24.10.2020. Президентимизнинг ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ зиёли ва фидойи педагоглар билан бўлган учрашувида Бухоро вилояти, Қоракўл туманида жойлашган ҳалқаро математика мактабида йўлга қўйилган ўқитиш услуби эътироф этилган эди.
Айни пайтда бу илм даргоҳи чин маънода таълим-тажриба масканига айланмоқда. Ушбу мактабнинг бой тажрибаларини ўрганиш ва бу тажрибани Фарғонада ҳам кенг қўллаш мақсадида 2020 йилнинг 22 октябрь куни Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси томонидан вилоят халқ таълими бошкармаси билан хамкорликда математика фани ўқитувчилари учун тажриба алмашув тадбири ташкил этилди. Яъни, Фарғона вилоятидаги математикага ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек, келгуси йилдан математика фанига ихтисослаштирилиши режалаштирилган мактабларнинг директорлари, математика фани ўқитувчиларидан иборат 50 нафар педагог ходимларнинг Бухоро вилояти, Қоракўл туманида жойлашган халқаро математика мактабига ташрифи уюштирилди.
Ташриф доирасида ўқитувчи-устозлар бухоролик ҳамкасбларининг дарс ўтиш жараёнларини кузатиш билан бирга услубий-методик ҳужжатлар билан яқиндан танишдилар. Ўқувчилар билан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Ташрифдан сўнг Бухоро шахридаги зиёратгоҳларга саёхат уюштирилди. Барча педагоглар ташкил этилган ташриф ва саёхат ўзлари учун ниҳоятда фойдали бўлганини, ўрганилган илғор тажрибаларни ўз фаолиятларида қўллашларини билдирдилар.