04.01.2021. Янги йил шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган “Chinobod plaza” санаторийси очилишига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Жаҳон стандартларига тўла жавоб бера оладиган ва такрори йўқ мазкур 5 қаватли шифо маскани инновацион технологиялар асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Таъкидлаш жоизки, “Chinobod plaza” санаторийсини жаҳон стандартларига мос келувчи технологиялар асосида қуриб, энг сўнгги русумдаги тиббий ташҳислаш ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш учун Федерация томонидан қарийб 72 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 1,7 гектар майдонни эгаллаган санаторий меъморий қурилиш услуби жиҳатидан дунёга машҳур ҳорижий санатор-курорт муассасаларидан қолишмайди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳар бир соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилиб, аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш каби йўналишлардаги ишлар сифати ошиб бормоқда. “Chinobod plaza” санаторийси халқимиз учун Президентимизнинг янги йил совғаси бўлди, – дея таъкидлади янги сиҳатгоҳнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. – Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишдаги топшириғи, қабул қилинган Фармонларига биноан ушбу масканнинг биринчи дам олувчилари халқимизнинг энг ҳурматли кишилари – устоз ва мураббийлар, илм-фан, маданият соҳаларида узоқ йиллар юртимизга сидқидилдан ҳалол меҳнат қилиб келаётган инсонлар ҳамда нуронийларимиз бўлдилар. Биз бугун 100 нафардан ортиқ ана шундай азиз инсонларни “Chinobod plaza” санаторийсида дам олдиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун таклиф этганмиз.
Бирваракайига қарийб 150 нафарга яқин кишини дам олдириб, даволашга мўлжалланган мазкур санаторий турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар, ишлаб чиқариш илғорлари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари саломатлигини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Юртимизда бу дам олиш масканининг бошқа аналоглари, яъни ўхшаши йўқ. Унда мужассам топган тиббий даволашлардан тортиб, хизмат кўрсатиш таркиби, тизими ҳам бутунлай янги даражада ташкил этилган.
Ушбу санаторий фаолияти асосан ошқозон-ичак касалликлари, ортиқча тана вазнининг ошиши (метоболик синдром), қандли диабет, ошқозон ости бези касалликлари, ўт қопи, ошқозон яраси ҳамда жигар касалликларини даволаш ва профилактика қилишга мўлжалланган.
Республикамиздаги ушбу касалликларни даволашга йўналтирилган биргина “Чинобод” санаторийси мавжуд бўлиб, охирги йилларда аҳолининг тобора ортиб бораётган эҳтиёжларини қондира олмай қолган эди. Шу боис Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2018 йилнинг 2-чорагида “Chinobod plaza” санаторийсини қуриш ишларига киришилган эди. Ўтган 2019 йил ўзига хос синовли йил бўлишига қарамай, санаторий қурилиши бир маромда давом эттирилиб, бугунги кунда ушбу эзгулик маскани фойдаланишга топширилди.
“Chinobod plaza” санаторийси ошқозон-ичак йўли касалликлари, юрак-қон томир, эндокрин ва асаб тизими касалликлари билан оғриган дам олувчилар учун тиббий реабилитация хизмати кўрсатишга ихтисослаштирилган меҳмонхона классидаги бальнеологик санаторий бўлиб, денгиз сатҳидан 450 метр баландликда жойлашган. Ушбу масканда даволаш муолажалари табиий, иқлимий ва физиотерапевтик усуллардан комплекс равишда фойдаланган холда амалга оширилади. Асосий тиббий даволаш омиллари сифатида Тошкент артезиан ер ости сувлари ҳавзасидан чиқадиган термал, кам маъданли, хлорид-сульфатли-натрий-гидрокарбонатли (+510) Бюветнинг шифобаҳш сувлари билан даволаш муолажаларини амалга оширилади.
Маъданли сувдан ванна, милкни чайиш, ичак ва ошқозонни ювиш учун ҳамда дуоденал ва даво ичимлиги сифатида фойдаланилади. Бальнеология бўлимида турли хилдаги шифобахш ванналар, хусусан, минерал, хвояли-дурли, лавандали, шунингдек, шарко, виши, циркуляр, тепаловчи ва сув ости душ-массажлари мавжуд. Шунингдек, парафин-озокерит, физиологик воситалар билан даволаш усуллари, массаж, даволовчи бадантарбия муолажалари қўлланилади.
Жаҳон андозалари талаблари асосида қуриб битказилган “Chinobod Plaza” санаторийси энг замонавий диагностика ва даволаш ускуналари – гастрофиброскопия, колпоскопия, УТТ, зарб-тўлқинли даволаш, озонотерапия, умуртқани тортиш, юқори ва паст частотали физиотерапевтик асбоб-ускуналар, парафин-озокерит воситалари билан жиҳозланган бўлиб, билан жиҳозланган бўлиб, даволанувчиларга махсус тайёргарликдан ўтган 113 нафар юқори малакали мутахассис хизмат кўрсатади.
Ҳашаматли ва дид билан безатилган ресторан залида меҳмонлар учун профессионал пазандалар томонидан тайёрланган парҳез таомлардан иборат “швед столи” ташкиллаштирилган. Турли хил салатлар, яхна, гўштли, балиқли, ёрмали рациондаги миллий ва Европа таомлари, мевали десертлар, витаминли ичимликлардан иборат овқатлар комплекси махсус ва парҳезли даволаш усулларидан бири ҳисобланади.
“Chinobod Plaza” санаторийсининг юксак дид билан жиҳозланган “Стандарт” ва “Люкс” тоифадаги хоналарида меҳмонларнинг мириқиб дам олишлари учун барча қулайликлар муҳаё. Мазмунли дам олиш учун конференц зал, 5D кинотеатри, кутубхона, спорт майдончаси ва ёпиқ бассейн, турк ҳаммоми, фин саунаси, қишки боғ, терренкурлар мавжуд. Дам олувчилар учун пойтахт ҳамда Тошкент вилоятининг қадамжоларига экскурсиялар ташкиллаштирилади.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари