20.08.2020. Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги – миллий юксалиш босқичига дадил қадам қўймоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл очилди, инвестиция киритиш кафолатлари кучайтирилди. Жалб этилаётган инвестициялар, биринчи навбатда, иқтисодиётни модернизациялаш, таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва товарларни диверсификациялашга йўналтирилгани натижасида уларнинг технологик таркиби ҳам ўзгариб, самарадорлиги ортмоқда. Бундай ютуқларга эришишда касаба уюшмаларининг ҳам ўзига хос ҳиссаси бор.
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг сўнгги беш йиллик давридаги фаолияти сарҳисоб қилинган онлайн тарзда ўтказилган IV Қурултойда бу жиҳатлар алоҳида таъкидланди. Бу даврда амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, келгусидаги фаолиятнинг устувор қирралари белгилаб олинди.
Ташкилий фаолият – бош мезон
Қурултойда таъкидланганидек, ҳозирги кунда ишчи ва хизматчилари тармоқ касаба уюшмаси хизмати билан қамраб олинган тўқимачилик, коммунал, савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш корхоналари, бозорлар, савдо комплекслари, ҳунармандлар, оилавий, якка тадбиркорлар ва тармоққа оид кичик бизнес субъектларида 249 334 нафар касаба уюшмаси аъзоларини ўз таркибига бирлаштирган 2642 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолият юритмоқда.
Икки йил бурун касаба уюшмаси тармоқ тизимидаги 2597 та ташкилотда бўлган бўлса, 2020 йил ҳолатига бу кўрсаткич 2642 тани ташкил этди. Бу, ўз навбатида, аъзолар сони ҳам ўсиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди деганидир.
Ўтган йилларда катта эътибор нодавлат секторига мансуб бозорлар, меҳмонхоналар, хунармандлар, оилавий корхоналар, кичик бизнес корхоналари, трансмиллий корхоналарни тармоқ касаба уюшмасига жалб этиш ва уларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий манфаатлари ҳимоясини таъминлашга берилди. Бу борада 1200 дан зиёд бошланғич касаба уюшма ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатилди.
Ижтимоий-иқтисодий манфаатлар ҳимояси
Ижтимоий шерикликни ривожлантириш мақсадида Республика Кенгаши ва 10 та паритет органлар ўртасида 2015-2020 йилларга мўлжалланган тармоқ келишувлари асосида қатор ишлар амалга оширилди.
Тармоқ касаба уюшмаси томонидан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” ижроси бўйича тасарруфдаги ташкилотларда имзоланган жамоа шартномалари орқали ишчи-ходимларга, пенсия ёшидаги кишиларга нафақага чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш, юбилей саналари муносабати билан тақдирлаш, корхоналарнинг собиқ ходимлари, икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларини қисман қоплаш, кам таъминланган ёш оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа кўринишдаги кўмак бериш ишлари учун 6473 нафар ишчи-ходимга иш берувчилар ҳисобидан 1 млрд. 100 млн сўм, касаба уюшмалари ҳисобидан эса 146 млн. 375 минг сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Қабул қилинган тармоқ келишувларига асосан тармоқ тизимига кирувчи бошланғич касаба уюшма ташкилотлари, кичик бизнес субъектлари, корхоналарда ходимлар сонидан қатъи назар, юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари тузилиб, уларга давр талабидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб борилди.
2015-2019 йил давомида тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг жамоа шартномаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш комиссияси томонидан 115 та юридик шахс мақомидаги корхона ва ташкилотда қабул қилинган жамоа шартномаси лойиҳалари ўрганиб чиқилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан ёзма хулосалар берилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳар йили қабул қилинадиган Давлат дастурлари ижроси юзасидан Республика кенгаши томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб жойларга етказилди ва ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Тасарруфдаги корхона ва ташкилотларда қабул қилинган жамоа шартномалари орқали ходимларнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида имтиёзлар ажратилди.
Бандликни таъминлаш масалалари бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қисқартирилаётган ходимларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари кўмагида корхона ва ташкилотларда ходимлар бошқа касбларга қайта ўқитилиб, малакаларини оширишди.
Касаначилик меҳнатидан фойдаланаётган тармоқ корхона ва ташкилотлар сони йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Жумладан, 2015 йилда 429 та корхона ва ташкилотда 4550 нафар касаначи учун иш ўрни очилган бўлса, 2019 йилга келиб 512 та корхона ва ташкилотда 4916 та касаначилик иш ўрни ташкил этилди.
Барпо этилган янги иш ўринларида қонун ва меъёрлар талабига мос муносиб меҳнат шароитлари яратилишининг ҳаққонийлиги жойларга чиқиб ўрганилди.
Тузилаётган жамоа шартномаларида иш ҳақига доир масалалар алоҳида ўрин эгаллайди. Тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда, шу жумладан, кичик бизнес субъектларида энг кам иш ҳақи стандартларига риоя қилиш ва дам олиш кунларида ишга жалб этилганда қонун ҳужжатлари асосида тўловларни амалга ошириш бўйича жамоа шартномаларига тегишли бандлар киритилишига эришилди. Иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш масалалари ҳам ҳал этиляпти.
Меҳнат муҳофазаси йўлида
Ҳисобот даврида меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик назоратини талаб даражасида ташкил қилиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилишини таъминлаш ва назорат қилиб бориш бўйича касаба уюшма органлари комиссиялари ва сайланган ваколатли вакиллар фаолиятини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида 360 та йирик корхона ва ташкилотнинг назорат-профилактика фаолиятлари ўрганилди ва амалий ёрдам кўрсатилди. Бу пайтда ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича ўқиш ва йўриқларни талабларга мувофиқ ташкил этиш, жамоат комиссиялари аъзолари ва вакилларининг ўқувини ташкил этиш, фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртасини ўтказиш ва бошқа масалаларга катта эътибор берилди.
Ўтган даврда 448 та меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонун, қоида ва меъёрлар бузилишлари аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича иш берувчи ва бошланғич касаба уюшмаларига 395 та тақдимнома киритилди. Уларнинг 93 фоизидан ортиғи касаба уюшмаси аралашувидан кейин белгиланган муддатларда бартараф этилди.
Тармоқ корхона ва ташкилотларида ўтказилган иш ўринларининг шаҳодати бўйича берилган хулосаларда кўрсатилган зарар ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини бартараф этиш бўйича тавсиялар асосида чора-тадбирларни ишлаб чиқилиб, уларнинг жамоа шартномалари ва меҳнат муҳофазаси битимларига киритилишига эришилди. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси бўйича уч босқичли маъмурий-жамоат назоратининг йўлга қўйилиши, унда иштирок этувчи меҳнат муҳофазаси вакиллари ва жамоат комиссиялари аъзоларининг ўқув ва малакаларини ошириш масалаларига катта аҳамият берилди.
Ҳисобот даврида 2762 та корхонада уч поғонали назорат йўлга қўйилди, 11250 та меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ва комиссия аъзолари меҳнат муҳофазаси бўйича иш берувчилар ҳисобидан ўқитилди.
Лекин амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, айрим корхоналарда хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтиришга етарлича эътибор берилмагани ортидан ишлаб чиқаришда 2015 йилда 17 та, 2019 йилда 7 та бахтсиз ҳодиса содир этилди.
Шунингдек, баъзи корхоналарда ишловчиларни ўз вақтида ва сифатли махсус кийим-бош, ҳимоя воситалари, даволаш профилактика озиқ-овқатлари билан таъминлаш борасида камчиликларга йўл қўйилгани бу борадаги фаолиятни янада кучайтиришни тақозо этади.
Мурожаатлар – эътиборда
“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатларини бартараф этиш юзасидан зарур чораларни кўриш касаба уюшма ташкилотлари фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг
2015 йил 21 апрелдаги қарорига асосан “Касаба уюшмаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида Республика кенгашида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўлга қўйилиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган даврда тармоқ касаба уюшмасига фуқаролардан турли йўналишларда келиб тушган 137 та мурожаатнинг аксар қисми ижобий ҳал этилди.
Ўрганилган ёзма аризаларда меҳнаткашларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга оид иш берувчиларга 27 та тақдимнома ва фуқаролик ишлари бўйича судларга 7 та даъво аризаси киритилди ва 8 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланиб, уларга 33 млн. 833 минг сўм миқдорида моддий зарар ундириб берилди.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш, мукофотлар, қўшимча тўловлар ва устамаларни ундириб бериш, ишга тиклаш, ногиронлик нафақаси, йўлланмалар олиш каби масалалар юзасидан “Ишонч телефони” орқали 1000 дан ортиқ мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Маънавий-маърифий соҳа диққат марказида
Ҳисобот даврида тизимдаги меҳнат жамоаларида қатор мавзуларда “Маънавият соатлари” ўтказилди. Ҳар ойда бошланғич ташкилотларда ўтказилган бундай тадбирларда 2 мингдан ортиқ ишчи-ходимлар иштирок этган. Уларда мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, кўҳна қадриятлар, бой тарихимиз ва маданий меросимиз ҳамда соғлом турмуш тарзига оид мавзуларда мулоқотлар ўтказилган.
Касаба уюшмаси томонидан “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш Концепцияси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ўтган вақт давомида қатор ишлар амалга оширилди. 2017 йилда Тошкент шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида тармоқ касаба уюшмаси ташкилотлари ходимлари ўртасида мини-футбол бўйича республика очиқ турнири ўтказилди.
2018 йилда эса ҳудудларда “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остида республика оилавий спорт мусобақалари ташкил этилиб, уларда ҳудудлардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган 8 минг нафар ходим ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Шу билан бирга, корхона ва ташкилотлар билан имзоланган қўшма қарорлар асосида ёшлар ўртасида ўтказилган “Ёшлар-тур” веломарафони, “Шунқорлар”, “Ёш чегарачилар”, “Футболимиз келажаги”, “Маҳалламиз паҳлавонлари” каби спорт мусобақаларида касаба уюшмаларининг ҳамкорлиги таъминланди.
“Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан истироҳат боғларида “Спорт – саломатлик гарови”, “Спорт – менинг ҳамроҳим”, “Соғ танда – соғлом ақл”, “Болалар спартакиадаси”, “Касаба-тур болажон” каби туркум спорт-соғломлаштириш тадбирлари ташкил қилинди.
Акциялар доирасида ёз мавсуми давомида барча стационар ва кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олаётган болалар ўртасида “Соғлом бола – юрт келажаги”, “Соғломжон – полвонжон” каби кўплаб спорт тадбирлари ўтказилди, Олимпиада, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати ва халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган таниқли спортчилар билан учрашувлар ташкил қилинди.
Халқаро фаолият кўлами кенгаймоқда
Халқаро ва турдош касаба уюшма ташкилотлари билан алоқалар ҳисобот даврида ҳам изчил ривожланиб, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқот учун қулай шарт-шароитларни яратиб берди. Хусусан, юртимиз ва бир қатор хорижий давлатларда ўтказилган халқаро конференция, ўқув, семинар, тренингларда касаба уюшма вакиллари қатнашди.
2019 йилда илк маротаба Савдо, умумий овқатланиш, матлубот кооперация ва тадбиркорликнинг турли шакллари ходимлари Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг навбатдаги конференцияси Тошкент шаҳрида муносиб тарзда ташкил этилди.
2019 йил 19-26 ноябрь кунлари Франция Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Миллий Федерациясининг таклифига биноан Париж шаҳрида “Савдо тармоғидаги сўнгги ўзгаришлар: иш ўринларининг қисқариши ва касбларнинг роботлашуви” мавзусидаги халқаро семинарда қатнашган тармоқ вакиллари “Йирик трансмиллий савдо компанияларнинг молиявий манфаатларида амалга ошираётган ишлари тўғрисида”ги мавзу бўйича халқаро семинарда иштирок этишди. Мазкур тадбирда Франция, Португалия, Кипр, Италия, Сербия, Монако, Греция, Россия, Қозоғистон, Фаластин, Миср, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Тунис каби мамлакат касаба уюшмалари билан фикр алмашдилар.
Халқаро ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиб бориши натижасида
2016-2019 йиллар мобайнида Савдо, умумий овқатланиш, матлубот кооперацияси ва тадбиркорликнинг турли шакллари ходимлари касаба уюшмаси Конфедерацияси, Озарбайжон савдо, умумий овқатланиш, кооперация, санатор-курорт муассасалари, туризм, спорт, меҳмонхона, балиқ хўжалиги соҳаси ходимлари касаба уюшмаси – “Хизмат-Иш”, Беларусь Республикаси савдо соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Қирғизистон Республикаси савдо, умумий овқатланиш, кооперация ва тадбиркорликнинг турли шакллари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Тожикистон савдо, матлубот кооперацияси ва хусусий ташкилотлар тармоғи ходимлари касаба уюшмаси Республика Қўмитаси, Қозоғистон кичик ва ўрта бизнес вакиллари касаба уюшмаси – “Yntymaq” ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Келажакдаги режалар бўйича яқин йиллар ичида Молдова Республикаси истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва тадбиркорлик масалалари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Бутунукраина савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Латвия савдо соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши кутилмоқда.
Тармоқ касаба уюшмаси Қурултойида делегатлар ҳам сўзга чиқиб, амалга оширилган ишларни алоҳида эътироф этиш билан бирга, йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталдилар. Шу билан бирга, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
– Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Навоий вилоятидаги касаба уюшмалари фаолиятида бир қатор, ҳали ўз ечимини топмаган муаммолар ҳам йўқ эмас. Нодавлат ташкилотларда касаба уюшма ташкилотларини шакллантириш борасида етарлича иш олиб борилмаган, барча бошланғич ташкилотларимизда ҳам жамоа шартномалари мавжуд эмас. Шу туфайли, корхона ва ташкилотлар, айниқса, энди касаба уюшмаси хизмати билан қамраб олинган жойларда жамоа шартномалари қабул қилинишига эришиш, бу борада иш берувчилар билан ҳамкорликдаги ишларимизни янада кучайтиришимиз зарур, – деди Республика кенгашининг Навоий вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Тоир Юлдошев. – Зеро, олдимизга қўйилган барча масалаларни ҳал этишда тармоқ касаба уюшмалари фаолларининг жипслиги, фаоллиги, мавжуд имкониятлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиши мақсадга етишимизда қўл келади.
Қурултойда тармоқ касаба уюшмаси номини “Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси” деб ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилиниб, делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Шунингдек, Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Эмблемаси ҳам тасдиқланди.
Кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раислигига Улуғбек Муҳамедов қайта сайланди.