20.11.2020. Маълумки меҳнат ҳуқуқи – инсоннинг конституциявий ҳуқуқларидан бири бўлиб, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, муассаса, ташкилотларда, шунингдек айрим жисмоний шахслар ихтиёрида шартнома асосида ишлаётган ходимларнинг меҳнатга оид муносабатларидан келиб чиқадиган нормалар мажмуидир.
Таъкидлаш лозимки, инсоннинг бу борадаги ҳуқуқлари нафақат давлат органлари, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳам самарали ҳимоя қилинади. Мана шундай ташкилотлардан бири бу касаба уюшмаларидир.
Юртимизда фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи ҳамда касаба уюшмалари фаолиятининг кафолатлари Конституция даражасида мустаҳкамланган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг 34-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касаба уюшмаларига уюшиш ҳуқуқи кўрсатилган бўлса, 59-моддада касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ифода этиши ва ҳимоя қилиши белгилаб қўйилган.
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаш мутахассислари томонидан нодавлат корхоналарида ходимларнинг ижтимоий –иқтисодий ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида касаба уюшмасига жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шундай корхоналардан бири “UzTest” ДУКда онлайн йиғилиш ўтказилиб, ходимлар учун корхонада касаба уюшмаси ташкилотининг мавжудлиги ва унга аъзо бўлишнинг афзалликлари ҳақида тушунчалар берилди.
“UzTest” ДУК корхона директори Ақилбек Мустафаев корхонада меҳнат қилаётган ходимларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, уларни соғломлаштириш ва ишдан бўш вақтларини унумли ташкил қилиш мақсадида ишчи-ходимларимизни касаба уюшмасига аъзоликка қабул қилиниши, корхонада касаба уюшмаси ташкилотини тузилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида сўз юритди. Таклиф мухокамага қўйилиб, бир овоздан маъқулланди.
Касаба уюшма қўмита раиси Улуғбек Дадашев номзоди бир овоздан маъқулланди.
Н. Музаппарова
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси