15.01.2021. Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг II Пленум (мажлис)и видеоконференц алоқа тарзида бўлиб ўтди.
Мажлисни тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Аҳмаджон Ҳақулов олиб бориб, тармоқ ходимлари касаба уюшмаси фаолияти ва тузилмасини такомиллаштириш ҳамда 2021 йилдаги устувор вазифалар бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлаш борасида сўз юритди.
Ўтган йилдаги пандемия сабабли вужудга келган қийинчиликларга қарамасдан тармоқ ходимлари тизимли ишлагани, автомобиль саноати бир дақиқа бўлсин тўхтамагани, ишчи-ходимларга барча шароитлар яратиб берилгани, иш ҳақлари вақтида тўлангани, энг муҳими, тизимда ишловчилар ишсиз қолмагани эътироф этилди. Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий меҳнат муносабатларини жамоа шартномавий ҳужжатлар асосида тартибга солиш механизмини янада такомиллаштириш масалаларига тўхталинди. Айниқса, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги қонун қабул қилиниши фаолиятни янада самарали олиб боришга замин яратгани алоҳида таъкидланди.
Шу билан биргаликда фаолиятда бир қатор ишга солинмаган имкониятлар кузатилгани ҳам айтиб ўтилди. Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда аъзоларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, жойларда бошланғич касаба уюшма ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, салоҳиятини юксалтириш ва ҳаракат бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ҳудудий бўлинма (вилоят кенгаши)ларни ташкил қилиш тўғрисида ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси муҳокама этилди.
Ҳудудий бўлинмалар амалдаги қонун ҳужжатлари ва касаба уюшмаси Устави, юқори органларнинг қарорлари асосида ўз ишини ташкил қилади. Ҳудуддаги тегишли иш берувчилар, идоралар билан тармоқ ходимларига тааллуқли ижтимоий-иқтисодий муаммолар мажмуи бўйича жамоа (ҳудудий тармоқ) келишувларини тузади. Касаба уюшмаси хизматига янги қабул қилинган корхона ва ташкилотлар фаолиятини тўғри йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатади. Аъзолик бадалларининг тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини назорат қилади ҳамда муаммоли ҳолатлар содир бўлганда уларни бартараф этиш чораларини кўради. Тасдиқланган низомга асосан ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ва касаба уюшма аъзолик бадаллари ҳисобидан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришни таъминлайди. Тармоқ касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириб, уларнинг хуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
– Тизимда ишлаётган аъзоларимиз сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Тармоқ келишувлари ижросини таъминлаш, назорат қилиш, ижтимоий-иқтисодий ҳимоя кўламини кенгайтириш орқали ушбу соҳа ходимларининг ҳаётдан розилигини таъминлаш бош мақсадимиздир, – деди тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Шерзод Бўтаев. – Жойлардаги мулоқотларда билдирилган фикрлар, шунингдек, тушаётган мурожаатларнинг мазмун-моҳияти биздан мазкур йўналиш бўйича жиддий шуғулланишни талаб қилмоқда. Шу билан бирга, янги нодавлат ташкилотларни касаба уюшмаси хизматига жалб қилиш долзарб масалага айланган. Бу каби жиҳатларни инобатга олиб, касаба уюшмаси хизматини янада кучайтириш мақсадида Вилоят кенгашларини тузиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Йиғилишда қатнашчилар томонидан Ҳудудий бўлинмаларни тузиш бир овоздан маъқулланди. Қатор фикр-мулоҳазалардан сўнг «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланди.
– Ижтимоий меҳнат унумдорлиги, халқнинг моддий фаровонлиги машинасозлик саноатининг тараққиёт даражасига боғлиқ. Металлургия ва машинасозлик саноати тармоғи энг нуфузли, юртимиз обрў-эътиборини оширишда катта ўрин эгаллаган соҳалардан биридир, – дейди «UzAUTO Motors» АЖ Хоразм вилояти филиали касаба уюшма қўмитаси раиси Қудратилла Ибодуллаев. – Тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши корхона ва ташкилотларга амалий ёрдам бериш бўйича қатор истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда. Хусусан, тармоқ касаба уюшмасининг 2021 йилдаги фаолияти бўйича устувор вазифалари юзасидан «Йўл харитаси»да ҳозирги кундаги долзарб масалалар ўрин олган. Унда кўрсатилган барча бандларни қўллаб-қувватлаймиз.
Шу куни тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ижроия қўмитаси (Раёсати)нинг 1-йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда ҳудудлар бўйича масъул ташкилотчилар ва бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари раисларига бир қатор вазифалар белгилаб берилиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Салим Абдураҳмонов