ёхуд теримчилар яратилган шароитдан мамнунми?
28.09.2020. Айни пайтда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчиларга муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилганини ўрганиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлиб турибди.
Ўрганишлар Ўзбекистон ва Бешариқ туманларидан бошланди. Сўнг Ишчи гуруҳ вакиллари Қўштепа туманида бўлди. Тумандаги «Паҳлавон Ғуломжон ерлари» фермер хўжалигида айни пайтда 74 нафар теримчи пахта термоқда. Уларга етарли шароит яратилган. Тушлик пайтида иссиқ овқат берилмоқда. Энг асосийси, ҳар бир теримчи билан меҳнат шартномаси тузилган.
– Аввало, пахта йиғим-теримида қатнашиш учун меҳнат шартномаси туздим. Шундан сўнг ишга киришдим, – дейди Ширмоной Абдужалилова. – Терган пахтамнинг ҳар бир килоси учун 1000 сўмдан ҳақ оляпман. Кеча 85 килограмм пахта териб, 85 минг сўм ҳақ олдим.
«Нуриддин Таниқулов» фермер хўжалигида теримчиларга яратилган шароит ҳам кишини қувонтиради.
– Пахта пулининг ҳар кунлигини ҳар куни оляпмиз. Кеча 115 килограмм пахта тердим, – дейди Хосиятхон Ҳошимова. – Тушлик маҳалда бепул иссиқ овқат берилади. Дам олиш учун салқин жойлар ҳозирланган. Умуман олганда, биз, теримчиларга яратилган шароит ва қулайликлардан мамнунмиз.
Туманнинг олис ҳудудидаги «Қаҳрамон Муродов» фермер хўжалигининг дала бошида теримчилар учун тиббий ниқоб ва антисептик воситалари захираси яратилган. Тушлик учун ош дамланган.
– Ҳозир бу ерда 65 нафар теримчи бор, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Ғофуржон Марасулов. – Уларнинг ҳар бири билан меҳнат шартномаси тузилган. Пахта пулларини ўз вақтида беряпмиз. Кўп пахта терган теримчиларга пахта пулларидан ташқари алоҳида совғалар бериб, рағбатлантиряпмиз. Бу эса уларнинг шижоатига шижоат қўшмоқда.
Ишчи гуруҳ вакилларининг навбатдаги манзили «Fergana Global Textile» МЧЖ кластерининг пахта майдони бўлди. Бу йил 205 гектарга пахта экилган. Айни пайтда 150 нафар теримчи пахта теряпти. Ишчи гуруҳ вакиллари, биринчи навбатда, яратилган шароитларни кўздан кечиришди.
– Теримчилар билан 3 ойлик меҳнат шартномаси тузганмиз, – дейди «Fergana Global Textile» МЧЖ бўлим бошлиғи Авазбек Ортиқов. – Уларга пахта пулларини шу куннинг ўзида тўлаяпмиз. Бундан ташқари, бепул тушлик ҳам ташкил этилган. Илғор теримчилар эса эътибор марказида. Уларни қимматбаҳо совғалар билан хушнуд этиб келяпмиз.
– 20 кундан бери пахта териб, шу кунгача 2,5 миллион сўм пул олдим, – дейди Азимахон Холбекова. – Яратилган шароитдан мамнунмиз. Узоқроқ пахта даласига борадиган бўлсак, автобус ташкил қилинган.
Насибахон Қўчқарова илғор теримчилардан. Шижоатига қойил қолмасдан илож йўқ. Кунига 170 килограмдан кам пахта термайди. Унга «Fergana Global Textile» МЧЖ кластери томонидан телевизор туҳфа қилинди.
– Мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишларига йўл қўймаслик лозим, – дейди Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Маҳмуд Рўзметов. – Пахта териш истагини билдирган фуқаролар, аввало, фермер хўжалиги ёки кластер раҳбари билан меҳнат шартномасини тузиши керак. Бу ҳуқуқий ҳужжат орқали теримчиларнинг кафолатланган иш ҳақи ва муносиб шароитларда меҳнат қилиши таъминланади. Кўриб турибмизки, деярли барча фермерлар теримчилар билан меҳнат шартномасини тузган. Аҳамиятлиси, ҳеч ким мажбурий равишда теримга жалб этилгани йўқ. Муҳими, теримчилар оиласига қўшимча даромад келтираётганидан рози.
– Кишини мамнун этадиган ҳолат шуки, бирорта пахта даласида болалар меҳнати, мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келмадик, – дейди Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев. – Ким билан суҳбатлашмайлик, пахта далаларида муносиб иш шароитлари яратилгани, терим пуллари ўз вақтида тўланаётганини билдиришди.
Ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этмоқда.
Жамшид Эргашев