18.01.2020. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Фарғонаазот” АЖда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда 14-январь — Ватан ҳимочилари куни муносабати билан “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Ким ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” деган ватанпарварлик ғоясини ўзида мужассам этган маънавий-маърифий учрашув Қуролли Кучлар ҳамда ички ишлар органлари тизими ходимлари ва фахрийлари билан ташкил этилди. Тадбирга Фарғона шаҳар мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ўринбосари подполковник Мириноятов Улуғбек Ўлмасович, заҳирадаги полковник Мамаюсупов Рустамжон Иномович, корхонада фаолият юритаётган Афғон уруши қатнашчилари ва корхонада фаолият юритаётган ёшлар таклиф этилдилар. Унда Фарғона шаҳар мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ўринбосари подполковник Мириноятов Улуғбек Ўлмасович ҳамда заҳирадаги полковник Мамаюсупов Рустамжон Иномовичлар сўзга чиқиб, она Ватанга хизмат, бурчга садоқат, юртга даҳлдорлик сингари фазилатларнинг инсон камолотидаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтдилар. Тадбирда таъкидландики, мамлакатимиз тараққиётининг пойдеворини мустаҳкамлашда фидойи ҳамда ватанпарвар ёшлар муносиб ҳисса қўшиб келяптилар. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда миллий армиямиз ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш жараёни замон талаблари даражасида такомиллаштирилиб борилмоқда.
Учрашувда соҳа фахрийлари ҳарбий хизматнинг ўзига хосликлари ҳақида таълим-тарбия жараёнида “Устоз-шогирд” анъанасининг ўрни, юртга садоқат билан хизмат қилишда ёшлардан талаб этиладиган касбий ва ахлоқий фазилатлар ҳақида сўз юритдилар. Тадбирда корхона ёшлари вакили, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъсис этилган “Меҳр-саховат” кўкрак нишони соҳиби, Қутқарув отряди бўлинма старшинаси Нурмурод Сирожов сўзга чиқиб, ватан ҳимояси, халқ тинчлиги ва ватанпарварлик тўғрисида фикр билдирди ва ўз тенгдошларига бунёдкорлик мақсадида бирлашиб, она ватан учун хизмат қилишга чорлади.
Тадбир жараёнида, “Фарғонаазот” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги муносабати билан бир қатор соҳа фахрийлари ва корхона ходимларига эсдалик совғалари берилди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси