[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.12.2020 Президентимиз томонидан барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида бугун давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари оддий одамлар билан доимий мулоқот ўрнатиб, уларни қийнаётган масала ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, бу орқали одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, халқимиз, шу жумладан хотин-қизлар турмуш даражаси ва сифатини ошириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

2020 йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган видеоселектор шаклидаги              2-йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Марказий студияда: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағилликни қисқартириш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими, Маданият вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Халқ банки раҳбар ва мутасаддилари, пойтахт туманлари ҳокимлари ва ўринбосарлари, ҳудудий студиялардан: Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари ва вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари ҳамда хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари, юқоридаги вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, туман, шаҳар ҳокимлари ва ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари, Қорақалпоғистон ва вилоятлар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раислари, касаба уюшмалари, вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг ҳудудларга бириктирилган масъул ходимлари иштирок этдилар.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йилнинг 8 октябрь куни “Жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказилган  видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар масалалари бўйича янги тизим жорий этиш, яъни “Аёллар дафтари”ни шакллантириб, унга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизларни киритиш орқали муаммоларини ҳал этиш топшириғи берилган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда тегишли ҳамкор ташкилотлар вакиллари таркибида тузилган Республика Ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, даставвал ишни Республикамиз ҳудудларидаги 28 та туман ва шаҳарда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиб, таҳлил этиш ва шу асосда “Аёллар дафтари”ни жорий этишни йўлга қўйишдан бошлаган Ишчи гуруҳ вакиллари бугунги кунгача республика бўйича 177 та туман ва шаҳардаги 7 минг 842 та маҳаллада истиқомат қилаётган 30 ёшдан юқори бўлган жами 5 миллион 645 минг 278 нафар хотин-қизлардан 5 миллион 370 минг 582 нафари (95,1 фоиз) билан мулоқотлар ўтказдилар. Ишчи гуруҳ вакиллари карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ҳар бир хонадондаги хотин-қизлар билан самимий суҳбат қуриб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, оилалардаги маънавий муҳит билан ҳам яқиндан танишдилар. Ўтказилган очиқ суҳбат ва мулоқотлар чоғида хотин-қизлар бандлиги, уларнинг оиласи ва ижтимоий ҳолати, яшаш шароити, шу жумладан, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маиший шароитларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунгиги кунга келиб барча 177 та туман ва шаҳарда ўрганиш ишлари якунланди. Шунингдек, 9 минг 160 та маҳаллада “Аёллар маслаҳат кенгашлари” ташкил этилиб, улар учун 8 минг 771 та ижтимоий соҳа обьектларида хоналар ажратилди. Ушбу масканларнинг нафақат маслаҳат кенгаши, балки аёлларнинг дардини эшитадиган, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашадиган тузилма бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, тегишли инвентар ва жиҳозлар билан таъминланди.

Республика комиссиясининг видеоселектр тарзидаги кенгайтирилган 2-йиғилишида Давлатимиз раҳбари топшириқлари ижроси бўйича мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан олиб борилаётган ишлар чуқур таҳлил этилди. Шунингдек, жорий этилган янги тизим бўйича олиб борилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, хотин-қизлар билан суҳбатлар ўтказиш жараёнида аниқланган таҳлилий маълумотларнинг электрон базасини яратиш борасида Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Чироқчи ва Қарши туманлари, ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар билан ишлайдиган “Аёллар маслаҳат кенгашлари” фаолиятини йўлга қўйиш масаласида Самарқанд, Бухоро, Наманган вилоятлари мутасаддиларининг масъулиятини янада ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Туман ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарларига белгиланган муддатларда “Аёллар маслаҳат кенгаши” фаолияти учун ажратилган хоналарда кенгаш аъзоларининг ишлаши учун зарур барча шарт-шароитларни яратиш ишларини якунига етказиш, бу ҳақда вилоят раҳбарлари томонидан Республика комиссиясига ахборот киритиш вазифалари юклатилди.

Республика комиссияси йиғилишида Давлатимиз Раҳбарининг топшириғига асосан, мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри ва Оққўрғон туманларида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда йўлга қўйилган тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада тегишли тушунтиришлар берилди. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёллар, яъни, фақат бандлиги таъминланган ҳоллардагина оиласини боқиши мумкин бўлган, бошқа даромади бўлмаган, нафақа олмайдиган аёллар, томорқа хизмати корхоналари орқали ҳамда томорқасида бандлиги таъминланадиган аёллар, тадбиркорликни йўлга қўйиш ва кредит олишга кўмаклашишни сўраган аёллар, моддий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аёллар, уй-жой билан таъминлаш ва таъмирлашга эҳтиёжи бор аёлларга амалий ёрдам кўрсатиш механизлари муҳокама этилди. Шунингдек, Чирчиқ ва Оққўрғон туманида амалга оширилган тажрибадан келиб чиққан ҳолда, бошқа туман ва шаҳарлардаги қуйи тузилмаларнинг келгусидаги вазифалари, уларни амалга ошириш механизмлари тўғрисида мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди.

Йиғилишда маҳалла раисларининг хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари психологик билимларини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тизимини йўлга қўйиш, мактаб ёшидаги қизлар ва турмуш қурмаган қизлар ҳамда турмуш қурган ёш келинларни ўқитиш чораларини тизимли ташкил этиш бўйича ҳам вазифалар белгилаб олинди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш, томорқа хизмати корхоналари орқали ва томорқасида бандлиги таъминланадиган аёллар ҳамда тадбиркорликни йўлга қўйиш ва кредит олишга кўмаклашишни сўраган аёллар билан ишлаш механизмлари, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар учун ўқувлар ташкил этиш, уларга бизнес лойиҳаларини тузишга кўмаклашиш ҳамда имтиёзли кредитлар ажратиш борасида белгиланган вазифалар ижроси ҳам атрофлича таҳлил этилди. Шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва “Тадбиркор аёл” уюшмаси ҳамкорлигида хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш тизимини ташкил этиш бўйича манзилли ва муддатли режалар ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Комиссия йиғилишида оилавий поликлиникалар (оилавий шифокор пунктлари)да аёллар маслаҳатхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг соғлиғини тиклашга кўмаклашиш механизмлари ва бу борада амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, хусусий секторни жалб этган ҳолда маҳаллаларда кўчма тиббий хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама этилди.  “Аёллар туризми”ни ривожлантириш, хотин-қизларни ички туризмга жалб этиш бўйича ишларни жадаллаштириш чораларини кўриш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар, муаммолари мавжуд аёллар, шунингдек тадбиркор аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб бориш тизимини жорий этиш, аёлларнинг хуқуқий ҳимояси масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, мазкур йўналишларда ҳудудларда амалга оширилиши лозим бўлган тизимли тадбирлар белгилаб олинди.

Видеоселектор шаклидаги кенгайтирилган йиғилишда Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижросини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича ҳар бир вазирлик, идора ва ташкилотлар олдида турган тегишли вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимлари ва 4 та сектор раҳбарлари томонидан белгиланган муддатда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш мақсадида хонадонма-хонадон юриш орқали хотин-қизлар билан ўтказилган суҳбат жараёнида тўлдирилган анкета сўровларининг чуқур таҳлил қилиниши, ишчи гурух томонидан ўрганилган ҳар бир хотин-қизнинг анкета сўровномаларини электрон базага киритиш ишларининг якунига етказилиши зарур эканлиги алоҳида таъкидланди. “Аёллар дафтари”ни шакллантириш жараёнида бирорта муҳтож аёлни эътибордан четда қолдирмаслик зарур эканлиги қайд этилди. 28 та туман (шаҳар)да тажриба тариқасида ишлаб чиқилган “Йўл хариталари” намунаси асосида қолган 177 та туман (шаҳар) бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва Республика штабига тақдим этиш борасидаги вазифалар ҳам белгилаб олинди. Республикамиздаги барча туман ва шаҳарларда санъаткорлар ва маданият арбобларининг аҳоли, хусусан хотин-қизлар билан учрашувлари ҳамда маданий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш ишлари ҳам эътибордан четда қолмади.

Йиғилиш якунида “Аёллар дафтари”ни юритиш (тегишли хотин-қизларни дафтарларга киритиш ва чиқариш) бўйича Вақтинчалик тартибни ишлаб чиқиш ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш тизимининг электрон базасини юритиш, идоралараро ахборот тармоғини яратиш мақсадларида Республика  Комиссияси қошида мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. 

Қайд этиш зарурки, “Йўл хариталари” ижросининг ўз вақтида таъминланиши бўйича Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда мониторинг олиб борилади. Айни кунларда ҳудудларда “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимини йўлга қўйиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати