[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

08.09.2020. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси “Пахта хомашёси ҳосилини йиғиб-териб олишда теримчиларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш борасида касаба уюшмаларининг асосий вазифалари” мавзуида онлайн шаклдаги амалий семинар ташкил этди. Унда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон ва барча вилоятлардаги туман кенгашлари мутасаддилари иштирок этдилар.

Амалий семинарда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификатция қилинган “Зўраки ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги, “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги, “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги, “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги конвенциялари талабларига риоя этилиши, шунингдек, пахта йиғим-теримига теримчиларни жалб қилишда улар билан меҳнат шартномаларини тузиш, уларни касаба уюшма аъзолигига жалб қилиш ҳамда бошқа бир қатор масалалар муҳокама этилди.

Семинарда таъкидланганидек, бугунги кунда аҳолини фуқароларнинг ижтимоий меҳнат ҳуқуқларидан, шунингдек, мажбурий ва болалар меҳнатига йўлга қўймаслик борасидаги миллий меҳнат  стандартлари ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари қоидаларидан хабардор қилиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерациясининг Юридик клиникаси негизида жорий этилган қайта алоқа механизми доирасида Call-Center ташкил этилган бўлиб, у ерга фуқаролар пахта йиғим-терими ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ ҳар қандай масала юзасидан 1092 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин. Пахта йиғим-терими мавсумида ишонч телефонларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида Федерация Юридик клиникасида касаба уюшмалари мутахассисларининг туну кун навбатчилиги жорий этилган. Шунингдек, Ишонч телефони орқали келиб тушган мурожаатлар бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш механизми яратилган.

Маълумки, инсон бирор меҳнат тури билан ихтиёрий бўлмаган тарзда шуғулланса, бу мажбурий меҳнат ҳолати юзага келганини англатади. Мажбурий меҳнатнинг турли кўринишлари мавжудлиги, бирор соҳа билан чекланиб қолмаганлиги ушбу муаммони бартараф этишдаги мураккаб жиҳатлардандир.

Сир эмас, авваллари фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бюджет ташкилотлари ходимларини, ўқувчи ва талабаларни мажбурий меҳнатга, хусусан, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалиги юмушлари, металл чиқиндилар тўплаш ва бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатлари мавжуд эди. Охирги йилларда Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси ва ташаббуслари билан ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида бугунги кунда бу каби салбий ҳолатларга батамом чек қўйиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз томонидан ушбу йўналишда жиддий сай-ҳаракатлар амалга оширилиб, фуқароларнинг меҳнат соҳасида ҳуқуқий онгини ошириш, жамоат назоратини таъминлаш, раҳбарларда қонунга нисбатан ҳурмат ҳиссини ва ҳуқуқий билимларини кучайтириш, бу орқали мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тадбирлари олиб борилмоқда.

Ўз-ўзидан савол туғилади: Хўш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида қандай ҳуқуқий асосларга суянишимиз керак? Энг аввало, айтишимиз лозимки, Асосий Қонунимиз – Ўзбекис­тон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши аниқ кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасига биноан: «Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади».

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги қонуний талаблар ижросини таъминлашда жиддий амалий қадам бўлди. Қарорга мувофиқ, ҳокимлар, барча даражадаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига тегишли кўринишдаги мажбурий меҳнат ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва чек қўйиш, бундай ҳолат рўй берганда эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш вазифалари юклатилди.

Пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш, йиғим-терим иштирокчиларига дала ва шийпонларда зарур шарт-шароитларни яратилиши, терган пахтаси учун муносиб ҳақ тўланишини таъминлаш ҳамда бошқа рағбатлантирувчи усуллар жорий этиш, ушбу қулайликларни ОАВ ва бошқа воситалар кўмагида кенг тарғиб қилиш асосида аҳоли вакилларини пахта теримига ихтиёрий жалб этиш кўзда тутилган.

Онлайн семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси пахта йиғим-терими мавсумида теримчиларга муносиб меҳнат шароитлари яратилиши, уларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида жамоатчилик назоратини олиб боради. Шунингдек, терим отрядлари аъзолари касаба уюшмасига аъзо бўлишлари ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича жамоа музокараларини ўтказиш ҳуқуқидан фойдаланишлари учун имкониятларни яратиш белгиланган. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида” ги Қонунига ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бирлашмалар эркилиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги конвенциясига мувофиқ терим отрядлари аъзоларининг отряд касаба уюшмаси ташкилоти тузиш, отряд касаба уюшмаси ташкилотчисини сайлаш ва Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасига аъзо бўлиб кириш ҳуқуқидан фойдаланишлари таъминланади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун мўлжаллаб ишлаб чиқилган «Мажбурий меҳнат хавф-хатарларининг олдини олиш» бўйича услубий қўлланма пахта мавсуми билан боғлиқ мажбурий меҳнат ҳолатларига барҳам беришда яқиндан кўмакдош бўлишига шубҳа йўқ. Ушбу қўлланма барча манфаатдор вазирлик, идора ва ҳокимликларга етказилган бўлиб, унда халқаро меҳнат стандартлари, Ўзбекистон Республикасида меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасидаги ҳуқуқий негиз, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш фаолиятини олиб борувчи миллий институтлар ҳақида кенг тушунча берилган. Шунингдек, мажбурий меҳнат хавф-хатарларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан тавсиялар ўз аксини топган.

Амалий семинарда Кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарларининг қуйидаги мажбуриятлари ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди:

– дала шийпонлари, пахта йиғим-терими ташкил этиладиган далаларда меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаш;

– теримда иштирок этадиган терим отрядлари раҳбарлари ва теримчилар учун пахта даласида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш юзасидан тегишли меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқларни бериш (пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш майдонларида содир бўлиши мумкин бўлган хавф-хатарлар тўғрисида тушунтириш бериш ҳамда масъулларнинг жавобгарлигини ошириш);

– теримда иштирок этадиган терим отрядлари учун ётоқ жойларини тасдиқланган дислокация асосида белгилаш ҳамда ётоқ хоналари ва овқатланиш жойларини туман санитария-эпидемиология марказлари билан шартнома орқали дезинфекция қилишни ташкил этиш;

– пахта йиғим-теримида иштирок этадиганлар (трактор ҳайдовчиси, тарозибон, пахтани юкловчи ва бошқалар) томонидан меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этишини назорат қилиш;

– терим иштирокчилари соғлиғини назорат қилиб бориш мақсадида ётоқхоналарда тиббий пункт ташкил этиш ва зарур дори-дармонлар билан таъминлаш.

Онлайн семинар якунида барча иштирокчиларга теримчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилиши бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш борасида тегишли тавсиялар берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати