06.10.2020. Касаба уюшмалари инспекциялари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида Наманган вилоятидаги фермер хўжаликларида бўлишди.
Хусусан, Уйчи туманидаги “Аҳрорбек Ифтихор-Файз” фермер хўжалигида меҳнат муносабатларига риоя этилиши ўрганилганда Меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлиги ҳолати аниқланди.
Фермер хўжалиги раҳбари 2019 йил март ойидан меҳнат шартномаси асосида ишлаган Т.Жабборов ва 2020 йил март ойида пудратчи вазифасида ишлаган М.Абдуллаев билан меҳнат шартномасини бекор қилиб, уларга меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида буйруқдан нусха бериб, тилхат олмаган. Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тўғрисида”ги Йўриқнома талабини бузиб, ушбу ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган куни меҳнат дафтарчаларига тегишли ёзувни киритиб бермаган. Бундан ташқари, 2020 йилдаги пахта йиғим-терими мавсумида теримга жалб этилган теримчилар билан шартнома тузмаган.
Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлат меҳнат инспектори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 49-моддаси 1-қисми ва 255-моддаларини қўллаб, иш берувчини 1 миллион 115 минг сўм жаримага тортди. Шунингдек, пахта йиғим-теримида иштирок этаётган барча теримчилар билан шартномалар тузилишига эришилди.
Жамоатчилик назорати Қашқадарё вилоятида ҳам олиб борилди. Муборак тумани Қарлик қишлоғида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган теримчилар учун шарт-шароитлар яратиб берилиши, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Шаҳрисабз шаҳридан келган теримчиларнинг бир гуруҳи терим пулларини ололмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилишди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига бўлган мурожаат асосида олиб борилган ўрганишлар натижасида 109-отряддаги 64 нафар теримчига 16 миллион 887 минг 400 сўм терим пуллари ундириб берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси