30.12.2021. Сергели метро линияси қурилишида фаол иштирок этган мутахассислар моддий рағбатлантирилди.
Куни кеча Сергели ер усти метро линияси штабида ушбу йўналишдаги бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этган мутахассислар ва қурувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Х.Хасилов, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Собиров ҳамда Акциядорлик жамиятининг бош менежери-бош муҳандиси З.Махаматов ва қурилиш ишларида фаол иштирок этган юз нафар ишчи-ходим иштирок этди.
Дастлаб “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси Х.Хасилов темирйўлчиларни ушбу бунёдкорлик ишларини муваффақиятли якунлангани билан табриклаб, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан ишониб топширилган йирик лойиҳа сифатли ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган ҳолда бунёд этилгани таъкидлаб ўтди. Бунда темирйўлчиларнинг, шу соҳада фаолият кўрсатаётган мутахассисларнинг самарали меҳнати алоҳида эканлиги қайд этилди. – Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ҳамда аҳолига янада қулайлик яратиш учун ҳали олдимизда муҳим бунёдкорлик ишларининг ижроси бор, – деди жумладан Х.Хасилов. – Хусусан, Тошкент ер усти ҳалқа метро йўналишини давом эттириш ҳамда Хоразмда Амударё устидан ўтаётган йирик қўшма кўприк қурилишини сифатли, муваффақиятли ва белгиланган муддатда амалга ошириш каби лойиҳалар мавжуд. Бу ишларни сиз каби ўз касбининг фидойилари, матонатли соҳа ходимлари билан биргаликда амалга оширишимизга ишонамиз. Сизларни ишонтириб айтаманки, юртимизда транспорт тизими тараққиётига бағишлаган меҳнатингиз, касбга бўлган садоқат ва фидойилигингиз доимо қадрланади.
Тадбирда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров ҳам темирйўлчилар томонидан Сергели ер усти метро линиясида қурилиш ишлари сифатли тугатилиб, Янги йил арафасида халқимизга муносиб совға бўлганини эътироф этди. Ушбу кўркам ва замонавий транспорт тизими асрлар давомида фарзандларимиз, келажак авлодларимиз учун муҳим транспорт тизими сифатида хизмат қилиши ва бунда янги линия қурилишида фаол иштирок этган соҳа ходимлари эъзозга лойиқ эканликлари таъкидланди.
Тақдирлаш маросимида соҳада меҳнат қилаётган ходимлар ҳам сўз олиб, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти томонидан темирйўлчиларнинг ҳалол, фидойи ва матонатли меҳнати доимо қадрланаётгани, ўз вақтида муносиб рағбатлантирилиши билан бирга бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган объектларда уларга барча зарур шароитлар яратиб берилаётгани, хусусан, ишчилар техника хавфсизлиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва яшаш жойи билан таъминланаётганини таъкидладилар. Замонавий техникалар ва сифатли қурилиш материалларининг ўз вақтида етказиб берилаётгани иш унумдорлигини таъкинлаётгани қайд этилди.
Шундан сўнг Сергели ер усти метро линияси қурилишида фаол иштирок этган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ энергетиклари, йўлсозлари, алоқа ва сигналлаштириш тизими ходимлари ҳамда “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси мутахассисларидан иборат жами 100 нафар ходимнинг ҳар бирига Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан 1 миллион сўмдан мукофот пуллари топширилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати