[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

05.11.2020. Дониёр Ҳамидов 2016 йилдан то 2019 йилнинг баҳоригача «Сирдарё-Сўх» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги мелиоратив экспедициянинг «СБК-Аччиқкўл» зовур мелиоратив тизими Бувайда бўлими бош муҳандис лавозимида ишлаб келган.

2019 йилнинг ўзида у уч марта лавозимини ўзгартирган. Аниқроғи, ўша йилнинг апрел ойида иш берувчининг буйруғи билан «Сирдарё-Сўх» ИТҲБ ҳузуридаги мелиоратив экспедиция Бувайда тумани бўлим бошлиғи лавозимига, 16 майдаги буйруқ билан Бувайда тумани бўлими етакчи муҳандис мелиоратори вазифасига, орадан роппа-роса икки ой ўтиб, яъни 16 июлдаги буйруққа асосан вақтинчалик техник оператор лавозимига ўтказилган.
Д.Ҳамидов зиммасига юклатилган вазифаларни бекаму-кўст бажариб келаётган эди. Бироқ иш берувчининг 2019 йил 6 августдаги буйруғига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2 ва 4-бандига мувофиқ бекор қилинади.
Д.Ҳамидов вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида дарҳол иш берувчининг ҳузурига кириб, ишдан бўшатилиши сабабларини сўрайди. Раҳбар эса унга бу ерда ким «хўжайин» эканини кўрсатиб қўяди. Ҳарчанд тортишмасин, чиқарилган буйруқ ўз кучида қолади. Уринишлари фойда бермагач, ишга тиклашда амалий ёрдам сўраб Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилади. Ҳар доим кўмакка шай касаба уюшма ҳуқуқшунослари дарҳол Д.Ҳамидовнинг мурожаатини ўрганишга киришади.
Ўрганишлар давомида «Сирдарё-Сўх» ИТҲБ ҳузуридаги мелиоратив экспедиция­нинг 2019 йил 6 августдаги Д.Ҳамидов билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2-банди ва 4-банди билан бекор қилиш тўғрисида чиқарилган буйруқ амалдаги меҳнат қонунчиликка зид экани аниқланади.
Маълум бўлишича, Д.Ҳамидов билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2 ва 4-бандига асосан бекор қилинган. бироқ меҳнат шартномасини бекор қилишда Д.Ҳамидовни қайси асосга кўра ишдан бўшатилгани кўрсатилмаган. Яъни, ходимнинг соғлиги, эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги ёки меҳнат интизомини бир марта қўпол равишда бузгани каби ҳолатларга ойдинлик киритилмаган. Бу билан иш берувчи Меҳнат кодексининг 107-моддаси талабини бузган. Ваҳоланки, 2019 йил 15 май куни ўтказилган аттестация натижаларига кўра, Д.Ҳамидов эгаллаб турган Бувайда туман бўлими бошлиғи лавозимига лойиқ деб топилган.
Бундан ташқари, «Сирдарё-Сўх» ИТҲБ ҳузуридаги мелиоратив экспедициянинг 2017-2019 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 3.4-бандида меҳнат шартномаси иш берувчи ташаббуси билан бекор қилинганда олдиндан касаба уюшма қўмитаси розилигини олиш назарда тутилган.
Иш берувчи 2019 йил 2 август куни Д.Ҳамидов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик сўраб, касаба уюшма қўмитасига тақдимнома киритган. Ушбу тақдимнома 2019 йил 6 август куни касаба уюшма қўмитасининг йиғилишида кўриб чиқилган. Лекин Д.Ҳамидов ушбу йиғилишга таклиф этилмаган. Ваҳоланки, ходим йиғилиш ўтказиладиган сана ва жой ҳақида олдиндан ёзма шаклда (тилхат билан топшириш ёки почта орқали юбориш йўли билан) хабардор қилиниши шарт.
Бундан ташқари, Д.Ҳамидовнинг меҳнат дафтарчасига киритилиши лозим бўлган экспедициянинг Бувайда тумани бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган даври тўғрисидаги маълумот ёзилган, холос. Аксинча, меҳнат дафтарчасига вақтинчалик техник мелиоратор лавозимига ўтказилгани тўғрисида ёзув киритилган. Бу билан Адлия вазирлигида 1998 йил 29 январ 402-сон билан рўйхатга олинган «Меҳнат дафтарчалари юритиш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома талаб­лари бузилган.
Касаба уюшмалари томонидан судга иш берувчи – «Сирдарё-Сўх» ИТҲБ ҳузуридаги мелиоратив экспедициянинг 2019 йил 6 августдаги Дониёр Ҳамидов билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2 ва 4-бандига кўра бекор қилиш» тўғрисидаги буйруғини бекор қилиб, Д.Ҳамидовни экспедициянинг Бувайда тумани бўлими етакчи муҳандис мелиоратори лавозимига ишга тиклаш ҳамда унинг ишга тиклангунга қадар мажбуран бекор юрган даври учун иш ҳақи тўланишини таъминлаш ҳақида даъво аризаси киритилди.
Даъво аризаси судда қаноатлантирилиб, Д.Ҳамидов ўз иш жойига тикланди ва унга иш ҳақи ва мажбурий бекор юрган даври учун 2 миллион 278 минг 789 сўм ундириб берилди.

Авазхон Тўрахўжаев
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими юристконсульти