[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

29.12.2020. Янги йил эшик қоқмоқда. Шундай шукуҳли онларда фидокорона меҳнатлари билан давлатимизнинг турли нуфузли мукофотларига лойиқ топилган инсонларга эҳтиром кўрсатилиб, тақдирлаш маросимлари ўтказиляпти. Улардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда Федерация ­раиси, сенатор Қудратилла ­Рафиқов жорий йил синовли ва оғир йил бўлгани, шундай мураккаб вазиятда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли халқ фаровонлиги йўлида кўплаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани, бундай эзгу ишларда касаба уюшмалари ходимлари ҳам фаол иштирок этгани, шу сабаб соҳанинг бир қатор фидойилари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганини эътироф этди.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманининг «Бозатау» ОФЙ ҳудудида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си томонидан 250 ўринли «Оқ кема» номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи қурилиб, жорий йилнинг июнида фойдаланишга топширилган эди.

Оромгоҳни қисқа муддатда қуриш ишларидаги жонбозлиги, амалга оширган ишлари юксак қадрланиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Ҳайдар Фозилов «Қорақалпоғистон Рес­публикасида хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвони билан тақдирланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов иштирок этиб, оромгоҳда болажонлар мароқли ҳордиқ чиқариши билан бирга, интеллектуал салоҳияти ривожланиши, турли йўналиш­ларда билим ва малакаларини мустаҳкамлаши учун ҳам барча шароитлар муҳайё қилинганини алоҳида таъкидлади ва Ҳайдар Фозиловга унвонни тантанали тарзда топширди.
Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимиз том маънода қурилишлар майдонига айлангани, ҳар бир гўшада ободлик ишлари олиб борилиб, бунинг ортидан юртдошларимиз ишли бўлиб, фаровонлиги таъминланаётгани ҳақида фахр билан айтиб ўтишди.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишони билан тақдирланган Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедиловга ҳам мукофот топширилди.