29.12.2020. Гулистон шаҳридаги «Гулистон экстрактёғ» АЖда ўртача 650-700 нафар ходим меҳнат қилади. Меҳнат жамоасининг 2019 йил 28 мартда бўлиб ўтган конференциясида 2019-2021 йиллар учун имзоланган жамоа шартномасининг 13-бўлими, 4-бандида иш берувчи зиммасига аъзолик бадалларининг ходимларга ҳисобланган иш ҳақидан корхона бухгалтерияси орқали пул ўтказиш йўли билан мунтазам равишда тўланиб борилиши мажбурияти юкланган эди.
Шунга қарамай, негадир, корхона бухгалтерияси 2019 йилнинг июнь ойидан 2020 йилнинг июнь ойига қадар ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган 122,8 миллион сўмлик аъзолик бадалини бошланғич касаба уюшма қўмитасининг банкдаги ҳисобрақамига ўтказмаган. Натижада, жорий йилга мўлжаллаб тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасида кўрсатилган ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини амалга оширишнинг имкони бўлмади.
Савол туғилади: бу қарздорлик қандай юзага келди? Уни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилди?
Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси «Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш» бўлими бошлиғи Дилмурод Пирманов ҳолатга қуйидагича муносабат билдирди:
– Корхона ходимларига ҳисобланган иш ҳақидан ушлаб қолинган касаба уюшмаси аъзолик бадалларининг ўз вақтида тўланиши юзасидан Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар кенгаши ва вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан мунтазам мониторинг ишлари йўлга қўйилган, бу борада иш берувчи билан кўплаб музокаралар олиб борилган. Музокаралар жараёнида иш берувчининг қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаб берилиши тўғрисидаги таклифига биноан унга яна бир бор имкон берилди. 2020 йилнинг 7 июль санасида юқори касаба уюшма органлари (ВКУТБ) билан келишилиб, қарздорликни қисқартириш бўйича иш берувчи томонидан Йўл харитаси ҳам тасдиқланган, лекин корхонанинг молиявий аҳволи яхши бўлмагани, банкдаги ҳисобрақамида бўш айланма пул маблағи йўқлиги сабабли бошланғич касаба уюшма қўмитасининг ҳисобрақамига пул маблағи ўтказиб берилмади.
Шундан сўнг, бўлимнинг амалий ёрдами билан бирлашма номидан Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига ариза билан мурожаат қилинди. Суднинг қарори МИБ Гулистон шаҳар бўлимига ижро учун юборилди.
Суд ҳукми чиқарилганига ва у МИБга ижро учун жўнатилганига бир ой вақт ўтган бўлса-да, ижроси корхонанинг банк ҳисобида бўш пул маблағи бўлмагани сабабли таъминланмай қолди. Бирлашма ходимларининг ташаббуси билан бирлашма раиси номидан 2020 йилнинг 2 ноябрь куни ижрони корхонанинг мулки ва моддий товар бойликларига қаратиш юзасидан ариза билан мурожаат қилинганидан кейин МИБ томонидан корхонанинг тайёр маҳсулотлари (товар моддий бойликлари) хатланди ва товар хомашё биржаси орқали сотилиб, бошланғич касаба уюшма қўмитасининг банкдаги ҳисобрақамига 103 миллион сўмлик аъзолик бадаллари тушириб берилди. Қарздорликнинг қолган қисмини ҳам ундириш жараёни давом этмоқда.
Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси масъул ходимларининг сайъ-ҳаракатлари билан қонун устуворлиги таъминланди ва бошланғич касаба уюшма ташкилоти томонидан режада белгиланган тадбирларнинг тўлақонли амалга оширилишига имкон яратилди.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан вилоят «Агрокимёҳимоя» ва унинг 10 та тармоқ корхоналари томонидан бир неча йиллардан бери бошланғич касаба уюшма қўмитасининг банкдаги ҳисобрақамига ўтказилиши кечиктирилган қарийб 370 миллион сўмлик ходимларнинг 1 фоизли аъзолик бадалларини суд тартибида ундириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Тизим корхоналари ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси ўртасида икки томонлама солиштирма далолатномалар тузилиб, иш берувчиларга қарздорликни ихтиёрий тугатиш лозимлиги, акс ҳолда суд ҳукми тартибида ундирилиши мумкинлиги юзасидан талабномалар жўнатилди.
Эътироф этиш керакки, шу кунга қадар амалиётда юқоридаги каби «Жамоавий меҳнат низолари» бўйича Фуқаролик ишлари бўйича судларга бирор маротаба аризалар киритилмаган экан.
Озода Мамадалиева