29.10.2020. Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти бағишланган тадбир ўтказилди. Унда қонунга қандай ўзгаришлар киритилганлиги ва унинг мазмун-моҳияти тармоқ касаба уюшмалари раислари ва етакчиларга ZOOM дастури орқали етказилди.
Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 143-банди ижроси юзасидан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди. Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланган. Амалдаги қонун 4 боб ва 35 моддадан иборат бўлган бўлса, янги таҳрирдаги қонун 19 боб, 123 моддадан иборат.
Даставвал, иштирокчиларга қонун лойиҳасининг ишлаб чиқиш зарурати ва қонундаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди. Унга кўра, 1998 йилда қабул қилинган амалдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолатига мос келмай қолган эди.
Албатта, замон ўзгарган сари, қонунларни ҳам ўзгартиришни даврнинг ўзи тақазо қилмоқда. Шу боисдан мазкур қонунни замон талаблари асосида такомиллаштириш зарурати юзага келди.
Сўнгги 20 йил ичида меҳнат бозорида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, иш билан банд бўлганлар сони 1,5 бараварга, иш берувчилар сони 4,5 бараварга кўпайди.
Амалдаги қонунда меҳнат бозорини тартибга солишнинг янги инструментлари, хусусан, тадбиркорликни рағбатлантириш, ўзини ўзи банд қилиш ва ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, малакасини ошириш, иш стажини ҳисобга олишда ахборот тизимларидан фойдаланини ўзида акс эттирмаган. Умуман олганда, амалдаги қонун меҳнат ва бандлик соҳасидаги муаммоларни ҳал қилолмаяпти. Шулардан келиб чиқиб, янги қонунда бир қатор янгиликларни кўриш мумкин.
Аввало, қонунни ишлаб чиқишда ўндан ортиқ вазирлик ва идораларнинг мутахассислари иштирок этди. Унда хорижий тажриба кенг ўрганилиб, миллий қонунчилигимиз билан уйғун, илғор жиҳатларига эътибор берилган. Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилотининг Бандлик соҳасидаги сиёсат тўғрисидаги конвенцияси, Ишчи жойлари ҳақидаги глобал пакти, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тўғрисидаги янги демографик контексти ҳамда МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеясининг Меҳнат тўғрисидаги намунавий низоми эътиборга олинган.
Янги қонундаги янгиликларни санаб ўтадиган бўлсак, бунда биринчи навбатда, қонуннинг номини ўзгарганлигини кўришимиз мумкин. Яъни унинг номи ҳам, мазмуни ҳам бугунги кунга мосланди. Эскирган атамалар янгисига алмаштирилган. Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири амалдаги қонун ҳажман жуда кичкина эди. Яъни 35 моддадан иборат эди. Янги таҳрирдаги қонун эса 19 боб, 123 моддадан иборат. Табиийки, янги қонун кўпроқ масалаларни ўзида акс эттирган.
Яна бир фарқ янги таҳрирдаги қонунда барча тоифадаги ишсиз шахсларга ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланмоқда. Амалдаги қонунда кўра нафақа илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётганларга 12 ойлик давр мобайнида 13 календарь ҳафта тўланар эди.
Умуман олганда янги таҳрирдаги қонун ҳар жиҳатдан мукаммал тузилган. Албатта, унинг ҳаётга татбиқ этилиши кўплаб масалаларни ҳал этишга хизмат қилиши шубхасиз.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олдилар.
Феруза Абдуллажонова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори.
Мансур Ҳатамов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат техник инспектори