[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.10.2020. 2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилаётган Миллий мониторинг жараёни давом этмоқда.

2020 йилнинг 13 октябрь ҳолатига Миллий мониторинг гуруҳлари томонидан 433 та фермер хўжалиги, 1 та олий таълим муассасаси, 4 та коллеж, 2 та академик лицей, 124 та умумтаълим мактаби, 7 та мактабгача таълим ташкилоти, 56 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 28 та тадбиркорлик субъекти, 23 та ҳокимлик, 22 та маҳалла фуқаролар йиғини таҳлил қилинди. Таҳлил жараёнларида 30 минг 681 км йўл босилиб, жами 1 минг 263 нафар респондентлар билан суҳбатлашилди.

Миллий мониторинг давомида ишчи гуруҳлар томонидан давлат органлари, хўжалик субъектлари ва тиббиёт муассасалари ходимлари ҳамда талабаларнинг пахта йиғим-теримига жалб этилиши бўйича қуйидагилар аниқланган:

Жиззах вилоятида 8 та ҳолатда 236 нафар, Сирдарё вилоятида 4 та ҳолатда  136 нафар ва Сурхондарё вилоятида 1 та ҳолатда 32 нафар, жами 13 та ҳолатда    404 нафар корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ходимлари пахта теримига жалб қилинганлиги аниқланди. Жумладан, 24 сентябрь куни Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани, Боғистон МФЙ ҳудудидаги “Бек кластер” МЧЖнинг 252-бригада пудратчиси Ином Норбоевга тегишли 51 га майдон билан танишилганда ушбу далада маҳаллий аҳолидан ташкил топган 21-отряднинг 95 нафар теримчиси ва “Сирдарё кўприк қурилиш” унитар корхонаси масъул ходими Шухрат Тошматов раҳбарлигидаги корхонанинг 14 нафар ходими меҳнат таътили ёки иш хақи сақланмаган ҳолдаги таътилга чиқарилмаган ҳолда, уларнинг сўзларига кўра ўз ихтиёрлари билан пахта тераётганликлари аниқланди. Мониторинг жараёнида “Сирдарё кўприк қурилиш” унитар корхонаси раҳбари Давлат Ўролбоев билан учрашилиб, унга пахта жараёнига корхоналар ходимлари чиқарилиши мумкин эмаслиги, агарда ходим ўз хоҳиши билан пахта теримида иштирок этган тақдирда, бу унинг ихтиёри эканлиги, лекин, у меҳнат таътилида ёки ойлик маоши сақланмаган ҳолдаги таътилда бўлиши кераклиги, ходимларни зудлик билан пахта теримидан чақиртириб олиш лозимлиги тўғрисида тушунтирилди. Олиб борилган ишлар натижасида шу куннинг ўзида пахта теримида иштирок этаётган барча ходимлар ўз иш жойларига қайтарилди. Корхонанинг Миллий мониторинг ҳудудий ишчи гуруҳи номига 2020 йил 25 сентябрда ёзилган 227-сонли хатида эндиликда корхона томонидан ҳеч қайси ходим пахта теримига жалб этилмаслиги билдирилган.

Теримчиларга терган пахтаси учун белгиланган пул маблағларининг ўз вақтида берилиши ва белгиланган миқдордан кам бўлмаслиги ўрганилганда жами 3657 нафар теримчининг манфаатига дахлдор 43 та ҳолат аниқланган. Шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасида 9 та ҳолат (380 нафар теримчи), Андижон вилоятида 2 та ҳолат (230 нафар теримчи), Жиззах вилоятида 14 та ҳолат (1392 нафар теримчи), Навоий вилоятида 5 та ҳолат (160 нафар теримчи), Сурхондарё вилоятида 2 та ҳолат (731 нафар теримчи), Тошкент вилоятида 9 та ҳолат (696 нафар теримчи) ва Фарғона вилоятида 2 та ҳолат (68 нафар теримчи) аниқланди.

Шундан 20 та ҳолатда терим пулидан чегириб қолишлар, 13 та ҳолатда терим пулининг вақтида тўланмаганлиги ҳамда 10 та ҳолатда белгиланган миқдордан кам тўланганлиги аниқланган.

Ушбу салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича Касаба уюшмалари федерациясининг Миллий мониторинг гуруҳлари томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида теримчиларга жами 185 миллион 464 минг сўм терим пуллари тўлаттириб берилган. Хусусан, 24 сентябрь куни Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Ҳақиқат” фермер хўжалигида терим пулларини ўз вақтида берилмаётганлиги тўғрисидаги муаммо юзасидан мурожаатлар тумандаги тегишли ташкилот раҳбалари билан ҳамкорликда жойида бартараф этилишига эришилди.

26 сентябрь куни эса Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги Улуғбек СИУ, “Гелиос нур” фермер хўжалиги даласига борилганда Улуғбек массивида истиқомат қилувчи маҳалла фуқароларидан иборат 92 нафар теримчи пахта тераётгани маълум бўлди. Теримчилар билан мулоқотда улар 4 кундан буён пахта тераётганликларини, бироқ пахта пулини олмаганликларини билдиришди. Отряд раҳбари ёрдамчиси Ш.Аҳмедов пахта пули келганлиги, бироқ ведомостлар тайёр эмаслигини баҳона қилди. Шундан сўнг, “Агробанк” АТБ туман филиалига мурожаат қилиниб, 92 нафар теримчининг пахта пуллари тўлаттириб берилди.

12 октябрь куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани, Чордара МФЙ худудидаги “Янги давр замин кўрки” фермер хўжалиги пахта даласида терим жараёни ўрганилганда 28 нафар теримчига иккинчи теримнинг сўнгги 15 кунидан зиёд вақт мобайнида терим пуллари берилмаганлиги аниқланди. Шу куннинг ўзида ишчи гуруҳ аралашуви билан 28 нафар теримчига жами 4 миллион 750 минг сўм терим пуллари ундириб берилди ҳамда фермер хўжалиги раҳбарига бошқа бундай ҳолат такрорланмаслиги кераклиги ҳақида тушунтирилди.

Миллий мониторинг жараёнида пахта йиғим-терим мавсумида пахта терувчилар, терим отрядлари раҳбарлари ва буюртмачилар ўртасида меҳнат муносабатларини амалга ошириш бўйича шартномалар ва отряд паспорти расмийлаштирилмаганлиги ҳолатлари ҳам аниқланди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 10 та (375 нафар теримчи), Андижон вилоятида    1 та (23 нафар теримчи), Бухоро вилоятида 1 та (70 нафар теримчи), Жиззах вилоятида 27 та (2531 нафар теримчи), Қашқадарё вилоятида 4 та (289 нафар теримчи), Навоий вилоятида 2 та (50 нафар теримчи), Самарқанд вилоятида 16 та  (1455 нафар теримчи), Сирдарё вилоятида 5 та (586 нафар теримчи), Сурхондарё вилоятида 6 та (252 нафар теримчи), Тошкент вилоятида 23 та (1381 нафар теримчи) ва Фарғона вилоятида 3 та ҳолат (92 нафар теримчи), жами 98 та ҳолат (7204 нафар теримчи) аниқланди.

Шундан 95 та ҳолатда теримчилар билан индивидуал шартномалар қилинмагани қайд этилди. Жумладан, 24 сентябрь куни Андижон вилоятининг Мархамат туманидаги “Шермуҳаммедов Саидакбар”, “Пахтакорлик Али қушчи”, “Алмардон” фермер хўжаликлари пахта даласида теримда иштирок этаётган          23 нафар уюшмаган аҳоли билан алоҳида шартномалар тузилмаганлиги аниқланди. Тезкорлик билан амалга оширилган ишлар натижасида кун якунига қадар теримчилар билан меҳнат шартномалари тузилиши таъминланди.

29 сентябрь куни Бухоро вилоятининг Пешку тумани, “Боғимусо” МФЙ ҳудудидаги “Нурли само далалари” фермер хўжалиги даласидаги пахта терими бўйича ташкил этилган ишлар ўрганилди. Теримда фермер хўжалигининг 70 нафар ишчиси ва ҳудуддаги вақтинча ишсиз аҳолидан ташкил топган 236-отряд теримчилари иштирок этаётганлиги, фермер хўжалиги ва теримчилар ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартнома тузилмаганлиги аниқланди. Шу куни Фарғона вилоятининг Риштон тумани, Пастки Булоқбоши МФЙ ҳудудидаги “Ҳамиджон ўғли Бахтиёр” фермер хўжалиги даласидаги терим жараёни ўрганилганда мазкур фермер хўжалигида фермер хўжалиги ва теримчилар ўртасида индивидуал шартномалар тузилмаганлиги маълум бўлди.

3 октябрь куни Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани, “Оби ҳаёт” МФЙдаги “Карвон файз” фермер хўжалиги ўрганилганда фермер хўжалигида маҳалладаги 54 нафар уюшмаган аҳолидан ташкил этилган 105-отряд теримчилари пахта тераётганлиги аниқланди. Отряд раҳбари Юнус Мамараимов фермер хўжалиги раҳбари томонидан отряд паспорти юритилганлиги ва ҳар бир теримчи билан шартномалар тузилганлигини, лекин ҳужжатларни далага олиб келмаганлигини маълум қилди. Аммо, теримчилар фермер ёки бошқалар билан шартнома тузилганлигини билмасликлари аён бўлди.

Шунингдек, Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги “Қатағон” фермер хўжалиги даласида пахта теримчилари билан суҳбат ўтказилганда теримчилар билан шартнома тузилмаганлиги, Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманидаги “Кийикбой Мамутов” фермер хўжалигида пахта теримида иштирок этаётган 30 нафар теримчиларнинг фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари мавжуд эмаслиги аниқланди. “Ёқуббой Худоёров” фермер хўжалиги пахта даласидаги теримда иштирок этаётган Абадмакон МФЙдан 34 нафар теримчи ва хўжалик ишчиларининг ҳам фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Миллий мониторинг гуруҳлари 8 октябрь куни Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги “Йўлбарс қудрати” фермер хўжалиги даласида ҳам бўлдилар. Теримда Пахтакор туманининг А.Икромов ҚФЙ кўнгилли теримчиларидан иборат 250 нафар теримчи ўз ихтиёри билан қатнашаётганлиги,     1-отряд раҳбари Ғайрат Анорқулов ва 9-отряд раҳбари Раъно Шойимқуловаларнинг қўлида ўз отрядлари билан боғлиқ бирорта ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги аниқланди. Интервью олинган теримчилардан сўралганда, улар билан ҳеч ким шартнома имзоламагани билдирилди.

Касаба уюшмалари Федерациясининг Миллий мониторинг гуруҳлари томонидан пахта теримчилари учун яратилган шароитларнинг ҳолати ўрганилганда ҳам бир қатор камчилик ва муаммолар аниқланди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 6 та (245 нафар теримчи), Жиззах вилоятида 3 та (372 нафар теримчи), Қашқадарё вилоятида 2 та (190 нафар теримчи), Навоий вилоятида 1 та (50 нафар теримчи), Самарқанд вилоятида 2 та (140 нафар теримчи), Сирдарё вилоятида 3 та (266 нафар теримчи), Сурхондарё вилоятида 2 та (61 нафар теримчи), Тошкент вилоятида 4 та (321 нафар теримчи), жами 23 та ҳолатда 4 та кластер ва 19 та фермер хўжалиги томонидан 1645 нафар теримчи учун етарли шароитлар яратилмаганлиги аниқланди. Шундан 15 та ҳолатда иссиқ овқат, 8 та ҳолатда тоза ичимлик суви ташкил қилинмагани, 4 та ҳолатда тиббий хизмат ташкил қилинмагани, 3 та ҳолатда овқатланиш учун етарли шароит яратилмагани, 4 та ҳолатда ётоқ жойларида етарли шароит яратилмагани ва 2 та ҳолатда терилган пахтани олиб кетиш учун тележка билан таъминланмагани маълум бўлди.

Жумладан, 3 октябрь куни Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги “Махсуджон Маҳмудов” фермер ҳўжалиги даласи ўрганилганда “Чиғатой” маҳалласининг 70 нафар уюшмаган аҳолисидан ташкил топган 94-отряд теримда иштирок этаётганлиги, мониторинг вақтида отряд раҳбари ва фермер ҳўжалиги раиси далада бўлса-да, теримчилар учун пахта даласида иссиқ овқатҳам, иссиқ чой ҳам ташкил этилмаганлиги аниқланди.

8 октябрь куни Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги “Йўлбарс қудрати” фермер хўжалиги даласига борилганда, теримда Пахтакор туманининг А.Икромов ҚФЙ кўнгилли теримчиларидан иборат 250 нафар теримчи ўз ихтиёрлари билан қатнашаётганликлари, фермер хўжалиги томонидан теримчилар терган пахталарни ўз вақтида олиб кетиш ва вазнини ўлчаш учун етарли миқдорда махсус прицеп билан таъминланмаганлиги, теримчиларга етарли даражада тоза ичимлик суви етказиб берилмаётганлиги аниқланди.

9 октябрь куни Қашқадарё вилояти, “Темир хўжа” ҚФЙдаги «Самарқанд текстил» кластерига қарашли “Олға баҳор” фермер хўжалиги пахта даласидаги теримда 107-отряднинг 40 нафар теримчиси иштирок этаётгани ва улар учун тушликка иссиқ овқат ташкил қилинмаганлиги аниқланиб, мониторинг ишчи гуруҳи аралашуви билан тушлик ташкил этилди.

10 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани, Узоқов СИУ, Бўстон МФЙ ҳудудидаги “Дадил дала” фермер хўжалиги даласидаги теримда иштирок этаётган 71-сонли ихтиёрий терим отрядининг 78 нафар ва 77-сонли ихтиёрий терим отрядининг 60 нафар теримчиси учун далада зарурий шароитлар яратиб берилмаганлиги, жумладан, тоза ичимлик суви билан таъминланмаганлиги, иссиқ овқат ташкиллаштирилмаганлиги, далага тележка ва тарози қўйилмаганлиги аниқланди.

12 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманидаги “Лазиза-нур” фермер хўжалиги пахта даласидаги теримда асосан Тахтакўпир тумани Атакўл ОФЙдан 42 нафар теримчи ва хўжалик ишчилари иштирок этаётгани кузатилди ва пахта даласида теримчилар учун фермер хўжалиги томонидан иссиқ овқат ташкил этилмаганлиги аниқланди. Шунингдек, Тахтакўпир туманидаги “Қалет” фермер хўжалиги пахта даласида Атакўл ОФЙдан 9 нафар теримчи ва хўжалик ишчилари иштирок этаётганлиги кузатилганда пахта даласида  теримчилар учун тоза ичимлик суви, иссиқ чой ва иссиқ овқат ташкил этилмаганлиги аниқланди.

Бу каби камчиликлар Навоий ва Тошкент вилоятларида ҳам аниқланди. Хусусан, вилоятнинг Қизилтепа тумани, “Башир” маҳалласидаги “Бахтиёр Моҳигул” фермер хўжалиги пахта даласида меҳнат қилаётган 50 нафардан ортиқ теримчи учун фермер хўжалиги томонидан иссиқ овқат ташкил қилинмаганлиги аниқланди. Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани, Сегизбаев ҳудудидаги “Дурдона Машҳура” фермер хўжалиги пахта даладасида Фарғона вилоятидан келиб, теримда иштирок этаётган 45 нафар теримчига далада овқатланиш учун шароит мавжуд эмаслиги, ётоқ жойларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлар йўқлиги аниқланди.

Миллий мониторинг гуруҳлари томонидан аниқланган камчилик ва муаммоларнинг аксарияти жойида бартараф этилди.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, агар меҳнат ҳуқуқингиз поймол этилса:

 

1092 рақами бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ишонч телефонига;

info@kasaba.uz, yuridik@kasaba.uz электрон почта манзилларига;

@kasaba_bot   телеграм манзилига мурожаат қилинг.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати