[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.01.2021. ёхуд кимнинг ҳақига путур етмоқда?

Касаба уюшмалари тизимида ташкил этилган меҳнат инспекциялари жойларга чиқиб, тартиб-таомилларга «соя» солаётган ҳолатларга чек қўйишда ўзига хос кучга айланмоқда. Масалан, Андижонда ўтган йили 569 та корхонада карантин қоидаларига амал қилиниши юзасидан ўтказилган жамоатчилик назорати тадбирларида 742 та камчилик кўзга ташланди. Турган гапки, улар пайсалга солинмай тезда тузатилди. «Covid-19»га чалинган беморларни даволаган тиббиёт ходимларига тўловларни ҳисоблашда учта ҳолатда хатоликка йўл қўйилган экан. Бу ҳам инспекция ўрганишларида маълум бўлди. Натижада 7 миллион 796 минг сўм маблағ ходимлар фойдасига ундириб берилди.

Пахта терими мавсумида 467 нафар кишининг ҳуқуқлари тикланиб, 162 миллион сўмдан зиёд ҳақлари ундирилган бўлса, нефть-газ ва геология ташкилотларида олиб борилган жамоатчилик назорати жараёнида аниқланган 55 та камчиликнинг барчаси бартараф этилди. Албатта, бу ҳаракатлар қайси бир иш берувчи ёки амалдорнинг «бурнини ерга ишқаш» учун бўлмай, балки меҳнат қонунчилигига бирдек риоя этилишини, ишчи-хизматчиларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш билан бевосита боғлиқдир.
Бир мисол. «Халқ банки»нинг Куйганёр филиалида ишловчи бир гуруҳ ходимлар банк бошқарувчиси томонидан ноҳақ ишдан бўшатилганлигидан норизо бўлиб, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига арз қилишган. Ҳолат бирлашма юридик бўлими ҳамда Касаба уюшмалари Федерация­сининг вилоят бўйича меҳнат ҳуқуқ инс­пектори томонидан ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, филиал бошқарувчиси 2020 йил 22 июндаги буйруғи билан ходимлар – ­Ш.Асронов, Д.Исмоилов, О.Каримов, Ш.Юнусов, И.Турсунбоева, Ш.Маматхўжаева ҳамда А.Камоловлар билан тузилган меҳнат шартномаларини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-банди асосида бекор қилган.
Ҳолбуки, айни вазиятда давлат раҳбарининг 2020 йил 19 мартдаги 5969-сонли фармонининг 16-бандида кўзда тутилган ҳолат – «Коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши» инобатга олиниши шарт эди.
Ушбу жиҳатлар назарда тутилиб, филиал бошқарувчисига қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган бўлса-да, мазкур ҳужжат ижроси таъминланмади. Вазият таранглашгач, низо судгача етиб борди ҳамда вазифасидан ноҳақ бўшатилган ходимлар фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлар­аро судининг ҳал қилув қарори билан ишга тикланди. Шу билан бирга, суд уларга мажбурий прогул вақтлари учун иш ҳақи ундириш шарт деган хулосага келди. Гарчанд, бир муддат ўтиб, банк бошқаруви суд қарорига норозилик билдириб, апелляция шикояти келтирган бўлса-да, биринчи инстанция қарори кучда қолдирилди.
Бозорда сотувчининг тарозиси носоз бўлса, харидорнинг ҳақига путур етади. Меҳнат муносабатларида ҳам шундай: иш берувчининг адолат посангисини тенг тутмаслиги наинки ҳақиқатни букади, балки одамларнинг сарсон-у оворагарчиликларига ҳам сабаб бўлади. Меҳнат инспекцияси эса меҳнат муносабатлари тарозиси ҳеч қачон бузилмаслиги тарафдори.

Ҳабибулло Усмонов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Андижон вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори