23.10.2020. Қашқадарё вилоятидаги синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш заводи қурилишининг умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. GTL заводнинг қурилиш-монтаж ишларини якунлаш 2020 йилнинг декабрь ойига мўлжалланган.
Завод ишга туширилгач 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, жаҳон стандартларига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Ҳозирда 135 гектардан ортиқ майдонда қурилиш ишлари қизғин кетмоқда. Завод “Сасол” (ЖАР), “Халдор Топсе” (Дания) ва “Шеврон” (АҚШ) компаниялари технологияси асосида барпо этилмоқда. Сингапурнинг “Enter Engineering Pte. Ltd.”, Корея Республикасининг “Hyundai Engineering Co. Ltd.” ва “Hyundai Engineering and Construction Co., Ltd”, компаниялари қурилиш ишлари бош пудратчиси ҳисобланади.
“Enter Engineering Pte. Ltd.” компаниясида жами 24 708 нафар ходим ишлайди. GTL лойиҳаси бўйича “Enter Engineering Pte. Ltd.” Компаниясининг 12567 нафар ходимлари фаолият юритмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам 2020 йил 21 октябрь куни Қашқадарё вилоятидаги синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш заводи қурилиш майдонида “Enter Engineering Pte. Ltd.” компаниясининг 2000 нафардан ортиқ ходимлари норозилик акциясини ўтказишган.
Ушбу масалага муносабат билдириш ва келгуси вазифаларни белгилаб олиш мақсадида GTL заводида ўтказилган йиғилишда Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, Нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ш.Қурбонов ва GTL заводининг 100 нафардан ортиқ бригада бошлиқлари иштирок этишди.
Бундан ташқари, ушбу масалани ўрганиш ва зарур амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Федерациянинг Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қобилжон Қирғизалиев, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири А.Султонов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов ва бир қатор масъул ходимлар иштирокида бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари, ишчиларнинг норозилигига сабаб бўлган ётоқхона ва овқатланиш жойларидаги шароитлар ҳамда ойлик маоши тўловлари масаласидаги муаммолар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Федерациянинг Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қ.Қирғизалиев бошчилигида 6 та гуруҳ тузилиб, ҳар бир гуруҳга алоҳида вазифалар топширилди. Жумладан, I-гуруҳ озиқ-овқат таъминоти ва ошхона ҳолатини, II-гуруҳ касаба уюшмаси қўмитаси фаолиятини, III-гуруҳ ходимларнинг ётоқ жойларини ва уларга яратилган шароитларни, IV-гуруҳ транспорт ва техника хавфсизлиги шароитларини, V-гуруҳ махсус кийим бош масалаларини ва VI-гуруҳ меҳнат қонунчилигига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Шунингдек, GTL заводидаги вазиятни ойдинлаштириш мақсадида бугун – 23 октябрь куни оммавий сўровнома ўтказилмоқда.