08.01.2021. Мактаб ўқувчилари учун қишки таътил пайтида оромгоҳда соғломлаштириш Қорақалпоғистонда илк бор йўлга қўйилмоқда.
2021 йил 2-9-январь кунлари оралиғида Қорақалпоғистон касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши Мўйноқдаги «Оқ кема» болалар оромгоҳи ва соғломлаштириш марказида 7-14 ёшдаги 103 нафар бола учун қишки таътил ташкил қилди.
Оромгоҳ бир навбатда 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган. Ўтган йил ёзги мавсумда 515 нафар бола дам олди. Марказда болалар ётоқхоналари барча жиҳозлар билан таъминланган. Жисмоний тарбия машғулотлари учун футбол, баскетбол, волейбол майдончалари ва болалар сузиш бассейни бор. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун жойлар ажратилган. Маданий тадбирларни уюштириш учун амфитеатр, кутубхоналар мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхоналари замонавий ускуналар билан таъминланган.
– Ҳар бир куннинг мазмунли ўтиши учун барча шароитлар яратилган, – дейди оромгоҳ директори Зерхан Сайтбекова. – Болалар хоналарига фақат ухлаш учун киряпти. Ҳар хил мусиқий тадбирлар, спорт мусобақалари, танловлар болажонларга жуда манзур бўляпти.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бунёд этилган мазкур масканда соғломлаштириш тадбирларининг бир навбати ёзги мавсум учун 12 кунга мўлжалланган, қишки мавсум учун эса 1 ҳафта этиб белгиланган.
Есимхон Қаноатов