида яна бир қанча долзарб саволлар ўртага ташланди. Хусусан, блогер Баҳодир Аҳмедов касаба уюшмалари фаолиятини жамоатчиликка тарғиб қилиш борасида камчиликлар борлиги, қилинаётган ишлардан хабардор қилиш, билдирилаётган муносабатларга дарҳол жавоб бериш кераклигини таъкидлаб, шундай савол берди:
– Юнусободдаги метро қурилишидаги бахтсиз ҳодиса, бундан бироз аввал Мажбурий ижро бюроси билан боғлиқ ҳолатлар, ўтган йили Риштонда мажбурий меҳнат бўйича кўтарилган мавзу бўйича касаба уюшмалари муносабат билдирдими?
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси «Меҳнатни муҳофаза қилиш» бўлими бошлиғи Нодира Каримованинг билдиришича, шу даврга қадар мамлакатимизда рўй берган бахтсиз ҳодисаларнинг биронтаси эътибордан четда қолмаган. Ҳар бирининг келиб чиқиш сабаблари мутахассислар томонидан ўрганилиб, тегишли идораларга маълумот ва таклифлар тақдим этилган.
– Умуман касаба уюшмаларининг молиявий имкониятлари қандай шаклланади ва улар қандай тақсимланади?
Бу саволга Федерация мутахассислари қуйидагича жавоб қайтарди:
– Касаба уюшмасининг асосий даромади касаба уюшмаларининг аъзолик бадаллари ҳисобидан келади. Йиғилган маблағлар санаторийларнинг моддий-техник базасини янгилаш, янги санаторийлар қуришга сарфланади. Касаба уюшмалари тизимида айни пайтда 24 та санаторий ишлаб турибди. Шундан олтитаси охирги тўрт йилда қуриб фойдаланишга топширилган.
– Қайси йирик корхона ва ташкилотларда ходимлар манфаати қай тарзда ҳимоя қилинди? Меҳнат муҳофазаси, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа йўналишларга оид қандай таклифлар илгари сурилди? Охирги марта давлатга ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар берилдими? Улар қачон ва қайси давлат дастурига киритилди ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ўз аксини топди?
Федерация мутахассисларининг жавоби қуйидагича:
– Ўтган йили «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги қонуннинг қабул қилиниши катта тарихий воқеа бўлди. Ушбу ҳужжат билан меҳнат инспекциялари фаолияти қайта йўлга қўйилди. Авваллари бизга аъзо бўлмаган ташкилот ёки корхоналарнинг фаолиятига аралашишга, у ерда ишлаётган ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаққимиз йўқ эди. Янги қонунга биноан эндиликда ташкилот аъзо бўлмаган корхона ва ташкилотлардаги ходимларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига эга. Мазкур ҳужжат касаба уюшмалари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
– Педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилмоқда. Касаба уюшмалари бунга жим қараб турибди. Хўш, буни қандай изоҳлайсиз?
– Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тизимида 18 минг 231 та ташкилот мавжуд, – деди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов. – Аъзолар сони қарийб бир ярим минг нафарга яқин. Республика бўйича 202 та туман ва шаҳар кенгашлари фаолият юритмоқда. Бевосита саволга тўхталадиган бўлсам, бу масалага барча туман ва шаҳар кенгашлари фаоллик билан ўз муносабатини билдиришган. Карантин муносабати билан кўплаб тушунмовчиликлар юзага келгани ҳақиқат. Аксарият муаммолар жойида бартараф этилган. Аслида бундай хабарларнинг ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиши ҳаммага бирдек фойдали. Лекин бу касаба уюшмалари ишламаётганини англатмайди.
Covid-19ни юқтирган тиббиёт ходимларининг сони нечта?
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳод Ҳанапияев коронавирусга чалинган тиббиёт ходимлари ҳақида маълумот берди.
– 1 август ҳолатига кўра, тизимда 1249 нафар тиббиёт ходими Covid-19 касалига чалинган. Шулардан 125 нафари ихтисослашган марказларда ишлаган. Бундан ташқари, амбулатория, касал ёнида ёки реанимация бўлимида, СЭС тизимида, умуман, иш билан боғлиқ ҳолатда 898 нафар тиббиёт ходими вирус юқтирган. 226 нафар соғлиқни сақлаш соҳаси ходими ишдан ташқари ҳолатларда касалликка чалингани маълум бўлган. Афсуски, пандемия сабабли тиббиёт ходимлари орасида йўқотишлар ҳам бўлди. Коронавирусга чалинган ходимларнинг 33 нафари вафот этди. Шундан 3 нафари ихтисослашган тиббий марказларда меҳнат қилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигига маълумот берилган.
Республика махсус комиссиясига ҳам тегишли таклифлар тайёрланган. Ҳозирда ихтисослашган марказда ишловчи ходим касаллик юқтирса, 100 миллион сўм, агар вафот этса, 250 миллион сўм берилади. Тизимда 72 минг нафар врач, 320 минг нафар ҳамшира ишлайди. Биз ҳали пандемиянинг қайси босқичида турганимизни билмаймиз. Шу боис компенсация тўлашдан бўйин товлаб бўлмайди. Ихтисослашган марказларда ишлашга талаб кўплигининг боиси шунда. Лекин карантин зонасида ишлаётган ходимларга бу имтиёз берилмаган. Ўрганишлар давомида 1 август ҳолатида тиббиёт ходимларига 23 миллиард сўм маблағ тўланмагани маълум бўлди. Президент фармони, махсус комиссия қарори чиққан, лекин маблағ таъминотида узилиш ҳолатлари кузатилган. Шу сабабли пул берилиши кечиккан.
«Тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузларга жим қараб турмаганмиз»
Маълум қилинишича, охирги икки-уч йилда 302 нафар тиббиёт ходимига турли кўринишдаги тан-жароҳатлари етказилган. Бу ҳолатларни касаба уюшмалари эътибордан четда қолдирмаган. Касаба уюшмалари ташкилотлари мазкур ҳолатни назоратга олган ва ҳар бири бўйича тегишли чора-тадбирларни кўрган.
– Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида юз берган ҳолатни шахсан ўрганганман, – деди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳод Ҳанапияев. – Унгача ҳам бундай ҳолатлар учраб турган, лекин оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмаган. Ҳозир вазият ўзгарди, эндиликда бундай зўравонликка қарши дарҳол чора кўрилади. Бу бўйича қонун лойиҳаси тайёрланиб, ваколатли органларга тақдим этилган. Тез орада бу борада ижобий ўзгаришлар рўй бериши кутилмоқда.
«Касаба уюшмасининг пули
«қора касса» эмас»
Очиқ мулоқотда касаба уюшмаларининг маблағи қандай ишлатилиши ва аъзоларга қандай қайтарилиши хусусидаги саволга қуйидагича жавоб берилди:
– Касаба уюшмасининг маблағи, йиғиб-йиғиб кимгадир бериладиган «қора касса» эмас. Касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ижтимоий шериклар билан ходимлар учун қонунларда белгиланган имтиёзлардан ҳам зиёдроқ фойда берувчи жамоа шартномалари тузиб, шу орқали касаба уюшма аъзосига даромадини қайтаришдан иборат.
Меҳнат кодексига мувофиқ ходимга 15 кундан кам бўлмаган меҳнат таътили берилиши шарт. Лекин соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари амалда 24 кун таътил олади. Бу тиббиёт ходимларининг тармоқ келишуви ва жамоа шартномасига киритилган бандлар ҳисобига 9 кун қўшимча таътилга чиқаётганини кўрсатади. Бу биргина банднинг ходимга бераётган фойдаси. Касаба уюшмаларининг ходимлар учун бошқа кўплаб имтиёз ва ҳуқуқлари ҳақида узоқ гапириш мумкин.
Карантин вақтида ишдан бўшатиш мумкинми?
Очиқ мулоқот давомида шундай савол ўртага ташланди. Федерация мутахассислари унга ҳам батафсил жавоб беришди:
– «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармонининг 16-бандида коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши белгиланган. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврининг календарь муддати борми? Карантин вақтида 13 ёшли фарзанди бор ходим ишдан бўшатилса, судга мурожаат қилиш учун календарь куни қандай аниқланади?
Муддат бор, албатта. У Республика махсус комиссияси қарорига асосан белгиланади. Агар ходим карантин вақтида ишдан бўшатилган бўлса, Меҳнат кодексининг 269-моддасига асосан бир ой ичида судга мурожаат қилиши керак.
Таъкидлаш жоизки, ҳали Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам коронавирус пандемияси қачон тугаши ҳақида маълумот бергани йўқ. Шу сабабли карантин батамом тугатилгани ҳақида Республика махсус комиссиясининг қарори эълон қилинмади. Карантин қачонгача давом этиши аниқ бўлмагани учун айни пайтда ходимни ишдан бўшатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Касаба уюшмаларига амалиётда икки марта шундай ҳолат бўйича мурожаат келиб тушди ва улар ижобий ҳал этилди. Аниқроқ айтганда, ноҳақ бўшатилганлар ишга тикланди.
Холислик асосий мезон бўлсин
– Албатта, касаба уюшмалари ҳам хато ва камчиликлардан ҳоли эмас, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Юридик бўлими мудири Ҳамидулла Пиримқулов. – Лекин сўнгги йилларда тизимда жуда кўплаб ишлар амалга оширилди. Ноҳақ ишдан бўшатилган кўплаб ишчи-ходимларнинг манфаатлари судларда ҳимоя қилингани, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга киритилган тақдимнома ва тавсиялар, биргина шу йилнинг ўзида минглаб ночор оилалардаги аёллар муаммоларининг ҳал этилиши каби амалга оширилаётган ишларни бирма-бир санашга ҳозир вақт етмайди. Шундай экан, ишчи-ходимлар манфаатини ҳамиша ҳар нарсадан устун қўядиган ташкилотни ишламайдиганга чиқариш адолатдан эмас. Бу ҳеч қандай меъёрларга тўғри келмайди. Албатта, бундай ҳолатлар ўз баҳосини олиши шарт. Яъни бугунгидек очиқ мулоқотларни касаба уюшмалари фаолиятини холисона таҳлил қилишга зарурат мавжуддир. Бунда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларнинг ёрдами жуда зарур. Шу билан бирга, улар ўз бурчларини – холис ахборот бериш вазифасини ҳам унутмаслиги даркор. Ана шундагина адолат қарор топади.
Мулоқот давомида журналистлар ва блогерларнинг касаба уюшмалари фаолиятига доир бошқа саволларига ҳам жавоб берилди. Ушбу очиқ мулоқотни ishonch.uz сайти ва «Ishonch» газетасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида батафсил кўриш мумкин.
Ғуломжон Мираҳмедов
Аъзам Абулфайзов